28.11.2015

ЮЗМА-ЮЗ МУЛОҚОТ

Унда муҳим ижтимоий масалаларда кўплаб таклиф, фикр-мулоҳазалар билдирилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, хусусан, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари қонунчиликда белгиланган тартибда ўз сайлов округларида бўлиб, сайловчилар билан учрашувлар ўтказиб қайтди.

Андижон вилоятидаги 11-Бўз сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон ХДП фракцияси раҳбари Ҳотамжон Кетмонов Шаҳрихон, Бўз ва Улуғнор туманларида сайловчилар билан учрашувлар ўтказди.

Шаҳрихон шаҳридаги Биринчи кўп тармоқли марказий поликлиника ходимлари билан мулоқот чоғида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тизими такомиллашаётгани хусусида сўз юритилди.

— Поликлиникамиз мукаммал таъмирланиб, замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди, аҳоли ва тиббиёт ходимларига қулайликлар яратилди, — дейди поликлиника Бош шифокори Маърифжон Ибрагимов. — Депутатимиз билан кўришиб, парламентдаги қонун ижодкорлиги жараёнидан хабардор бўлдик. Кўнглимиздаги фикр-мулоҳазалар, таклифлар билан ўртоқлашдик.

Депутат Шаҳрихондаги 15-махсус мактаб-интернати тар­бия­ланувчилари шароити билан яқиндан танишди. Ўқитувчилар, тарбиячилар билан суҳбатлашди. Давлатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, партиямиз, депутатлар томонидан ижтимоий ҳимояни кучайтиришни кўзлаб ўтказилаётган тадбирлар, турли лойиҳалар ҳақида сўз юритди.

Шаҳрихон қишлоқ ва сув хўжалиги касб-ҳунар коллежидаги учрашувга ўқувчилар, ўқитувчилар қаторида Пахталикўл маҳалласида истиқомат қилувчи отахон-онахонлар ҳам келишди.

Коллеж ўқувчиси Шаҳноза Раимова парламентда айни пайт­да муҳокамада бўлган қонун лойиҳалари билан қизиқди. Меҳнат фахрийси Соҳиба Алиматова банд­лик, ёшларни иш билан таъминлаш борасида масъулиятни ошириш зарурлиги ҳақида фикр билдирди.

Бўз туманида сайловчилар билан учрашувлар ҳам қизғин кечди. Уларда турли соҳа вакиллари иштирок этиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

— Маҳаллий Кенгашлар депутатлари билан қонунчилик палатасидаги партиядош депутатларнинг алоқаси мустаҳкамланиб боряпти, — деди «Яккатол» маҳалла фуқаролар йиғини раиси, халқ депутатлари Бўз туман Кенгаши депутати Зоҳидилло Жўраев. — Сайловчилар манфаатларини ҳимоя қилишда бу ҳамкорлик жуда қўл келмоқда. Маҳалламиз ҳудудида болалар боғчаси қурилиши масаласи тегишли дастурга киритилишида депутатларнинг жонкуярлиги асқотди.

— Замонавий мактаблар қурилаётгани, фарзандларимиз билим олиши, спорт билан мунтазам шуғулланиши учун яратилаётган шароитдан жуда мамнунмиз, — деди халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш, Бўз тумани бўлими мудири, ЎзХДП фаоли Шавкатбек Мамаризаев.

Депутат сайловчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарди.

Қўқон шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли 9-оилавий поликлиникада Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати билан учрашув бўлади, деб сайловчиларга бир неча кун аввал хабар қилинди. Шу куни юздан зиёд аҳоли вакиллари йиғилди. Парламентдаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Нўмонжон Акбаров учрашув жойига анча барвақт етиб келди.

Учрашув сайловчилар билан самимий суҳбатдан бошланди, ижтимоий-иқтисодий мавзуларда қизғин савол-жавоблар бўлиб ўтди. Сайловчилар нафақат ижтимоий-маиший масалалар, шу билан бирга, мамлакатимиз ички ва ташқи сиёсати, тинчликни асрашга қаратилган чора-тадбирлар, бунёдкорлик ишларининг истиқболли режалари, давлат бюджети кўрсаткичлари билан ҳам қизиқишди.

Учрашувда дастлаб мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари ҳақида тўхталиб ўтилди. Тиббиётга оид қонун ва қарорларнинг ҳаётга татбиқ этилиши ва унинг афзалликлари ҳа­қида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Учрашувда сўзга чиққан ЎзХДП фаоллари, электорат аъзолари қатор долзарб масалаларда таклифларини айтишди, депутатни янада ташаббускор бўлишга ундашди.

Шу каби учрашувлар Бувайда туманида депутат Авазбек Ўринбоев, Марғилон шаҳрида депутат Бунёд Эшонқулов билан ҳам бўлиб ўтди. Марғилон миллий ҳунармандчилик коллежида бўлган мулоқотлар чоғида Ҳилола Маматова автомобиль сотиб олиш учун кредит тартиби тўғрисида, Холиниса Тожибоева электр таъминотини яхшилаш, Муаззам Мирзааҳмедова коллеж ўқув биносини реконструкция қилиш масаласини тегишли дастурга киритиш ҳақида гапиришди. Учрашувда коллеж битирувчилари меҳнат қонунчилиги, ишга жойлашиш учун яратилган имкониятлар тўғрисида сўрашди.

Марғилон шаҳри «Узунҳовуз» маҳалла фуқаролар йиғинидаги учрашувда сайловчилар фаол иштирок этди. Улар депутат ­Бунёд Эшонқулов ахборотини тинглагач, бирин-кетин сўзга чиқиб, ўзлари яшаётган маҳаллада юзага келаётган муаммолар ҳақида гапиришди.

Сайловчилар билан учрашувлар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларига кўпроқ қайси масалаларда қатъиятли ва ташаббускор бўлиш зарурлиги ҳақида хулосалар чиқариш, келгуси режаларни белгилаш имконини берди. Депутатлар билан учрашувларда иштирок этгач, кузатишларимиз натижасида айрим мулоҳазаларни билдиришни ҳам лозим кўрдик.

Вилоят, туман ва шаҳар пар­тия кенгашларимиз депутатлар билан учрашувларга сайловчилар, электорат вакиллари, партия фаолларини ҳам тайёрлаш масаласига эътибор қаратиши муҳимдир. Бугун парламент фао­лия­ти, қабул қилинаётган қонунлар моҳияти, депутат ва сайловчи ҳуқуқлари, ­дунёда рўй бе­раётган воқеалар ҳақида ҳар биримиз кенг тушунчага эга бўлишимизни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Депутат билан сайловчилар учрашувлари янада мазмунли, янада самарали ўтишида бу долзарб аҳамиятга эга.

— Партиямизнинг маҳаллий ташкилотлари билан алоқаларимизни янада мустаҳкамлашимиз кераклигини англадим, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Авазбек Ўринбоев. — Айниқса, Жамоатчилик қабулхоналари фаолиятида, партия ташкилотларининг муҳим тадбирларида фаол иштирок этишимиз, партиямиз Сайловолди дастури ижроси тўғрисида сайловчиларимизга кенг ва атрофлича ахборот бериб боришимиз зарур. Шунда аҳоли, электоратимиз вакиллари мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида кенг тушунча ва тасаввурга эга бўлади.

— Ростини айтсам, парламентдаги депутатларимизни ҳамиша орзиқиб кутамиз, — дейди Ўзбекистон ХДП Деҳқон­обод туман кенгаши раиси Ашур Норбоев. — Туманимиз жадал тараққиёт йўлига тушиб олди, темир йўл, калийли ўғитлар заводи ва ўнлаб истиқболли кичик корхоналар иқтисодиётга барака киритмоқда. Бироқ тоғли ҳудуд бўлгани учун айрим қийинчилик ва муаммоларимиз ҳам бор. Шуларни барча депутатларимиз иштирокида ҳал қилсак, ҳамкорликда ишласак, дейман-да...

122-Ғузор сайлов округидан Олий Мажлис Қонун­чилик ­палатаси депутати ­Комила ­Каромова сайловчининг мулоҳазаларига тўла қўшилди.

Депутат сайловчилар билан учрашувга келганда ҳеч қачон бирон масала ечимини четлаб ўтишга ҳаракат қилмайди. Бу сафар ҳам депутатимизнинг учрашувлари Деҳ­қонобод туманида қизғин, ўзаро мулоқот, савол-жавоблар билан ўтди.

Комила Каромова Транспорт касб-ҳунар коллежида ёшларга оид давлат сиёсати акс этган қонунларимиз моҳиятини гапириб берди. 2016 йилги Давлат бюджети харажатларининг катта қисми ижтимоий соҳага йўналтирилганини, бунда таълим сифатини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Тиббиёт коллежида бўлиб ўтган учрашувда «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги қонун шарҳи ёшларни жуда қизиқтирди. Бу бўйича йигит-қизлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтишди.

Агробизнес коллежидаги учрашувда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг мазмун-моҳиятига алоҳида эътибор берилди. Унда туман прокурори ҳам Эшмурод Жўраев иштирок этди. Улар Конс­титуция­мизда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган ҳуқуқий ҳужжатларни шарҳлаб, ёшларнинг саволларига жавоб беришди.

— Депутатни жуда яхши таниймиз, — дейди партиямиз фаоли Роза Холманова. — Учрашув менда катта таассурот қолдирди. Ўзим учун кўплаб маълумотларга эга бўлдим, қонунлар бў­йича керакли тушунчалар олдим. Шу ўринда бир таклифим бор эди. Электорат манфаатларини ҳимоя қилишда партиямизнинг барча даражадаги депутатлари ҳамкорликни кучайтирса, яхши бўлади, деб ўй­лайман. Агар улар ўртасида алоқалар мустаҳкамланса, қиш­лоқ ва маҳаллаларда учраётган масалалар самарали ҳал этилади, деб ўйлайман.

— Ҳақ гапни айтдингиз, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик ­палатаси депутати ­Комила ­Каромова. — Масалан, Ўзбекис­тон ХДП Ғузор туман кенгашидаги Жамоатчилик қабулхонасига кўплаб фуқаролар мурожаат қилишмоқда. Мен ҳам 11 нафар фуқарони қабул қилдим. Ёшларга меҳнатга оид ҳуқуқларини тушунтирдим. Ва шуни анг­ладимки, жойларда бандлик дас­турини тўла амалга ошириш борасида партиямиз фаоллари, депутатларимиз, ўзимиз ҳали кўп меҳнат қилишимиз керак. Бунда партия кенгашлари ва депутатлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш яхши самара беради, албатта.

49-Янгиқўрғон сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси ­Абдуғаффор Қир­ғизбоев сайловчилар билан учрашувлари давомида мамлакатимизда рўй бераётган ўзгариш ва янгиланишлар, қабул қилинган қонунлар, парламентда муҳокама этилаётган қонун лойиҳалари ҳақида сайловчиларга батафсил маълумот берди.

— Жорий йилнинг ўтган даврида 13 қонун қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилди, — дейди депутат. — Парламент қуйи палатаси томонидан биринчи ўқишда 42, иккинчи ўқишда 33 қонун лойиҳаси кўриб чиқилиб, муҳокамадан ўтказилди.

Депутатнинг Янгиқўрғон тумани Нанай қишлоғидаги 18, 35-умумтаълим мактаблари, Заркент қишлоғидаги касб-ҳунар коллежида бўлиб ўтган учрашувларида янги таҳрирдаги «Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида»ги, «Инвестиция ва пай фонд­лари тўғрисида»ги, «Аҳолининг санитария эпидемиологик осо­йишталиги тўғрисида»ги, «Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги қонунлар, уларнинг мазмун-моҳияти ҳақида ўзаро фикр алмашинилди.

42-Косонсой сайлов округидан Олий Мажлис Қонун­чилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси ­Собитхон Турғунов сайловчилар билан юзма-юз мулоқотларни сайлов округи ҳудудидаги иқтисодиёт коллежидан бошлади.

2016 йил учун мўлжалланган бандлик дастурининг ўзига хос жиҳатлари, такомиллаштирилган механизмлари хусусидаги маълумотлар сайловчилар учун қизиқарли бўлди.

Обод, Навбаҳор-1 маҳаллаларидаги учрашувларда сайловчилар парламент назорати, жамоатчилик назоратининг қамрови қандай бўлиши ҳақида депутатга саволлар билан мурожаат қилиб, жавоб олишди.

Бу галги учрашувларни кузатиб биз ҳам бир нарсага амин бўлдик. Депутатларнинг сайловчилар билан учрашув-мулоқотлари эндиликда анча самимий руҳда ўтмоқда, мамлакат тараққиёти, халқ фаровонлиги билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинмоқда. Чунки энди сайловчилар депутатни эшитиш билан чекланмаётир. Қонунлар ижросидан тортиб, ижтимоий-иқтисодий дастурларгача фикр ва муносабатларини билдиришмоқда.

Депутатлар учрашувлар чоғида партия Сайловолди дастури ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил ахборот беришди. ЎзХДП фракцияси ташаббуси билан парламент қуйи палатасида Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири ахбороти эшитилгани, 2016 йил учун мўлжалланган бандлик дас­тури ана шу эшитув натижасида янада такомиллашгани таъкидланди.

 

Аҳмадулло СОЛИЕВ,

Муҳаммаджон ОБИДОВ,

Юнус УЗОҚОВ,

Носиржон ДЕҲҚОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.



DB query error.
Please try later.