03.12.2015

СЕССИЯДА МУҲИМ МАСАЛА КЎРИБ ЧИҚИЛДИ

Бозори обод элнинг дастурхони файзли, турмуши фаровон бўлади. Бундан ўн беш, йигирма йил аввалги бозорларимиздаги шароит билан ҳозирги бозорлар, замонавий савдо мажмуалари ўртасида ер билан осмонча фарқ бор, албатта. Бугун харидорлар учун ҳам, сотувчилар учун ҳам ҳар томонлама қулай шароитлар яратилган.

Савдо мажмуалари фаолиятини тартибга солиш ва ривожлантириш, уларни ҳар жиҳатдан сифатли, харидоргир маҳсулотлар билан тўлдириш, ободонлаштиришга катта эътибор қаратилмоқда. Замонавий кўринишда қурилган бозорларнинг файзу тароватини кўриб кўнгил тоғдек кўтарилади. Савдо шохобчаларида терминал тармоғи ва онлайн тўловлар жорий қилингани одамларга яна бир қулайлик туғдирди. Хўш, бугун бозорлардаги савдо шохобчалари терминаллар билан тўлиқ таъминланганми? Аҳоли бу борада қийинчиликларга дуч келмаяптими? Тизимда кузатилаётган айрим камчиликларни бартараф этиш учун қандай чоралар кўриш керак?

ЎзХДП гуруҳи шу масалаларни халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгаши сессиясида муҳокама қилиш ташаббус билан чиқди.

Маълумки, бугунги кунда тўлов терминалларини қўллаш, улар ёрдамида харидор ва мижозларга сифатли хизмат кўрсатишнинг қонуний тартиблари мавжуд. Савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини тўлов терминаллари билан жиҳозлаш ва аҳоли билан ҳисоб-китобларни амалга ошириш мақсадида Марказий банк ва Давлат солиқ қўмитаси томонидан тегишли тартиб белгиланган.

Фуқаролар билан ўтказилган сўровномалар ва жамоатчилик қабулхоналарига келиб тушаётган мурожаатлар ­Наманган шаҳридаги «Сардоба», «Чорсу», «Яшил», «Жаҳон», «Дўстлик» бозорлари, «Ихтисослаштирилган қурилиш савдо комплекси»да ютуқлар билан бирга айрим камчиликлар ҳам борлигини кўрсатди.

Тўлов терминали — бу товарлар (ишлар, хизматлар) учун тўловларни банк пластик карточкаси орқали нақд пулсиз кўринишда ҳисоб-китоб қилиш имкония­тини берувчи ва бажарилган операция­лар бўйича чекларни шакллантирувчи қурилма ҳисобланади. Бу турдаги терминаллар ўрнатилган савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда тўловларни, албатта, қабул қилишлари зарур.

Сессияда депутатлар, соҳа мутахассислари ва мутасаддилари иштирокида мазкур масала, ютуқ ва камчиликлар, келгуси вазифалар атрофлича муҳокама қилинди. ЎзХДП гуруҳи аъзолари тегишли ижтимоий сўров пайтида аҳоли томонидан бозорлар ҳудудида мева-сабзавот, зираворлар билан савдо қилувчи дўконларда тўлов терминаллари ўрнатиш, терминал билан жиҳозланган дўконларда эса уларнинг доимий ишлашини таъминлаш бўйича берилган таклифларни ўртага ташлашди.

— Ушбу масалага эътибор қаратишдан асосий мақсад — партиямиз Сайлов­олди дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, шаҳримизда нақд пул тушуми айланмасини тизимли асосда ташкил этиш, шу билан бирга, аҳолига янада қулайлик яратилишига кўмаклашишдан иборат, — дейди халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари Илҳом Атабаев. — Терминал тармоғи ва онлайн тўловлар тизимини кенгайтириш орқали аҳолининг нақд пулсиз тўлов воситаларига ишончини ошириш ва бундан уларнинг манфаатдорлигини кучайтириш бўйича қўшимча чоралар кўриш, нақд пул ва ­нақдсиз тўловлар ўртасида мақбул нисбатни таъминлаш долзарб масала ҳисобланади. Шунинг учун партия гуруҳимиз бу борада депутатлик, айниқса, жамоатчилик назоратини кучайтириш зарур, деб ҳисоблайди.

Сессияда камчиликларни бартараф этиш, тегишли идора ва мансабдор шахс­ларнинг савдо тармоғи, шу жумладан, деҳқон бозорларида терминаллар узлуксиз ишлаб туришини таъминлаш бўйича савдо ходимларининг масъулиятини кучайтириш юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.