03.12.2015

ХОТИН-ҚИЗЛАР ЭРКИНЛИКЛАРИ ТАЪМИНЛАНМОҚДА

Пойтахтимиздаги «Le grand plaza» меҳмонхонасининг мажлислар залида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Фуқаролар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази, БМТнинг Аҳолишунослик жамғармасининг юртимиздаги ваколатхонаси ҳамкорлигида мамлакатимиз аёлларининг манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш мавзусида анжуман бўлиб ўтди.

Унда таъкидланганидек, Конституциямизда хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқли экани белгилаб қўйилганлиги, шу асосда қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ҳаётга самарали татбиқ этилаётгани аёлларнинг фаоллиги ошишига хизмат қилмоқда.

Шунингдек, мамлакатимизда БМТ­нинг Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига бар­ҳам бериш тўғрисидаги, Хотин-қизларнинг сиёсий ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциялари каби қатор халқ­аро ҳуқуқий ҳужжатлар ратификация қилинган. Уларда илгари сурилган мақсад ва вазифалар ижроси таъминланаётгани натижасида хотин-қизларнинг давлат ва жамият бошқарувида иштироки кенгайиб бормоқда. Жумладан, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги қонунга мувофиқ депутатликка номзодларнинг камида 30 фоизи аёллар бўлиши кераклиги ҳақида квота жорий қилинди.

 Анжуманда БМТнинг Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси, Пекин декларация­си ва Хотин-қизлар аҳволини яхшилаш бўйича ҳаракатлар платформаси доирасида амалга оширилган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Мамлакатимиз хотин-қизлари таълим, соғлиқни сақлаш, илм-фан ва маданият соҳаларида катта ютуқларга эришаётгани алоҳида қайд этилди.

Тадбир иштирокчилари хотин-қизлар манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ишларининг самарадорлигини янада ошириш борасида ўзаро фикр алмашишди. 

 

Абдусалим МАҲМУДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.