01.12.2015

ПАРТИЯНИНГ ТАЪСИР КУЧИ

аъзолари фаоллиги ва ташаббускорлиги билан ўлчанади

Қарши шаҳрида ЎзХДП вилоят кенгаши томонидан бошланғич ташкилотлар фаолиятини янада яхшилашга бағишланган семинар ўтказилганда, бу фикр бот-бот такрорланди. Жўяли таклифлар ўртага ташланди. Баҳс-мунозаралар юзага келди. Бошланғич ташкилот ҳаётга шунчалик яқинки, у қанчалик фаол бўлса, партиянинг таъсир кучи шунчалик юқори бўлади.

Дастлаб тадбир ўтаётган «Гиссарнефтегаз» МЧЖнинг кўп қаватли, замонавий меъморчилик услубида қурилган маъмурий биносини кўздан кечирдим. Ни­ҳоятда жозибали. Ташкилотда минг­га яқин ходим ишлайди. Шинам хоналардан бири бошланғич ташкилот учун ажратилган. Яхши жиҳозланган, турли сиёсий адабиётлар, қўлланмалар, матбуот нашр­лари билан таъминланган.

Партиямизнинг бу ердаги ташкилоти етакчиси — ­Жўрақул ­Амиров. У Қарши шаҳар Кенгаши депутати ҳамдир. Тадбир қатнашчилари дастлаб бошланғич ташкилот иши билан танишишди. Бундан бир ойча бурун газетамизда Жўрақул аканинг мақоласи босилганди. Фақат битта савол бердим. «Қишлоқ жойларда меҳнат қилаётган ёшлар ҳам партиямиз сафига киришяптими?»

— Сизни тушундим, — дейди Жўрақул ака кулимсираб. — Фақат идора ходимлари билан чекланиб қолмаяпсизларми, демоқчисиз. Йўқ, жуда кўп ёшлар партиямиз сафида бўлишни исташмоқда. Масалан, бу йил «Шимолий нишон» газ кони ишчиси Искандар Исматов, қурилиш цехи ишчиси Жамшид Рўзиқулов партиямиз аъзоси бўлишди. Бундай ёшлар ўнлаб. Тўғри таъкидлаяпсиз, ташкилотимиз жамоада обрў қозониши унинг сафида ташаббускор, келажакка интилувчи ёшлар кўпчиликни ташкил этишига боғлиқ.

— Мана, мен очиқ гапираман, — дейди вилоят партия кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари Олим Равшанов. — Ўрнак бўла оладиган бошланғич ташкилотларимиз анчагина. Лекин қолган бошланғич ташкилотларимизда аҳвол қачон яхшиланади? Замон ўзгаряпти, талаб ошиб боряпти. Сиёсий рақобат кучайиб бормоқда. Бу, ўз навбатида, бошланғич ташкилотларнинг замонга мос ҳаракат қилишини талаб қилади. Тўғри, қўлланмалар етказиляпти, етакчилар ўқувини ташкил этаяпмиз. Бироқ ҳамма жойда ҳам аҳвол бирдек эмас. Мана, вилоят кенгашида бошланғич ташкилотлар билан ишлаш сектори ташкил этилди. Зафар Очилов бошчи. Бироқ ҳали ёш, кўп ишлаб улгурмади. Агар мавзуни тўла очиб беролмаса, тўлдирайлик, ўргатайлик, фикримизни айтайлик.

Шу гапдан кейин нотиқ Зафар Очиловга алоҳида эътибор қаратдим. Тўғри, ҳаяжонланди. Сиёсий атамалардан кўра рақамлар, маълумотлар кўп эди унинг нутқида. Аммо шахсан мен илк бор вилоят ташкилоти ҳақида кўплаб маълумотларга эга бўлдим. Масалан, вилоятда жами 845 БПТ 35551 нафар аъзони бирлаштирган. Шундан хотин-қизлар 36 фоизни ташкил этади. Ҳар бир бошлан­ғич ташкилотга ўртача 42 аъзо тўғри келади. Нотиқнинг айтишича, аъзоларнинг 11 минг нафарга яқини ишчи ва деҳ­қонлар, 17 мингга яқини хизматчилар, 2-3 мингга яқини тадбиркорлар. Яна бир муҳим маълумот айтиб ўтилди. Аъзолари 3-5 нафар бўлган БПТ 77 та, 100-50 нафар аъзоси бор ташкилот 62 та экан.

Нотиқ қуйидаги таклифларни ўртага ташлади: бошланғич ташкилотнинг кундалик кузатув дафтари, аъзолар рўйхати, иш режаси, турли тадбирларнинг баённомаси бўлиши шарт. Бошлан­ғич ташкилотларни қайтадан рўйхатдан ўтказиш, кўрик-танловлар ташкил этиш ва бошқа ишлар ҳақида гапирилди.

— Ҳаёт турли масалаларни ўртага қўймоқда, — дейди ЎзХДП Қарши шаҳар кенгаши раиси, халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Рашид Муртазоев. — Яхши ишлаган бошланғич ташкилотлар етакчиларини доимий рағбатлантириб бориш керак, деб ўйлайман. Бу йил август ойи бошида Қарши темир йўли ташкилотига касб байрами муносабати билан совға олиб бордик. Ҳамма хурсанд бўлди бундай эътибордан. Бошланғич ташкилотнинг ҳам эътибори яхши. Умуман, партиявий иш зерикарли эмас, унинг ўзига хос жозибаси бор. Ҳамма ҳам етакчи бўлолмайди, одамларни, партия аъзоларини олдимизда турган муҳим вазифаларга жалб қилолмайди. Партиявий иш хилма хил. Ҳаёт сингари ранг-баранг. Шаҳримизда 150 бошланғич ташкилот тузилган. Аъзоларимиз 3 минг нафардан ортиқ. Жамила Тўрақулова, Назира Ўроқова, Жўрақул Амиров каби депутатларнинг бошланғич ташкилотларга яқиндан ёрдам бериб келаётганидан хурсандмиз.

—      Туманимизда пахтачилик етакчи тармоқ, — дейди Касби туманидаги «Ғалаба» қишлоқ фуқаролар йиғини раиси, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати, ҳудудий партия ташкилоти етакчиси Хушмурод Атамуродов. — Шу йил терим пайтида теримчиларга совғалар ташкил қилдик. ЎзХДП туман кенгашининг фахрий ёрлиқларини топширдик. Ҳамкорлик муҳим масала. ­Фаолиятимиз самараси шунга боғлиқ. Мен беш масала юзасидан туман ташкилотларига депутатлик сўрови юбордим. Уларда кўтарилган масалалар юзасидан дастлаб бошланғич ташкилотда маслаҳатлашиб олганмиз.

—      Биз келаётганимизда қор учқунлаётган эди, — дейди ЎзХДП Деҳқонобод туман кенгаши раиси Ашур Норбоев. — Бу йил яхши келди. Ёмғир кўплиги туфайли лалми ерларга кузги дон вақтида экиб олинди. Буни шунинг учун айтяпманки, қишлоқ хўжалиги туманда етакчи тармоқ ҳисобланади. Жами икки ярим минг аъзомизнинг анчаси далаларда меҳнат қилади. Фермерлар орасида аъзоларимиз 100 нафардан ошиқ. Ҳозир 40 бошланғич, жумладан, 23 ҳудудий ташкилотимиз фаолиятини янада яхшилашга ҳаракат қиляпмиз.

Тадбирда Қарши шаҳар қурилиш коллежи директори ўринбосари, партиямиз аъзоси ­Отабек Абдураҳмонов, шаҳардаги «Қар­лиқ­обод» маҳалла фуқаролар йиғинидаги бош­лан­ғич ташкилот етакчиси Элим ­Зоиров ва бошқа­лар ҳам сўзга чиқишди. Қарши шаҳридаги 6-мактабнинг бир гуруҳ ёш ходимларига аъзолик гувоҳномалари топширилди.

Дилшода МУРОДОВА, биология фани ўқитувчиси:

— Нега айнан шу партияни танладим? Бу саволни ўзимга кўп бора бериб кўрганман. Аввал ҳавас қилгандим. Лекин ёши улуғ партиядошларимизнинг ибратли ишларини кузатиб, шу партия сафида бўлишга қарор қилдим. Тадбирда бошлан­ғич ташкилотни ривожлантириш ҳақида кўп фойдали гаплар айтилди. Мен ҳам бу вазифаларни бажаришга ўз ҳиссамни қўшмоқчиман.

Дилафруз ОТАМИРЗАЕВА, кутубхоначи:

— Бугун аъзолик гувоҳномасини муҳим тадбирда олганим ҳеч ёдимдан чиқмаса керак. Бошлан­ғич ташкилот сафида туриб, пар­тия­мизнинг обрў-эътиборини оширишга ҳаракат қиламан...

Кўриниб турибдики, партиямиз аъзолари сафи кенгайиб, бошланғич ташкилотлар сони ошиб бормоқда. Ёшлар партиямизга аниқ мақсадлар билан аъзо бўлмоқда. Демак, улар партиямиз ғояларини ҳаётга татбиқ этишда фаол иштирок этишади.

 

Юнус УЗОҚОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.