03.12.2015

АҲОЛИ БАНДЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ:

янги касблар, имконият ва имтиёзлар

Бугун жаҳон ижтимоий-иқтисодий тараққиётидаги мураккабликлар боис, барча соҳалар каби халқаро меҳнат муносабатлари, жумладан, меҳнат бозори ҳам кескин таркибий ўзгаришларни бошдан кечирмоқда. Халқаро меҳнат ташкилотининг маълумотига кўра, охирги 30 йилда бутун дунёда мавжуд касбларнинг сони қарийб икки мартага кўпайган, янги йўналишлар пайдо бўлган. Шу муносабат билан мухбиримиз сўнгги йилларда республикамиз меҳнат бозоридаги таркибий ва сифат ўзгаришлари, янги касблар жорий этилиши билан боғлиқ масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг Демография ва меҳнат бозори бўлими бошлиғи Зафар Шарипов билан суҳбатлашди.

— Зафар Эркинович, бугунги халқаро вазият ва давр талабидан келиб чиққан ҳолда республикамиз иқтисодиёт тармоқларининг диверсификация қилиниши, юқори технологияли замонавий ишлаб чиқариш лойиҳаларининг амалиётга изчил жорий этилишига мос равишда бандлик соҳасидаги меъёрий ҳужжатларнинг такомиллашуви ҳақида сўзлаб берсангиз.

— Дарҳақиқат, сўнгги йилларда қабул қилинган бир қатор меъёрий ҳуқуқий ҳужжатлар асосида кўплаб солиқ имтиёзлари яратилмоқда, янги иш ўринлари ташкил этиш, ишчиларни ёллаш ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш тартиб-тамойиллари енгиллаштирилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги қонунига мувофиқ, оилавий тадбиркорлик билан шуғулланиш тартиби ва меъёрлари ҳамда уларга қўлланиладиган имтиёзлар ўрнатилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонларига кўра, 2014 йилнинг 1 июлидан бошлаб, қурилиш материаллари саноати, енгил саноат, озиқ-овқат саноати кичик корхоналарида ходимларнинг чекланган сони йилига ўрта ҳисобда икки бараварга (200 кишига) оширилди. Жорий йилнинг 1 январидан бошлаб эса, микрофирмалар ва кичик корхоналар томонидан республиканинг касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлари ва олий таълим муассасалари битирувчилари билан меҳнат шартномалари тузилганда, банд ходимларнинг ўртача йиллик сони нормативдан кўпи билан 50 фоизга оширилган ҳолларда, микрофирмалар ва кичик корхоналар учун назарда тутилган имтиёзлар, кафолатлар ва ҳуқуқ­лар уларда сақланиб қоладиган бўлди.

Буларнинг барчаси, авваламбор, аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшларнинг касб-ҳунар ўрганиши билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилишини алоҳида таъкидлаш жоиз.

— Маълумки, сўнгги йилларда аҳоли, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш бугунги куннинг долзарб масалаларидан ҳисобланмоқда. Мамлакатимизда бу борада қандай солиқ имтиёзлари қўлланилмоқда?

— Аввало, айтиш керакки, мустақиллик йилларида умумий солиқ юки 3 баробардан зиёдга камайтирилиб, инвестиция киритувчи ва янги маҳсулот турларини ўзлаштирувчиларга, экспортёр корхоналарга ҳамда кичик бизнес субъектларига давлат томонидан қўшимча имтиёзлар тақдим этилди. Хусусан, юридик шахслар учун фойда солиғи 45 фоиздан 7,5 фоизга, жисмоний шахсларга эса даромад солиғи 60 фоиздан 23 фоизгача, ягона ижтимоий тўлов солиғи 40 фоиздан 25 фоизга (кичик бизнес субъектлари учун 15 фоизга) ҳамда кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови 15,2 фоиздан 6 фоизга (саноатда 5 фоизга) камайтирилди.

Шу билан бирга, Солиқ кодексига мувофиқ, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари коллежни тамомлагандан ке­йин ўн икки ой ичида якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган санадан эътиборан, қатъий белгиланган солиқни тўлашдан олти ой муддатга озод этиладиган бўлди.

Бундан ташқари, жорий йилнинг 1 июлидан якка тартибдаги тадбиркорлар фаолияти йўналишидан келиб чиққан ҳолда, ҳар бир ёлланган ишчи учун бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида суғурта бадали ва якка тартибдаги иш берувчи тадбиркор учун белгиланган солиқ ставкасининг 30 фоизи миқдорида солиқ тўлаш шарти билан бир нафардан уч нафаргача ишчини ёллаш ҳуқуқи берилди.

Шу билан бирга, якка тартибдаги тадбиркорлар касб-ҳунар коллежи битирувчиларини ишга ёллаган ҳолатда коллежни битирган кунидан бошлаб, ўн икки ой мобайнида ёлланма ишчилар белгиланган солиқдан озод этилди. Бунинг натижасида республикамизда ёшларни иш билан таъминлаш имкониятлари кенгаймоқда.

— Иқтисодиётимиз тармоқларини диверсификациялаш жараёнларида янги иш ўринлари яратиш, айниқса, ёшларимизни иш билан банд этиш борасида айрим мураккабликлар келиб чиқмоқда. Хўш, бу борада кадр­лар тайёрлаш тизимида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

— Ўтган давр мобайнида ўрта махсус маълумотли кадр­лар тайёрлашда қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасининг улуши 11,7 фоиздан 10,4 фоизга, соғ­лиқни сақлаш 8,4 фоиздан 6,7 фоизга, таълим йўналишида 7,3 фоиздан 6,7 фоизга ҳамда ҳуқуқ йўналишида 0,7 фоиздан 0,4 фоизга қисқарди. Бунга мос равишда меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўрта махсус маълумотли кадрлар тайёрлашда қурилиш соҳасининг улуши 7,3 фоиздан 10,5 фоизга, саноатда 20,2 фоиздан 24,8 фоизга ҳамда хизматлар соҳасининг улуши 6,3 фоиздан 8,1 фоизга кўпайди.

Шу билан бирга, мамлакатимиздаги Устюрт газ-кимё, Муборак газ-кимё мажмуалари, Қўнғирот сода ҳамда Деҳқон­обод калийли ўғитлар заводи, Денгизкўл ва Памук конларида компрессор станциялари, қолаверса, Навоий, Жиззах ва Ан­грен махсус саноат зоналарида қатор йирик лойиҳаларнинг амалга оширилиши, табиийки, юқори малакали олий маълумотли кадрлар билан таъминлашни тақозо этади. Шулар инобатга олиниб, 2011-2015 йилларда олий таълим тизимида техника ва муҳандислик соҳасида кадрлар тайёрлаш улуши 26,7 фоиздан 36,2 фоизга ошди. Бунга мос равишда, олий маълумот талаб этадиган касб­лардан ҳисобланган иқтисодиёт соҳасининг улуши 7,9 фоиздан 5,7 фоизга, ҳуқуқ йўналиши 1,2 фоиздан 1,0 фоизга ҳамда педагогика йўналишининг улуши 29,6 фоиздан 24,6 фоизга қисқарди. Шунинг­дек, тайёрланаётган кадрларнинг ўз мутахассисликларига мос корхоналарда амалиёт ўташи ва ишлаши янада такомиллаштирилди. Бу, тармоқ ва ҳудудий корхоналарни юқори салоҳиятли кадрлар билан таъминлаш имконини бермоқда.

— Бугун дунёда барча соҳалар жадал ривожланаётган бир пайтда мамлакатимиз меҳнат бозори қандай янги касблар билан тўлдирилди?

— Маълумки, 2015 йил 1 июлга қадар, хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 20 авгус­т­даги 181-сон қарори билан тасдиқланган «Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификатори»га асосан юритиларди. Эндиликда, Президентимизнинг «Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бош­қарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони талабларини бажариш ҳамда касблар ва лавозимларни таснифлашнинг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш, уни бозор иқтисодиёти талабларига ва халқаро амалиётга мувофиқлаштириш, янгича фикрлайдиган профессионал кадрлар тайёрланишини таъминлаш мақсадида хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касб­лари бўйича янгиланган классификатор қабул қилинди.

Ушбу классификатор олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг таълим йўналишлари, мутахассисликлар ва касблар классификаторларига мослаштирилди. Қабул қилинган жами 8 317 касб ва лавозимларнинг 497 таси, хусусан, бозор иқтисодиётида бошқарув (менежмент) соҳасида — 96, ахборот технологиялари соҳасида — 22 ҳамда вазирлик ва идораларнинг таклифларига мувофиқ 379 таси янгидан киритилди. Бошқарув соҳасида — савдо ва маркетинг масалалари бўйича бош директор ёрдамчиси, ишлаб чиқариш ва ривожлантириш масалалари бўйича бош директор ёрдамчиси, молия ва харид масалалари бўйича бош директор ёрдамчиси, бренд-менежер; ахборот технология­лари соҳасида — аниматор, ахборот ҳисоблаш тизими архитектори, саҳифаловчи, ахборот хавф­сизлиги мутахассиси, ахборот ҳимояси техниги каби касб ва лавозимлар шулар жумласидандир.

Янгиланган классификаторнинг олдингисидан тубдан фарқ қиладиган жиҳати шундаки, унда асосий эътибор касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигига қаратилган. Янгиланган касблар ва лавозимларнинг 71 фоизини касб-ҳунар коллежлари битирувчилари банд этмоқда. Мазкур классификаторнинг хусусиятларидан яна бири — ишчиларнинг касб­лари ва хизматчиларнинг лавозимлари икки гуруҳга бўлиниб, ишчилар касбларининг тариф разрядлари кўрсатилди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, юртимизда олиб борилаётган бундай кенг қамровли ислоҳотлар аҳоли банд­лигини таъминлаш, замонавий иш ўринлари ташкил этиш, бар­қарор даромад манбаларини яратишга хизмат қилмоқда.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Обиддин МАҲМУДОВ

суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.