06.12.2015

Ватанимизнинг юксак мукофотлари топширилди

Президентимиз Ислом Каримов 5 декабрь куни Оқсаройда бир гуруҳ юртдошларимизга Ватанимизнинг юксак мукофотларини топширди

Давлатимиз раҳбарининг фармонларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 24 йиллиги арафасида мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантиришга катта ҳисса қўшган, эл-юртимиз тинчлиги ва осойишталигини мустаҳкамлашда фидойилик кўрсатган, жамиятимизнинг ижтимоий-иқтисодий, илмий-техник ва маънавий-маърифий ҳаётида алоҳида эътиборга сазовор бўлган бир гуруҳ юртдошларимиз давлат мукофотлари – фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланган эди. 

Оқсаройда 5 декабрь куни ана шу юксак мукофотларни тантанали топшириш маросими бўлди. 

– Бугун мана шу муҳташам залда сиз, азизларни Конституция куни билан табриклаб, сизларга самимий ҳурматимни изҳор этиб, барчангизга сиҳат-саломатлик, тинчлик-омонлик, янги-янги омадлар тилашга ижозат бергайсиз, – деди Ислом Каримов. – Бугунги учрашувимиздан асосий мақсад – сиз, азизларга Ватанимизнинг мукофотларини – юксак унвон, орден ва медалларни топшириш, сизларни табриклаш, мен учун ўта шарафли вазифани адо этишдир. 

Сизларнинг тимсолингизда давлат мукофотларига сазовор бўлган барча юртдошларимизга ҳам, ғойибона бўлса-да, чин қалбимдан чуқур ҳурматимни, эзгу тилакларимни билдириш ва қутлаш – менга катта мамнуният ва хурсандчилик етказади. 

Бугун одатларимиз қаторига кириб қолган Конституциямиз куни арафасида учрашиб, ўтган давр мобайнида биз олдимизга қўйган устувор вазифамизга эришиш йўлида, яъни дунёдаги энг ривожланган демократик давлатлар қаторига чиқиш, халқимизнинг ҳаёт даражаси, сифати, обрў-эътиборини юксалтириш мақсадида қўлга киритган марралар ва ютуқлар, шу билан бирга, янги режаларимиз ҳақида, ҳаётимизга катта таъсир ўтказган воқеаларни эслаб ўтамиз, деди Президентимиз. 

Агар якунига етаётган йилимиз ҳақида гапирадиган бўлсак, бу йил халқимиз учун омадли, хосиятли келди, Ватанимиз равнақи, ислоҳотларимизни янада чуқурлаштириш ва самарасини ошириш борасида улкан ютуқ ва натижаларга эришдик. 

Саноат, қурилиш ва транспорт, қишлоқ хўжалиги, кичик бизнес ва тадбиркорлик, илму фан, таълим-тарбия, ижтимоий тармоқлар, бир сўз билан айтганда, қайси соҳани олмайлик, барқарор ва изчил ўсиш суръатларини яққол кўриш, кузатиш мумкин. 

Қишлоқ хўжалиги соҳасида 7 миллион 500 минг тоннага яқин ғалла, 3 миллион 350 минг тонна пахта ҳосилини қисқа муддатда йиғиштириб олиб, мавсумни ёруғ юз билан якунлаганимиз, шунингдек, пиллачилик, чорвачилик, мева-сабзавот каби тармоқларда ҳам салмоқли натижаларга эришганимизни ҳисобга оладиган бўлсак, ўз ишимиздан рози бўлишга барча асосларимиз бор, деди давлатимиз раҳбари. 

Бунинг тасдиғи сифатида иқтисодиётимиз барқарор суръатлар билан ривожланаётгани барчамизни қувонтиради. Халқаро миқёсда саноқли давлатлар қаторида охирги 11 йил давомида ялпи ички маҳсулотимиз ўсиши 8 фоиздан кам бўлмасдан келаётгани жаҳон тажрибасида камдан-кам учрайдиган ҳодиса, десак, ҳеч қандай хато бўлмайди. 

Айниқса, жорий йилда юртимизда энг замонавий технологияларга асосланган, иқтисодиётимизнинг локомотиви бўлган йирик корхоналар фойдаланишга топширилгани мамлакатимиз тараққиёти йўлида алоҳида ўрин олади. Сурғил кони негизида қиймати 4 миллиард доллардан зиёд бўлган Устюрт газ-кимё мажмуаси ишга туширилаётгани, Самарқанд автомобиль заводида Германия билан биргаликда дунёда ном қозонган “MAN” русумли оғир юк ташийдиган машиналар ва автобусларни, Япония шериклигида “Isuzu” автобусларини, шунингдек, Хоразмда “Orlando” ва “Damas” автомашиналарини ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани бу борада улкан қадам бўлди, деди Юртбошимиз. 

Юқори тезликда ҳаракат қиладиган, электрлаштирилган темир йўлимизнинг Тошкент шаҳридан Қаршигача етиб боргани, насиб этса, бу йўл янги йилда Бухорога етиб бориши – бундай ишларимиз рўйхатини яна давом эттириш мумкин – буларнинг барчаси аҳолимизнинг ҳаёт даражасини янада яхшилаш, одамларимизни рози қилишда, халқаро майдонда обрўйимизни оширишда, ҳеч шубҳасиз, беқиёс ҳисса бўлиб қўшилади. 

Шаҳар ва қишлоқларимизнинг қиёфаси тобора ўзгариб, бозор ва дўконларимизда серобчилик ва арзончилик ҳукм сураётгани, ойлик маошларнинг изчил ошиб бораётгани, юртдошларимизнинг бугунги ҳаётидан кўнгли тўқ бўлиб, эртанги кунга ишончи тобора ортиб бораётгани ҳақида албатта кўп гапириш мумкин. 

Халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини, чегараларимиз дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш йўлида тоғдек таянч бўлиб келаётган жасур ва фидойи ҳарбийларимиз, ҳуқуқ-тартибот ходимларининг мардонавор хизмати туфайли юртимизда осуда ҳаёт ва барқарорлик ҳукм сурмоқда ва бу бизнинг энг катта, бебаҳо бойлигимиздир, деб таъкидлади Ислом Каримов. 

Айниқса, одамларимизнинг онгу тафаккури, дунёқараши ўзгариб, эгалик ҳиссиёти, уларнинг ён-атрофдаги воқеаларга дахлдорлиги, фуқаролик ва сиёсий фаоллиги кучайиб бораётгани, бу юрт, бу замин – меники, унинг келажаги менинг меҳнатимга, менинг қўшаётган ҳиссамга боғлиқ, деган қараш билан яшаётгани, ватанпарварлик туйғуси юксалиб бораётгани бугун эришаётган барча ютуқларимизнинг энг муҳим омили бўлмоқда, десам, ўйлайманки, сизлар ҳам бу фикрга қўшиласиз. 

Шу борада эски қолип ва қарашлардан холи бўлган, мустақил фикрлайдиган, замон талаб қилаётган билим ва касб-ҳунарларни эгаллаётган, дунёдаги тенгдошлари билан ҳар қандай беллашувга тайёр бўлган ёш авлодимиз – бизнинг фарзандларимизнинг ҳал қилувчи куч бўлиб минбарга чиқаётгани, ҳеч шубҳасиз, эртанги кунимизнинг, эркин, демократик жамият ва фаровон ҳаётимизнинг кафолати, десам, ҳеч қандай хато бўлмайди. 

Президентимиз халқаро аҳвол ҳақида тўхталар экан, бугунги кунда бизнинг ўта нотинч ва таҳликали замонда яшаётганимиз, узоқ ва яқин атрофимизда қарама-қаршилик, зиддият ва қон тўкишлар, жаҳон миқёсида иқтисодий инқирозлар тобора кучайиб, вазият янада кескинлашиб бораётгани барчамизни катта ташвиш ва хавотирликка солмасдан қўймайди, деб таъкидлади. 

Бундай мураккаб шароитда турли бало-қазоларни остонамизга йўлатмаслик, уларнинг олдини олиш, бугун биз кечираётган тинч ва осуда ҳаётга етказгани учун Яратганга шукроналар билдириб, мусаффо осмонимизни кўз қорачиғидек асрашни ҳар биримиз чуқур англамоқдамиз, янада сезгир ва огоҳ бўлишимиз зарурлигини яхши тушунмоқдамиз. 

Шу борада ғоят муҳим бир масалага, тарихимизда, бугунги ҳаётимизда ҳам ўз тасдиғини топган ҳақиқатга эътиборингизни тортмоқчиман, деди Ислом Каримов. 

Агар биздан, кўҳна тарихимиз давомида эл-юртимизнинг қанча-қанча суронли ва бўронли синовлардан эсон-омон ўтишида уни асраб-авайлаган, унга куч-қувват берган нарса нима, деб сўраса, жавоб битта бўлишига ишонаман. Яъни, асрлар мобайнида бошидан қандай оғир кунлар ўтган бўлмасин, халқимиз бир тану бир жон бўлиб, ҳар қандай офат ва балоларга қарши курашган, ҳеч қачон бўш келмаган, халқимизга мансуб мардлик ва матонат, қатъият, азму шижоат кўрсатган, жонини фидо қилишга тайёр бўлиб майдонга чиққан. 

Шу билан бирга, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, бағрикенглик каби ноёб хусусиятлар бу йўлда эл-юртимизга таянч бўлган. Бунга тарихдан кўп-кўп мисолларни олиб келиш қийин эмас. 

Бизни ўзгалардан ажратиб турадиган айни шундай фазилатлар ҳар доим халқимизга мадад бериб, бугунги кунда ҳам олдимизда қандай мураккаб муаммолар турган бўлмасин, уларни мардона енгиб ўтиш, дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаган, адолатли давлат ва жамият қуришда бизга куч-қувват, эртанги кунимизга ишонч бағишлаб келмоқда. 

Бундай халқимизга хизмат қилиш, бутун борлиғини сафарбар этиш ҳақиқатан ҳам энг катта саодатдир, деди давлатимиз раҳбари. 

Сўнгра Президентимиз давлат мукофотларини тантанали равишда топширди. 

– Бугун сизларнинг очиқ чеҳрангиз, бахтиёр кўзларингизни, сизлардаги баланд руҳни кўриб, очиғини айтсам, гўёки ўзим ҳам мукофот олгандек хурсанд бўлиб турибман, – деди Ислом Каримов. – Менинг ниятим, тилагим битта: кўксингизга ярашиб турган бу мукофотлар барчангизга буюрсин, сизларни янги-янги ютуқ ва марраларга руҳлантирсин. 

Ҳалол меҳнат билан мана шундай юксак қадр топиш, элу юртимиз ардоғида бўлиш барчамизга насиб этсин. Ватанимизни, халқимизни доимо Яратганнинг ўзи асрасин! Барчангизга сиҳат-саломатлик, ишларингизга ривож, хонадонларингизга файзу барака тилайман, деди пировардида давлатимиз раҳбари. 

Тақдирланганлар номидан сўзга чиққан Ўзбекистон Қаҳрамони, “Нуроний” жамғармасининг Андижон вилояти бўлими раиси Таваккал Топволдиев, Ўзбекистон Республикаси халқ артисти, Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқий театри актёри Мирзажон Азизов, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист, Ўзбекистон академик рус драма театри актёри Олег Галахов, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фуқаро авиацияси ходими, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси бош директорининг ўринбосари Геннадий Харлап, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби, Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Кенес Каримов, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби, “Давсувхўжаликназорат” инспекциясининг Хоразм вилояти бўйича инспектори Кенжабой Ортиқов, “Шуҳрат” медали соҳиби, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг Сурхондарё вилояти Кенгаши қошидаги “Ёшлар маркази” тўгарак раҳбари Нафосат Қурбонова, “Шуҳрат” медали соҳиби, бокс бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси аъзоси Бектемир Мелиқўзиев давлатимизнинг ушбу юксак мукофотлари уларга янада куч-ғайрат бағишлашини, Ватанимиз тараққиёти йўлида янги марраларни эгаллашга ундашини таъкидлади, юксак эътибори ва ғамхўрлиги учун Президентимиз Ислом Каримовга самимий миннатдорлик билдирди. 

ЎзА 


DB query error.
Please try later.