03.12.2015

ИНСОННИ ЭЪЗОЗЛАГАН ҚОМУС

Шу кунларда Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташкилотлари мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Конститу­циямиз қабул қилинганининг 23 йиллик байрамини муносиб нишонлаш мақсадида турли тадбирлар, учрашув ва давра суҳбатлари ўтказмоқда.

Мазкур тадбирларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия фракциялари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги гуруҳлари аъзолари, вилоятлар, Тошкент шаҳар партия кенгашлари мутасаддилари, олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари, талаба ёшлар фаол иштирок этишмоқда. Бош қомусимиз, унинг мазмун-моҳия­ти, мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз турмуш фаровонлигини оширишдаги аҳамияти ҳақида фикр алмашилмоқда.

Пойтахтимизда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Конституциямиз қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишлаб «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси — Демократик жамият қуришнинг ҳуқуқий пойдевори» мавзусида давра суҳбати ўтказди

— Давлатимиз ва халқимиз ҳаётида том маънода тарихий сана бўлган ушбу айём ҳақида гапирар эканмиз, ҳар биримиз, албатта, Конституция­мизнинг мустақил Ўзбекистон давлатчилигининг тикланиши ва ривожланишидаги беқиёс ўрни, аҳамиятини эътироф этамиз, юксак қадрлаймиз, — деди тадбирни очар экан Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Ҳотамжон Кетмонов. — Дарҳақиқат, мустақиллик йилларида халқимизнинг азалий ва эзгу орзу-мақсадларига эришиш, юртимизда ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига асосланган ҳуқуқий демократик давлат қуриш, инсон, унинг манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари энг олий қадрият ҳисобланадиган фуқаролик жамиятини шакллантиришда Конституциямиз мустаҳкам пойдевор бўлиб келмоқда.

Ўзбекистон эришган, дунё жамоатчилиги тан олган оламшумул ютуқ ва марралар, авваламбор, изчил ривожланаётган иқтисодиётимиз ва унинг барқарор ўсиш суръатлари, аҳоли фаровонлигининг йилдан-йилга ошиб, жаҳон ҳамжамиятида мамлакатимиз обрў-эътиборининг тобора юксалиб бораётгани — буларнинг барчаси Конституция асосида чуқур ва пухта ўйланган мақсад, унга эришишга қаратилган ислоҳотлар самарасидир.

Ўзбекистон Республикаси дунёда иқтисодиёти жадал ривожланиб бораётган давлатлар орасида бешинчи ўринни банд этиб тургани, мамлакатимизда эришилаётган ютуқлар жаҳон ҳамжамияти ҳамда халқаро молия институтлари томонидан кенг эътироф этилаётгани қалбимиздаги фахр-ифтихор, ғурур туйғуларини янада кучайтиради.

Ҳозирги янгиланишлар жараёнида одамларимизнинг онгу тафаккури, дунёқараши ва кайфияти тубдан ўзгариб, уларнинг ён-атрофимизда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга дахлдорлик ҳисси, эртанги кунга муносабати ва ишончи тобора мустаҳкамланиб, сиёсий савияси ва ҳуқуқий маданияти ҳам юксалиб бормоқда. Бу, албатта, демократик ҳуқуқий давлат, кучли фуқаролик жамияти қуриш йўлидаги ислоҳотларнинг янада жадал тус олишида, янги ва юқори босқичга кўтарилишида энг асосий омиллардан ҳисобланади.

 Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, унинг мазмун-моҳияти ҳақида гапирганда, бу ҳужжатга қисқа ва лўнда қилиб, инсонни эъзозлаган Қомус, деб таъриф берилса, айни ҳақиқат бўлади, деб ўй­лаймиз.

Партиямизнинг асосий ғояси ҳисобланган аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш ҳуқуқига эга эканлиги билан боғлиқ масалаларнинг Асосий қонунимизда алоҳида эътиборга олингани партиямиз электорати манфаатлари таъминланишини кафолатлаб келмоқда.

Мазкур нормалар юртимизда фуқароларни кучли ижтимоий муҳофазалашнинг конституциявий асоси бўлиши билан бир қаторда, амалга оширилаётган барча соҳалардаги ислоҳотлар замирида, аввало, инсон ва унинг манфаатлари устун туришини таъминлаб келмоқда.

Ҳаёт, шунингдек, тараққиёт бир жойда тўхтаб қолмайди. Шубҳасиз, жамиятда барча муносабатлар муайян даражада ўзгариб, ўзида замонавий талабларни акс эттириб боради. Натижада демократияни ривожлантириш, фуқаролар хоҳиш-иродасини янада кенгроқ рўёбга чиқариш бўйича янги имкониятлар, янги механизмларга йўл очилади.

Шу нуқтаи назардан Конс­титуция­мизга 2014 йилда киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг узвий давоми, яна бир муҳим босқичи бўлди. Ушбу ўзгартиш ва қўшимчалар давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштиришнинг зарур конституциявий асосларини вужудга келтирди. Хусусан, Олий Мажлис палаталарининг давлат ҳокимияти органлари тизимидаги роли, ички ҳамда ташқи сиёсатнинг стратегик вазифаларини амалга оширишдаги ваколатлари кенгайишига, бир сўз билан айтганда, ижро ҳокимиятининг қонун чиқарувчи орган олдидаги масъулияти кучайишига шароит яратди.

Буларнинг барчаси мамлакатимизда кўппартиявийлик тизими асослари янада мустаҳкамланишига, сиёсий партияларнинг давлат ҳокимияти ва бошқарувини ташкил этиш ҳамда демократлаштиришдаги роли ошишига, халқимиз, сайловчиларнинг хоҳиш-истаклари рўёбга чиқишига хизмат қилади, дея ўз сўзини якунлади партия етакчиси.

Конституциямизда қонун устуворлиги ва давлат ҳокимияти бўлинишининг ҳуқуқий тамойиллари белгилаб қўйилгани демократик ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини оширишда долзарб аҳамият касб этмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон ХДП фракция­си аъзоси Бунёд Эшонқулов ушбу масалада фикр-мулоҳазаларини билдирди.

— Бош Қомусимизда белгиланган ҳуқуқий меъёрлар ҳаётимизда ўз ифодасини топиб келмоқда, — деди у. — Маълумки, Конституциямизнинг 11-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниш тамойилига асосланади. Мамлакатимизда мустақиллик йилларида ушбу устувор қоидани жорий этиш, ҳокимиятлар ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатининг самарали тизимини шакл­лантириш, марказда ва жой­лар­да вакиллик ҳокимиятининг ваколатлари ҳамда назорат вазифаларини кучайтириш, суд тизимини либераллаштириш ва унинг мустақиллигини таъминлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ давлат бошқарувини демократлаштириш, мамлакатни янгилаш ва модернизация қилишда жамоат ва парламент назоратини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Бунда парламентнинг қонун чиқарувчи ҳокимият сифатидаги ролини кучайтириш муҳим аҳамият касб этди.

Натижада парламентдаги қонун ижодкорлиги жараёнида сиёсий партиялар фракцияларининг ўрни ва масъулияти янада ошди, сиёсий партияларнинг дастурий вазифалари, сайловчилар манфаатларини ифодалашнинг ишончли механизми яратилди. Шунингдек, қонунлар ижроси, ҳукумат фаолия­ти устидан парламент назоратини амалга оширишнинг янги, янада самарали механизмлари жорий этилгани давлат бошқарувига, ҳаётимизга илғор демократик қоидалар кириб келаётганини англатмоқда.

Конституциямиз қадр-қиммати, халқимиз тақдири, мамлакатимиз тараққиётидаги аҳамияти ҳақида та­ниқли олим, юридик фанлар доктори, профессор Ҳожимурод ­Одилқориев билдирган фикр-мулоҳазаларни давра суҳбати иштирокчилари, айниқса, талаба ёшлар катта қизиқиш билан тинглашди.

— Конституция ҳақида гапирганда, одам, албатта, ҳаяжонланади, катта масъулият ҳис қилади, — деди профессор. — Конституциямизга серқирра, сермаъно, сержило, айни вақтда, ҳам сиёсий, ҳам ҳуқуқий, ҳам ахлоқ ҳикматларни ўзида жам қилган ҳужжат сифатида, жамиятимизда қарор топган қадриятларни ҳу­қуқий ифодаловчи қомус сифатида таъриф-тавсиф бериш мумкин. Ҳар сафар анжуманлар, давра суҳбатларига таклиф этишганда, Бош қомусимизнинг қайси қир­раси ҳақида гапириш ҳақида ўйлаб қоламан. Чунки ўтган йиллар давомида у ҳақда минглаб мақолалар ёзилди, юзлаб китоблар, ўнлаб дарслик ва монографиялар чоп этилди. Ва ҳар сафар Конституциянинг янги-янги қирралари равшанлашаётганининг гувоҳи бўляпмиз.

Конституциямизнинг яратилиш тарихи билан боғлиқ воқеалар бугунги ёшларимизни жуда қизиқтиради, албатта. Менга Асосий қонунимиз лойиҳасини тайёрлаш бўйича ­тузилган комиссия таркибида бўлиш насиб этган. Комиссия раиси ­Президентимиз Ислом Каримов Конституция лойиҳасини яратувчи ишчи гуруҳ олдига қуйидаги бир қатор вазифаларни қўйди:

Конституция яратишда конс­титуциявий ривожланишнинг жаҳон тажрибаси ўрганиб чиқилсин; бош­қа мамлакатларнинг инсон ҳуқуқлари, демократия ва қонунчилик соҳасида эришган ютуқлари ҳисобга олинсин; халқнинг дилига яқин ва тушунарли бўлган сиёсий юридик ҳужжат яратилсин.

Мана шу вазифалар асосида дунё тажрибасида эришилган энг юксак ютуқлар, энг яхши намуналар, дурдона қоидалар, миллий қадриятлар Конституция­мизга жо бўлган.

Конституция давлатнинг дунё ҳамжамияти олдидаги ўзига хос ташриф қоғози, десак, хато бўлмайди. Зеро, ундаги қоидалар, маъно-мазмунга қараб, дунё ҳамжамияти халқимиз табиати, инсоний олийжаноб фазилатларини анг­лайди, давлатимиз умуминсоний қадриятларга содиқ ҳолда демократик тараққиёт йўлидан дадил бораётганининг гувоҳи бўлади.

Конституциядаги қоидалар, тамойиллар тарихий, халқимизнинг кўнглига яқин қадриятларни ифода қилган. Ва у бугун бизга ҳаёт сабоғидан дарс берувчи, халқимиз ижоди сифатида яратилган энг нодир асар, одоб-ахлоқ ва бутун турмуш қоидаларининг китоби сифатида йўлимизни ёритиб турган бир машъал кабидир. Шу нуқтаи назардан айтиш мумкинки, Конституция бугун мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси эъзозлайдиган, ҳурмат қиладиган, унга риоя этадиган юксак қадриятга айланмоқда.

Давра суҳбатида Тошкент давлат юридик университети кафедра мудири, юридик фанлари доктори Гулчеҳра Тўлаганова мамлакатимизда кўппартиявийлик тизимини ривожлантиришнинг норматив-ҳуқуқий асоси мавзусида, Тошкент давлат юридик университети бўлим бошлиғи, юридик фанлар номзоди, доцент Аҳрор Ҳошимхонов эса Конституциямиз — фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолати мавзусида маъруза қилиб, ёшлар, кенг аҳоли орасида ҳуқуқий тар­ғиботни кучайтириш масалалари юзасидан таклифлар билдиришди.

Таъкидландики, сиёсий плюрализм ва кўппартиявийлик жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб бормоқда, бундай шароитда фуқароларнинг демократик тушунча ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, бу борада изчил тарғиботни йўлга қўйиш, қонунларга ҳаёт тақозо қилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларни киритиш долзарб аҳамият касб этади.

Маълумки, Асосий қонунимизнинг 39-моддасида «Ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, шунингдек, боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга», деб белгилаб қўйилган. Бошқа ҳуқуқлар каби фуқароларнинг ушбу ҳуқуқини рўёбга чиқариш, юртимизда инсон қадр-қимматини улуғлаш, кекса кишиларнинг ҳурмат-иззатини жойига қўйиш бўйича ҳам катта ишлар қилиняпти. «Кексаларни эъзозлаш йили»да махсус давлат дастури, тегишли қарор ва фармонлар асосида отахону онахонларимизга ғамхўрлик, эътибор янада кучайтирилди. Бир пайтлар тақдир тақозоси билан оғир синовларни бошидан кечирган, кўплаб қийинчиликларни енгиб ўтган нуронийларимиз ҳаётидан рози бўлиши учун ҳамма шароит яратилмоқда.

Тадбирда, шунингдек, халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгаши депутати, Олий Мажлис Сенати аъзоси Мақсуда Ворисова, «Ўзбекистон овози» ва «Голос Узбекистана» газеталари Бош муҳаррири Сафар ­Остонов, Тошкент давлат юридик университети магистранти Гулмира Жўраева ва бошқалар Конституциямиз мустақиллигимиз ва фаровонлигимиз кафолати экани, ундаги қоидаларга қатъий амал қилиш инсоний, фуқаролик бурчимиз бўлиб қолиши ҳақида якдил фикр билдиришди.

Жойларда Конституциямизнинг 23 йиллигига бағишлаб ўтказилаётган учрашув ва тадбирларда партия ташкилотлари, депутатлар бу масалага алоҳида эътибор бериши, дунё­нинг айрим ҳудудларида инсон ҳаёти, унинг эркинлигига таҳдидлар кучайиб бораётган бир пайтда, мамлакатимиздаги ислоҳотлар самараларини ҳаётий мисоллар орқали тушунтириш зарурлиги таъкидланди.

Тадбир якунида бир гуруҳ ёш­ларга — Ўзбекистон ХДПга аъзолик гувоҳномалари топширилди.

 

Тўлқин ТЎРАХОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.