03.12.2015

ФУҚАРОЛАРНИНГ МЕҲНАТГА ОИД ҲУҚУҚЛАРИ

Адолатли ва хавфсиз шароитларда меҳнат қилиш фуқароларнинг энг муҳим инсоний, конституциявий ҳуқуқларидан биридир.

Конституциямизнинг 37-моддасида «Ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгадир», деб кўрсатилган. Ушбу ҳуқуқнинг амалда таъминланиши аҳоли турмуш фаровонлигида муҳим ўрин тутади.

Меҳнат муносабатлари чоғида ёлланиб ишловчи ходимларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Меҳнат кодекси, қонунлар ва бош­қа қонун ҳужжатлари, шунинг­дек, корхона меъёрий ҳужжатлари, ходим билан тузилган меҳнат шартномасида ўз ифодасини топади. Мазкур ҳужжатлар асосида ходимнинг манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан зарур иқтисодий, ташкилий ва ҳуқуқий чоралар кўрилади.

Бунда, энг аввало, ходим ўз ҳуқуқлари ҳимоя этилишини иш берувчига, ходимлар вакиллик органига, давлат меҳнат ҳуқуқий инспекторига мурожаат қилиш орқали ёки бевосита судга даъво аризаси тақдим этиш йўли билан талаб қилиши мумкинлиги тўла кафолатланганлиги муҳим аҳамиятга эга.

Ходимлар учун меҳнат ҳуқуқлари ва кафолатларнинг энг кам даражаси Меҳнат кодекси ҳамда унинг асосида қабул қилинган бошқа қонун ҳужжатлари билан белгиланиб, улар фуқароларнинг адолатли ва хавфсиз шароитларда ишлашга доир конс­титуциявий ҳуқуқларини тўла рўёбга чиқаришга қаратилган.

Меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш деганда, ваколатли давлат ёки жамоат органи томонидан кўрилиши лозим бўлган иқтисодий, ташкилий, ҳуқуқий чора-тадбирлар назарда тутилади. Меҳнат қи­лиш ҳуқуқларини ҳимоя қи­лиш усул ва воситалари қонун ҳужжатлари билан белгиланган бўлиб, ҳуқуқларни тан олиш, шартномани ҳа­қиқий эмас деб топиш, ҳуқуқ бузилиши юз беришидан олдинги ҳолатни қайта тиклаш, етказилган моддий ва маънавий зарар ўрнини қоплаш, айбдорни муайян ҳаракатларни амалга оширишга мажбур қилиш каби кўринишларда бўлиши мумкин. Меҳнат ҳу­қуқлари ҳам бошқа ҳар қандай ҳуқуқлар сингари ҳимоя қилинади.

Конституциямизда фуқаролар ўз ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоя этилишини сўраб, давлат ёки жамоат органларига, уларнинг мансабдор шахсларига ёзма ёки оғзаки ариза, шикоят билан мурожаат қилишга ҳақли эканликлари, уларнинг ариза ва шикоятлари белгиланган тартибда қабул қилиниши, кўриб чиқилиши ҳамда тегишли муддат давомида ҳал этилиб, унга ёзма жавоб берилиши кафолати мустаҳкамланган.

Шунингдек, Бош қомусимизда иш жойи, касб ва маш­­ғ­улот турини танлашни тўла кафолатлайдиган эркин меҳнат қилиш ҳуқуқи — шахс­нинг энг муҳим ижтимоий ҳуқуқларидан бири сифатида белгиланган.

Ходимга боғлиқ бўлмаган ҳолатлар туфайли меҳнат шартномаси бекор қилинганида ишдан бўшатилаётган ходимга қўшимча кафолатлар берилиши фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари ва манфаатлари ҳимояланишига қаратилгани билан муҳим аҳамиятга эгадир.

Конституциямизга мувофиқ, фуқароларга кафолатлаб қўйилган меҳнат қилиш ҳуқуқининг корхона ва ташкилотларда ишга ёлланиш асосида амалга оширилиши ходим ва иш берувчи ўртасида белгиланган тартибда меҳнат шартномаси тузиш йўли билан амалга оширилади.

Меҳнат қонунчилигида ишни таълим билан қўшиб олиб бориш назарда тутилган бўлиб, давлат ва жамият фуқароларнинг илм олиши, касб ўрганиши, ўз касбий маҳорати ҳамда малакаларини оширишларини ҳар томонлама рағбатлантиради, қўллаб-қувватлайди.

Умуман олганда, ҳар бир фуқаро меҳнат муносабатларини амалга оширишда ўзининг конституциявий ҳуқуқ ва мажбуриятларини англаб, унга риоя қилиши долзарб аҳамият касб этади.

 

Айимгул ЮСУПБАЕВА,

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари.



DB query error.
Please try later.