01.12.2015

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг самарали механизми яратилган

Тошкентда “Инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш – мамлакатни демократик янгилаш ва модернизациялашнинг асосий йўналиши: Ўзбекистон тажрибаси” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. 

Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан БМТ Тараққиёт дастури, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, Германиянинг К.Аденауэр ва Ф.Эберт номидаги жамғармалари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Адлия ва Ички ишлар вазирликлари, Бош прокуратура, Олий суд ҳузуридаги суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш ҳамда суд тизими мустақиллигини таъминлаш бўйича тадқиқот маркази, Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармаси, Европа Иттифоқининг Венеция комиссияси, Буюк Британия, Италия, Испания, Ирландия, Руминия, Шотландия, Хитой, Мўғулистон ва бошқа давлатлардан экспертлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, суд ва ижро ҳокимияти органлари масъул ходимлари, фуқаролик жамияти институтлари ва дипломатик корпус вакиллари, ҳуқуқшунос олимлар, журналистлар иштирок этди. 

Конференцияда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг қонуний асосларини мустаҳкамлаш, қонун ижодкорлигини янада яхшилаш, соҳада парламент назоратини кучайтириш, вакиллик органларининг ролини ошириш, давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш борасидаги миллий ва хорижий тажриба чуқур таҳлил қилинди. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий институтлар фаолиятини ривожлантириш, уларнинг фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик назорати ва ижтимоий шерикликни кучайтириш билан боғлиқ масалалар юзасидан фикр алмашилди. 

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши белгиланган. Буларни таъминлаш йўллари ва кафолатлари қонунларимизда мустаҳкамланган. Мамлакатимиз инсон ҳуқуқлари бўйича етмишдан ортиқ халқаро ҳужжатга қўшилган, жумладан, БМТнинг ўнта асосий ҳужжатини ратификация қилган. Давлатимиз инсон ҳуқуқлари ва эркинлигига риоя этиш ҳамда уни ҳимоя қилиш борасидаги мажбуриятларини тўла бажариб келмоқда. 

Тадбирда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо этилаётгани инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилаётгани таъкидланди. Суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш, суднинг мустақиллигини таъминлашга қаратилган ташкилий, ҳуқуқий чора-тадбирлар туфайли бу соҳа инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли муҳофаза этадиган мустақил давлат институтига айланди. 

Мамлакатимизда прокурор ва адвокатнинг тенглигини, жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича суд фаолиятининг барча босқичларида ўзаро тортишув бўлишини таъминлашга оид ҳуқуқий асослар яратилди. Жиноий-ҳуқуқий соҳадаги сиёсатни такомиллаштиришда жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини янада либераллаштириш ва инсонпарварлик тамойилларига мувофиқлаштириш фуқаролар манфаатига хизмат қилаётир. 

Аҳолининг қонуний ҳуқуқларидан самарали фойдаланиши учун жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, ҳуқуқий таълим ва маърифатни, ҳуқуқий билимлар тарғиботини яхшилашга йўналтирилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралиги қонуний асосда таъминланаётгани улар фаолияти самарадорлигини ошириб, фуқароларнинг улар билан мунтазам алоқада бўлишига кенг йўл очди. Бу жараёнда оммавий ахборот воситалари имкониятларидан унумли фойдаланилаётир.

– Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида улкан ишлар амалга оширилган, – деди Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим масалалари бўйича эксперт Томас Паттерсон (Буюк Британия). – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва барча қонун ҳужжатларида инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш билан боғлиқ жиҳатлар тўлиқ мужассам экани ва улар амалда ўз ифодасини топаётгани диққатга сазовор. 

Анжуманда инсон манфаатлари Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар стратегиясининг мезони сифатида белгилангани қайд этилди. Фуқароларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларини ҳимоя қилишга йўналтирилган кўплаб қонунлар қабул қилинган. Бу мамлакатимизда ушбу йўналишда миллий қонунчилик тизими аниқ ва пухта шаклланганининг ёрқин намунасидир. 

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ратификация қилинган халқаро конвенцияларга риоя қилиш мониторингини олиб бориш, бу борадаги ишлар устидан парламент назоратини кучайтиришга катта эътибор қаратилаётир. Халқаро экспертлар парламентнинг ҳуқуқий мақомини оширишга қаратилган босқичма-босқич ислоҳотлар унинг жамиятдаги ролининг кучайишига, қонунлар сифатининг ошишига, ижро ҳокимияти органлари устидан парламент назоратини кучайтиришга хизмат қилаётганини қайд этди. 

2011 йилнинг мартида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунга мувофиқ парламентга Бош вазирга нисбатан ишончсизлик вотуми билдириш ҳуқуқи, шунингдек, мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг долзарб масалалари юзасидан Бош вазирнинг ҳисоботларини эшитиш ва муҳокама қилиш ҳуқуқи берилгани парламент ваколатлари ва назорат вазифаларини янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда. 

Мамлакатимизда кўппартиявийлик тизимини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, парламентда ва жамиятда сиёсий партиялар ўртасидаги рақобатни кучайтиришга қаратилаётган катта эътибор туфайли юртимизда давлат аҳамиятига молик энг муҳим масалаларни ҳал қилишда сиёсий партияларнинг роли ва таъсири сезиларли даражада кучайди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайловларда энг кўп депутатлик ўрнини олган сиёсий партия томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди таклиф этилиши тамойили жорий этилди. Буларнинг барчаси мамлакатимизда демократик жараёнлар халқаро андозалар асосида олиб борилаётганидан далолат беради. 

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси Ўзбекистонда сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларнинг муҳим дастурига айланди. Шу асосда давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, сайлов қонунчилигини ривожлантириш, фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш, бозор ислоҳотларини либераллаштиришни янада чуқурлаштириш йўналишларида амалга оширилган туб ислоҳотлар мамлакатимиз барқарор тараққиёти, халқимиз фаровонлиги учун пухта замин яратди. 

Анжуманда мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш давлат қурилиши ва жамиятни ривожлантиришнинг, ички ва ташқи сиёсатнинг энг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилангани алоҳида таъкидланди. Ўзбекистон шахс ҳуқуқлари ва эркинлигини ишончли ҳимоя қилишнинг қатор йўналишлари бўйича кўплаб мамлакатларга намуна бўлаётгани қайд этилди. 

Халқаро экспертлар ўз чиқишларида инсон ҳуқуқлари ва эркинлигини ҳимоя қилиш бўйича миллий институтлар – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институтининг қонун устуворлигини таъминлаш, фуқаролар ҳуқуқларини қонунчиликка биноан ҳимоя қилиш борасидаги ролини юксак баҳолади. 

– Бағрикенглик ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш тинчлик ва барқарорликни таъминлашнинг муҳим асосидир, – деди БМТнинг мамлакатимиздаги доимий мувофиқлаштирувчиси, БМТ Тараққиёт дастурининг доимий вакили Стефан Приснер. – Шахс ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мамлакатни ҳар жиҳатдан ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида Президент Ислом Каримов инсон, унинг манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият даражасига кўтарилган жамият барпо этишга эътибор қаратгани диққатга сазовор. 

Мамлакатимизда демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда, унинг сиёсий ва фуқаролик фаоллигини оширишда фуқаролик институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўрни ва аҳамияти юксалиб бормоқда. 

Бу борада амалга оширилаётган демократик туб ўзгаришлар асосини Президентимиз Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган ривожланишнинг машҳур беш тамойили ташкил этади. Унда инсон ҳуқуқлари, манфаатлари ва эркинлиги ҳимоя қилинадиган, унинг салоҳиятини юзага чиқариш учун қулай шарт-шароитларни таъминлайдиган кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш устувор йўналиш деб белгиланган. 

Мамлакатимизда фуқаролик институтларининг ривожланиши, фуқароларнинг юртимизни ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги муҳим вазифаларни бажаришда фаол иштирок этиши учун кенг имкониятлар яратилган. Конституциямизда давлатнинг жамоат бирлашмалари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаши, уларга ижтимоий ҳаётда иштирок этиш учун тенг ҳуқуқий имкониятлар яратиб бериши мустаҳкамланган. Ушбу принципга мувофиқ қабул қилинган 250 дан ортиқ қонун ҳужжатлари Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантиришда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. 

Мамлакатимизда сўнгги йилларда қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар нодавлат нотижорат ташкилотларини рўйхатдан ўтказиш ва фаолиятини ташкил этиш тартибини янада соддалаштирди, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асослари янада такомиллаштирилди. Натижада мамлакатимизда фаолият юритаётган ННТлар сони 8 минг 200 дан ошди. Хусусан, фуқароларнинг 10 мингдан ортиқ ўзини ўзи бошқариш органлари ҳудудларда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни ривожлантириш ҳамда амалга оширишга катта ҳисса қўшаётир. Фуқаролик жамиятининг оммавий ахборот воситалари каби муҳим институти ҳам жадал ривожланиб бормоқда. 

2014 йил 5 майда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Дaвлaт ҳoкимияти вa бoшқaруви oргaнлaри фaoлиятининг oчиқлиги тўғрисидa”ги қoнуни фуқароларнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқини янада кенгроқ амалга ошириш имкониятини яратди. Шу билан бирга, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг қабул қилинаётган қарорлар сифатини ошириш борасидаги масъулиятини оширди. Қонунда давлат ҳокимияти органлари фаолияти ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиб бориш тартиблари аниқ белгиланган. Аҳоли давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинаётган қарорлар, авваламбор фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари билан боғлиқ қарорлар ҳақидаги ахборотлардан кенг хабардор бўлиб бормоқда. 

Ўзбекистон Республикасининг “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонуни ижтимоий-иқтисодий дастурларни амалга ошириш, гуманитар масалаларни ҳал этиш, аҳоли турли қатламларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда нодавлат нотижорат ташкилотларининг давлат тузилмалари билан ўзаро муносабатларидаги ташкилий-ҳуқуқий механизмларни такомиллаштирди. “Экологик назорат тўғрисида”ги қонун эса ижтимоий аҳамиятга молик масалалар бўйича муҳим дастурларни амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотлари иштироки кенгайишига ҳуқуқий асос яратди. Жамоатчиликнинг экологик масалалардаги иштирокини ва экологик ахборот олишга бўлган ҳуқуқини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга ушбу қонун халқимизнинг атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқини кафолатлаш, аҳоли саломатлигини яхшилаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлаш йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларнинг амалдаги самарасидир. 

– Ўзбекистоннинг турли давлат ва нодавлат ташкилотлари мамлакатда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга кўмаклашаётгани эътиборга лойиқ, – деди Шотландия инсон ҳуқуқлари комиссияси ҳуқуқшуноси Брюс Адамсон. – Ўзбекистоннинг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ишларда жаҳон ҳамжамияти учун очиқ экани, соҳада амалга оширилаётган дастурларга халқаро стандартлар кенг татбиқ этилаётгани мамлакатингизда инсон манфаатлари ва эркинликларини таъминлашга катта эътибор қаратилаётганини яна бир карра исботлайди. Бу жараёнда парламент назоратини кучайтириш йўлида кенг кўламли саъй-ҳаракатлар олиб борилаётгани ғоят аҳамиятлидир. 

– Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қонун устуворлиги тамойилини амалга ошириш демократик тараққиётнинг муҳим жиҳатлари ҳисобланади, – деди Инсон ҳуқуқларини ўрганиш бўйича Хитой жамияти кенгаши аъзоси, Нанкай университетининг инсон ҳуқуқларини ўрганиш бўйича маркази директори ўринбосари Танг Йингксиа. – Ўзбекистонда ушбу соҳанинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси яратилган ва у амалиётга кенг татбиқ этилмоқда. Хитойда ҳам бу каби масалаларга устувор аҳамият қаратилади. Мамлакатларимиз ўртасида ушбу йўналишдаги ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда. Ўзбекистонда «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилингани мамлакатингизда ахборот олиш эркинлиги тўлиқ таъминланаётганининг амалдаги ёрқин исботидир. Ўзбекистонда давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг очиқлигини намоён этувчи ушбу қонун фуқаролик жамиятини ривожлантириш, фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги фаол иштирокини таъминлашга хизмат қилади. Бу бошқа мамлакатлар учун намуна бўла олади. 

Халқаро анжуманда мамлакатни демократик янгилаш ва модернизациялаш жараёнида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, соҳада амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини янада ошириш бўйича Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт, мазкур йўналишда халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. 

Ирода Умарова, Норгул Абдураимова, ЎзА 


DB query error.
Please try later.