03.12.2015

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯСИ – МУВАФФАҚИЯТЛИ ҲАМКОРЛИКНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСИ

Ўзбекистон Республикасининг Конс­титуцияси халқаро демок­ра­тик принципларга мослиги, барча соҳа ўз ифодасини топгани билан мамлакатимиз фуқаро­ларининг ҳуқуқ ва манфаатларини таъ­мин­ла­моқда. Буни хорижлик­лар ҳам алоҳида эътироф этмоқ­да.

Жонг Вей ЦИАНГ, «Sinotrans Landbridge Transportation» компания­сининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси менежери (Хитой):

— Компаниямиз Хитой тўқимачилик корхоналарига пахта толаси етказиб бериш билан шуғулланади. Бу борада Ўзбекистон билан фаол ҳамкорлик қилиб келамиз. Шу мақсадда Тошкентда ўз ваколатхонамизни очганмиз. Ўзбекистонда барча соҳалар қатори пахтачилик ва тўқимачилик саноати ҳам изчил ривожланаётгани, соҳага энг замонавий технологиялар жорий этилаётганини алоҳида таъкидлашни истардим. Мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик ҳар соҳада юксак суръатларда ривожланиб бораётгани бизни қувонтиради.

Инсон қайси мамлакатда бўлса, ўша давлатнинг қонун-қоидаларини билиши ва уларга риоя этиши лозим. Мен ҳам Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини, фаолиятимиз соҳасига оид ҳуқуқий ҳужжатларни яхши ўргандим. Ўзбекистон Бош қомусида чет эл фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликлари халқ­аро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ таъминланиши белгиланган. Бу мамлакатингизда инсон манфаатлари улуғлангани, халқаро алоқаларга кенг йўл очилганидан далолатдир.

Ким Юн СУК, «Шиндонг Энерком» компанияси президенти, «Корея Республикаси — Ўзбекистон» дўстлик ассоциацияси раиси (Жанубий Корея):

— Ўзбекистонда бизнесимизни 1991 йилда йўлга қўйганмиз. Мамлакатингиздаги иқтисодий ривожланиш босқичларига бевосита гувоҳмиз. Ўзбекистонда Президент Ислом Каримов раҳнамолигида эркин бозор иқтисодиётига босқичма-босқич ўтиш борасида ғоят оқилона ­сиёсат юритилди.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси асосида мамлакатингизда тинчлик-тотувлик, тенг ҳуқуқ­лилик таъминланмоқда. Ҳамма эркин касб танлаб, ўз режа ва мақсадларини амалга оширишга муваффақ бўлмоқда. Бунинг натижасида Ўзбе­кистон иқтисодиёти бар­қарор ривожланмоқда.

Конституцияда кафолатланган мулкдорлик ҳуқуқи, қонун билан мустаҳкамланган имтиёз ва преференциялар хорижий инвесторларнинг мамлакатингиз иқтисодиётига қи­зиқишини оширмоқда. Амалга оширилаётган хусусийлаштириш ва корпоратив бош­қарувни ривожлантириш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш ва диверсификациялаш жараёнлари натижасида Ўзбекистон иқтисодиёти янада жадал тараққий этишига ишонамиз.

Муҳаммад АЛ-МАНДИЛ, «ManCapita» компанияси раҳбари (Баҳрайн):

— Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида иқтисодий фаолият, тадбиркорлик, мулкдорлик ҳуқуқларига алоҳида эътибор қаратилгани аҳамиятлидир. Унда ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли экани, мулкдор мулкига ўз хоҳишича эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқига эга экани белгилангани мамлакатингизда мулкчилик қонун билан ҳимоя қилинишининг ҳамда бу ерда фаол бизнес юритиш учун эркин йўл очиб берилганининг яна бир ёр­қин исботидир. Ишбилармонлик соҳасида қатор қонунлар қабул қилиш орқали мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилган ва улар ҳаётда ўз амалий ифодасини топмоқда. Бу Ўзбекистон иқтисодиётининг чет эллик сармоядорлар учун жозибадорлигини тобора оширмоқда.

Компаниямиз инвестиция соҳасида иш юритади. Қатор мамлакатларда, жумладан, Тошкентда ҳам ўз ваколатхонамизга эгамиз. Ўзбекистон билан муқобил энергетика, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш ҳамда саноат соҳасида яқин ҳамкорлик қилмоқдамиз. Келгусида Ўзбекистонда бошқа истиқболли соҳаларга ҳам сармоя киритишни мақсад қилганмиз. Зотан, бу заминда бизнес учун барча қулай шароит, тинчлик ва бар­қарорлик мавжуд.

 

ЎзА мухбирлари

Ирода УМАРОВА,

Нодира МАНЗУРОВА

ёзиб олди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: