06.12.2015

ШАХС ДАХЛСИЗЛИГИ — СУД ҲИМОЯСИДА

Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний прин­­ципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.

Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади.

 

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, 13-модда.

 

Ҳар қандай давлат тарихида шундай саналар бўладики, уларнинг аҳамияти вақт ўтган сари ортиб бораверади. 1992 йилнинг 8 декабри мустақил Ўзбекистон тарихида муҳим ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга бўлган сана сифатида муҳрланиб қолди. Чунки, шу куни мамлакатимиз Парламенти томонидан Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинди.

Ҳеч шубҳасиз айтиш мумкинки, Конституциямиз бизнинг истиқлолимиз, тинчлигимиз, осойишталигимиз кафолати, жаҳон ҳамжамиятидаги мулоқотларимиз ва амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларимиз асоси, халқаро майдонда Ўзбекистоннинг ўзига хос ташқи сиёсатининг омили, халқимиз шаъни ва шарафининг бош ҳуқуқий муҳофазасидир.

Президентимиз таъкидлаганидек, ҳар қандай давлатнинг юзи, обрў-эътибори унинг Конституцияси ҳисобланади. Зотан, Конституция давлатни давлат, миллатни миллат сифатида дунёга танитадиган Қомусномадир. Шу маънода Асосий қонунимиз халқимизнинг иродасини, руҳиятини, ижтимоий онги ва маданиятини акс эттиради. Конституциямиз том маънода хал­қимиз тафаккури ва ижодининг маҳсулидир.

Иқтисодиётимизни барқарор ривожлантириш, сиёсий, маънавий ва маърифий ҳаётимиз, суд-ҳуқуқ соҳасида улкан ислоҳотларни амалга оширишда ушбу буюк ҳаёт қомусига таяниб иш олиб борилди.

Конституциямизда белгиланган ҳаётий қоидалар ва нормалар асосида мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат, эркин фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг муҳим таркибий қисми бўлган суд-ҳуқуқ тизимида мутлақо янги концепция амалиётга жорий этилди. Жумладан, судлар жиноят, фуқаролик ва хўжалик ишлари бўйича ихтисослаштирилди. Бу эса ўз навбатида, ишларни кўриб чиқиш муддатини қисқартириб, сифати ошишини таъминлади, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтирди. Шунингдек, кассация инстанциясининг тубдан ислоҳ қилингани ва суд ишларини қайта кўришнинг апелляция тартиби жорий этилганини ҳам соҳадаги энг муҳим янгиликлар сифатида эътироф этиш ўринлидир. Судьяликка номзодларни танлаш ва лавозимга тавсия этишнинг энг демократик тамойиллари жорий этилди, ўлим жазоси бекор қилинди, санкция бериш ваколати судларга ўтказилди ва бу каби тарихий чора-тадбирларнинг ҳаётга изчиллик билан татбиқ этилгани суд ҳокимиятининг мустақиллигини мус­таҳкамлаш йўлида муҳим қадамлар бўлди.

Мамлакатимизда жиноий-ҳу­қуқий соҳани либераллаштириш борасидаги ислоҳотлар ҳақида гапирганда, жиноят-процессуал қо­нунчиликка киритилган ўзгартишларга мувофиқ тергов ва шахсни қамоқда сақлаш муддатлари қисқартирилганини таъкидлаш лозим.

Таҳлиллар жорий этилган ана шу янгиликлар биринчи инстанция судлари томонидан йўл қўйилган хатоларни ўз вақтида тузатиш, суд фаолиятида сансоларликка йўл қўймасликнинг муҳим кафолатига айланганини кўрсатмоқда.

Юртимизда ҳуқуқни қўллаш ва суд амалиётига 2001 йилдан бошлаб ярашув институти киритилган бўлиб, айни вақтда у самарали фаолият кўрсатмоқда. Ярашув институтининг талабига кўра, ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноий қилмишни содир этган шахс жабрланувчига етказилган зарарни тўлиқ қоплаб берган тақдирда жиноий жавобгарликка тортилмайди. Ярашув институтини самарали қўллаш натижасида жорий йилнинг ўтган даврида 6,5 минг, бу институт амалиётга жорий қилинганидан буён эса 169 минг нафардан зиёд шахс жиноий жавобгарликдан озод этилди.

Шу ўринда 2008 йилнинг декабрь ойида ишни судга қадар юритиш бос­қичида шахсларга ва маҳкумларга амнистия актини қўллаш ваколати ҳам судга ўтказилганига эътибор қаратиш зарур, деб ҳисоблаймиз. Яъни шу тариқа мамлакатимизда амнистия актини қўллаш масаласи, жиноят процесси босқичидан қатъи назар, фақат суд томонидан ҳал этиладиган бўлди. Зотан, бу муҳим қадам инсоннинг ҳуқуқ ва эркинларини суд томонидан ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтирди.

Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикасида ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисида»ги Фармонига биноан, 2008 йилнинг январидан бошлаб ўлим жазоси бекор қилинди ва унинг ўрнига умрбод ёки узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазо тури жорий этилди.

Шу маънода, Ўзбекистонда ўлим жазосининг бекор қилингани, аввало, конституциявий қоидалар ҳаётга тўла татбиқ этилаётганини англатади. Чунки Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 24-моддасида: «Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир», деб мустаҳкамлаб қўйилган бўлса, 13-моддасига кўра «инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳу­қуқлари олий қадрият ҳисобланади».

Мамлакатимизда ўтган даврда даст­лабки тергов босқичида суд назоратини кучайтириш, мазкур соҳада суд фаолиятини либераллаштириш бўйича ҳам кенг кўламли чора-тадбирлар кўрилди. Бу борада «Хабеас корпус» институтининг жорий этилиши, яъни 2008 йилдан эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи прокурордан судга ўтказилиши принципиал қадам бўлганини таъкидлаш ўринлидир.

Муҳими, бугунги кунда суриштирув, дастлабки тергов ва суд жараёнида «Хабеас корпус» институти самарали қўлланилаётир. Биргина 2014 йил ва 2015 йилнинг биринчи чораги давомида судлар томонидан судларга санкция олиш учун тақдим этилган қамоққа олиш тариқасидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги илтимосномаларнинг элликдан ортиғи рад этилгани — бу жараёнда инсон ҳуқуқлари самарали муҳофаза қилинаётганини тасдиқлайди.

Шунингдек, қамоққа олишга санк­ция бериш эҳтиёт чораси, лавозимдан четлаштириш ва шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чораларини фақат судьянинг санкцияси асосида қўллаш тартибининг белгиланганлиги, авваламбор, фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиз эканлиги, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмаслиги ҳақидаги конституциявий норманинг амалда рўёбга чиқишининг яққол ифодасидир.

Ўтган даврда мамлакатимизда иқтисодиёт соҳасидаги жиноят ишлари бўйича қамоқ ва озодликдан маҳрум этиш жазолари ўрнига жарима шаклидаги иқтисодий санкцияни қўллаш имконияти ҳам тубдан кенгайтирилди. Жиноий жазо тизимидан инсонпарварлик тамо­йилларига мутлақо зид бўлган мол-мулкни мусодара қилиш тарзидаги жазо тури чиқариб ташланганига ҳам эътибор қаратиш мақсадга мувофиқдир.

Табиийки, бу ислоҳотлар ўз самараларини амалда яққол намоён этмоқда. Жумладан, 2014 йили озодликдан маҳрум қилинган шахс­лар сони 2000 йил билан солиштирганда икки баробар камайди. Жиноий жазолар либераллаштирилганидан буён 768 миллиард сўмдан ортиқ моддий зарарнинг ўрнини ихтиёрий равишда қоплаган 31 минг 800 нафардан зиёд шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар та­йинланди.

2015 йил 11 августдан кучга кирган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун асосида мамлакатимиз жиноят қонунчилигига навбатдаги муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Айтиш мумкинки, бу Қонун мамлакатимиз суд-ҳуқуқ соҳасида рўёбга чиқарилаётган ислоҳотларга янгича мазмун бағишлайди.

Ушбу ўзгартиш ва қўшимчалар, шу жумладан, озодликни чеклаш деб номланган янги жазо чорасининг жорий этилиши жиноий жазолар тизимини янада такомиллаштиришга, эркинлаштиришга ва инсонпарварлик руҳи билан уйғунлаштиришга қаратилган.

Аҳамиятли жиҳати шундаки, миллий қонунчиликка киритилган бу ўзгартиш ва қўшимчалар жазонинг адолатлилик принципини янада тўлиқ рўёбга чиқаришга, айбдор шахсларни жамиятдан кескин ажратмаган ҳолда уларнинг қаттиқ пушаймон бўлиши ва тузалиши учун зарур шарт-шароитлар яратишга, моддий ва маънавий зарарнинг ўрнини қоплашга кўмаклашади.

Хулоса қилиб айтганда, истиқлол йилларида мамлакатимизда суд тизимининг мустақиллигини таъминлаш, фуқароларнинг дахлсиз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноят ва жиноят қонунчилигини либераллаштириш, одил судловнинг амалда мустақиллигига эришиш бўйича кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилди. Буларнинг ҳаммаси Конс­титуциямизда белгиланган ҳаётий нормаларнинг рўёбга чиқишига хизмат қилади.

 

Олимжон ЎСАРОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Ахборот хизмати раҳбари.



DB query error.
Please try later.