05.12.2015

ДАВЛАТ ВА ЖАМИЯТ ҒАМХЎРЛИГИ

Шунинг учун мамлакатимизда инсон манфаатини ҳимоя қилиш, барча фуқаролар муносиб турмуш кечириши учун кенг шароит яратиш, имконияти чекланган кишилар кам таъминланганлар давлат ҳамда жамият эътиборидан четда қолмаслиги учун тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Қонунчиликка кўра, давлат ногиронларнинг ижтимоий ёрдамга эҳтиёжларини ҳисобга олади, ногиронларни реабилитация ва ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича тегишли дастурларни амалга оширади, ногиронларнинг жамият ҳаётида қатнашиши учун шароит яратади, улар камситилишига йўл қўймаслик чораларини кўради. Шулардан келиб чиқиб, мамлакатимизда кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Ногиронларни протез-ортопедия маҳсулотлари ва реабилитация техник воситалари билан таъминлаш жараёни изчил давом этяпти. Жисмоний имконияти чекланган фуқароларни ногиронлик аравачалари, эшитиш мосламалари, ҳасса ва қўлтиқтаёқлар билан таъминлаш ишлари изчил олиб борилмоқда.

Мамлакатимиз Конституцияси, «Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Таълим тўғрисида»ги, «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги бир қатор қонунлар ва Меҳнат кодекси, шунингдек, бошқа кўплаб ҳужжатларда ёрдамга муҳтож инсонларга ғамхўрлик кўрсатиш масаласининг ҳуқуқий асослари ўз ифодасини топган.

Албатта, ногиронларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қи­лиш жамиятда ижтимоий мувозанатни сақлаш, ижтимоий адолат принципини қарор топтиришда муҳим аҳамиятга эга. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон ХДП ҳам дастурий мақсадларига мувофиқ равишда мазкур жараёнда фаол иштирок этишга ҳаракат қилаяпти.

Маълумки, партиямиз дастурий мақсадларида жисмоний имконияти чекланган фуқароларни ижтимоий муҳофаза қилиш масалалари алоҳида ўрин тутади. Жумладан, Ўзбекистон ХДП Сайловолди дастурида меҳнатга лаёқатсиз ногиронларнинг ижтимоий эҳтиёжларини тўлақонли қондириш, ногиронлар меҳнат қилиши учун шароитлар яратиш бўйича муҳим вазифалар белгиланган. Шунинг учун партия ташкилотлари ва депутатлар ўз фаолиятида ногиронларнинг ижтимоий муҳофазасини янада кучайтириш, турмуш даражасини ошириш, ижтимоий хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, даволаш-профилактика хизматини кенгайтириш, уй-жой ҳамда маиший шароитларини яхшилашга катта эътибор қаратиб келмоқда.

Ўтган йили партия Марказий Кенгаши ҳамда Ўзбекистон ногиронлар жамияти билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди. Унга кўра, 2014 йил ва ундан кейинги йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси белгилаб олинди.

Унда минтақавий партия ташкилотлари ва Ўзбекистон ногиронлар жамиятининг минтақавий бўлимлари иштирокида «Ногиронларнинг ижтимоий муҳофазаси, амалга оширилаётган ижобий ишлар, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими» мавзусида семинар – тренинглар ўтказиш, жисмоний имконияти чекланган кишиларга маиший, уй-жой, коммунал, қурилиш, таъмирлаш, транспорт ва хизмат кўрсатишнинг бошқа соҳаларида кўрсатилаётган хизмат турларининг қонун ҳужжатларига асосан бажарилиши ҳолати юзасидан мониторинг олиб бориш бўйича муҳим чоралар ишлаб чиқилди.

— Мамлакатимиз мустақилликка эришгандан сўнг ногиронларни ижтимоий ҳимоялаш, улар ҳамма қатори яшаши, таълим олиши ва ишлашига эътибор кучайди. Бу борада қилинган ишларнинг барчаси жисмоний имконияти чекланган кишиларни нафақат қўллаб-қувватлаш, балки уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишига хизмат қилмоқда, — дейди Ўзбек­ис­тон ХДП Марказий Кенгаши сектор мудири Акмал Турсунбоев — Бу масала бевосита партиямиз дастурий мақсадларига ҳамоҳанг бўлгани учун биз мазкур йўналишдаги ишларни янада кучайтиришга катта эътибор қарат­япмиз. Хусусан, Қорақалпоғистон республикаси, Андижон, Бухоро, Жиззах, Самар­қанд, Сирдарё, Сурхондарё ва Фар­ғона вилоятларининг бир қатор туманларида «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастурида 1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчилари, ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш бўйича белгиланган вазифалар ижроси тўғрисида»ги масалалар сессиялар муҳокамасига олиб чиқилди.

Шунингдек, Ўзбекистон ХДПнинг 2015-2019 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дас­турига асосан шу кунга қадар 14 масала сессиялар муҳокамасига киритилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди. Бу ишлар жисмоний имконияти чекланган фуқаролар манфаатини, конс­титуциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон ХДП ташаббуси билан жойларда ўтказилаётган қатор лойиҳаларда ногиронларнинг муносиб шароитда яшаши, таълим олиши ва меҳнат қилиши билан боғлиқ масалалар қамраб олинган. Жумладан, «Маҳалла — аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази», «Кексаларнинг фаровон ҳаёти учун масъулмиз» каби лойиҳалари давомида ўтказилган тадбирларда ногиронларга пенсия ва нафақаларнинг ўз вақтида берилиши устидан назорат ўрнатилиб, жойларда уларни ўйлантириб келаётган масалалар бўйича мониторинг ишлари олиб борилди. Бундан ташқари, қўлидан иш келадиган жисмоний имконияти чекланган кишилар ўз ишини йўлга қўйиши учун кўмаклашилди.  

— Ҳар бир инсон яхши яшашга, дунёни билишга ҳақли, албатта. Шу маънода олиб қарасак, жисмоний имконияти чекланган фуқароларни қўллаб-қувватлаш жамиятда меҳр-мурувват, оқи­бат ҳамда ҳамжиҳатлик муҳитининг барқарорлигини таъминлаш, ижтимоий адолат тамойилларини қарор топтиришда муҳим омил бўлмоқда, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Ёқуб Умаров. —   Жисмоний имконияти чекланган кишиларнинг тўлақонли ҳаёт кечиришларини таъминлашга қаратилган қонуний асослар тобора такомиллашиб боряпти.

Мазкур масала бевосита партиямиз Сайловолди дастурига ҳамоҳанг бўлгани учун фракциямиз бу борада  меъёрий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш устида иш олиб бормоқда. Албатта, мазкур вазифаларнинг самарали ҳал этилиши жисмоний имконияти чекланган фуқаролар ҳам ҳаётдан рози бўлиб яшаши, барча қатори фаровон турмуш кечиришини таъминлашга хизмат қилади, деб ўйлайман.

Яқинда бўлиб ўтган сайловчилар билан учрашувларда фуқаролар ва партия етакчилари билан суҳбатлашганимизда, Ўзбекистон ХДП ўзининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлари орқали аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига тиббий-санитария ёрдамини кўрсатиш билан боғлиқ тегишли қонунлар ва бошқа давлат қарорларининг бажарилиши устидан тизимли депутатлик ва жамоатчилик назорати ўрнатилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтишди.

Шунингдек, партия Жамоатчилик қабулхоналарига ногиронларнинг ижтимоий муҳофазаси билан боғлиқ масалаларда ҳам мурожаат бўляпти.  Мисол учун, яқинда халқ депутатлари Фар­ғона вилоят Кенгаши депутати Акрамжон Юлбарсовга Боғдод тумани Зафар­обод қишлоғида яшовчи болаликдан ногирон Дилором Жумаева ва Ўлмасхон Парпиева ногиронлик аравачаси олиш бўйича ёрдам сўраб мурожаат қилган эди. Депутат мутасадди ташкилотлар ва ҳомийлар кўмагида уларга 2 дона аравача олиб бериш ишларига бош-қош бўлди. Албатта, бундай  мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Барча ишлардан мақсад, мамлакатимизда инсон манфаатлари ҳимояси самарадорлигини ошириш,  пировардида, партия Сайловолди дастури ижросини таъминлашдан иборат.

 Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.