26.11.2015

САЙЛОВЧИЛАР ИШОНЧИНИ ОҚЛАШ

ҳар бир депутатнинг вазифаси ва бурчидир

Тўғриси, депутат билан боғланиш, суҳбатлашиш бироз қийин бўлди. У доим банд, кимнингдир мурожаатини ҳал қилиш ҳаракатида юрар экан. Охири Қизилгул Эрматовани Тошкент вилоят партия кенгаши ҳузуридаги Жамоатчилик қабулхонасида учратдик. Навбатдаги мурожаатларни тинглаганидан сўнг депутатни суҳбатга тортдик.

— Одамларни ўйлантираётган масалаларни аниқлаш, уларга ечим топишда Жамоатчилик қабулхоналари имкониятларидан фойдаланиш муҳим ўрин тутмоқда, — дейди депутат. — Аҳолининг қабулхоналарга ишончи ортиб бораётгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди. Олмалиқ шаҳар партия кенгашидаги қабулхонага тушаётган мурожаатларнинг аксарияти иш билан таъминлаш масаласида бўлмоқда.

Вилоят партия кенгаши фаолларининг айтишига қараганда, депутат Қизилгул Эрматова кўмаги билан жисмоний имконияти чекланган фуқароларга қўлтиқтаёқлар, эшитиш аппаратлари, ортопедик маҳсулотлар, ногиронлик аравачалари ажратилди. Депутат ташуббуси билан ижтимоий ҳимояга муҳтож 60 нафарга яқин йигит-қиз шаҳардаги корхона-ташкилотларга ишга жойлашган.

— Биз халқ вакилимиз, аҳолини ўйлантираётган ҳар бир масала эътиборимизда бўлиши керак, — дейди у. — Фаолиятимизни янада такомиллаштиришимиз, сайловчиларнинг, одамларнинг бизга билдирган ишончини оқлашимиз зарур.

Бунинг учун ҳуқуқ ҳамда ваколатларимиз етарли. Масалан, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига давлат ҳокимияти вакиллик органлари мансабдор шахсларининг ҳисоботи, ахборотини эшитиш ҳуқуқи берилган. Ана шу имкониятдан фойдаланиб, сайловчилар манфаатига хизмат қилувчи ташаббуслар билан чиқишимиз зарур. Яна бир масала. Депутатлик сўрови институти орқали жойлардаги камчиликларни ўрганиш, шу асосда ижтимоий масалаларни ҳал этиш ваколатимиз бор. Бундан самарали фойдалансак, кутилган натижага эришамиз.

Бу борадаги фаолиятимизга назар ташлайдиган бўлсак, жорий йилнинг 9 ойи давомида тегишли ташкилот ва идора раҳбарларига 10 га яқин депутатлик сўрови юборилди. Шу ўринда бир фикрни алоҳида таъкидламоқчиман. Бугун мутасадди ташкилотлар раҳбарларининг депутатлик сўрови билан ишлаш борасидаги масъулияти кучайган. Буни депутатлик сўровларининг аксарияти ижобий ечим топаётганидан ҳам билса бўлади. Мисол учун, Олмалиқ шаҳар тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги руҳий асаб касалликлари диспансери биносини мукаммал таъмирлаш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш таклифи билан вилоят ҳокимлигига сўров юборган эдим. Ушбу масала тегишли дастурга киритилиб, зарур маблағ ажратилди, айни пайт­да таъмирлаш ишлари давом этмоқда.

Депутат томонидан аҳолига малакали тез тиббий ёрдам кўрсатиш самарадорлигини ошириш мақсадида депутатлик сўрови билан чиқилган. Натижада Олмалиқ шаҳар тиббиёт бирлашмаси моддий техник базаси мустаҳкамланиб, аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш сифати яхшиланган.

Депутат фикрларидан бир нарсага амин бўлдик. Эл-юрт манфаатини кўзлаган ҳар бир инсон атрофидаги воқеа-ҳодисаларга зийрак нигоҳ билан қарайди, муаммоларга шунчаки ёндашмайди. Депутатимиз ҳуқуқ ва ваколатлардан самарали фойдаланишга, аҳоли билан елкама-елка туришга интилади. Жамоатчилик, депутатлик назорати асосида ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатига оид масалаларни мунтазам ўрганиб боради.

Мисол учун, депутат «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонун ижроси доирасида амалга оширилаётган ишларни ўрганиш жараёнида иштирок этди. Қибрай, Зангиота туманлари ҳамда Чирчиқ шаҳрида қонун нормаларини ҳаётга татбиқ этиш бўйича айрим масалалар аниқланди. Ушбу масала халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгаши сессиясида ҳам кўриб чиқилди. Қонун ижроси самарадорлигини ошириш юзасидан сессия тегишли қарор қабул қилди.

— Ҳар бир депутат ўзи сайланган сиёсий партия манфаатларини ҳимоя қилиши, электоратни ўйлантираётган масалаларни бартараф этишга кўмаклашиши, шунингдек, ўз округидаги аҳоли турмуш тарзидан доимий хабардор бўлиши лозим, — дейди депутат. — Ана шунда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ҳамюртларимиз турмуш фаровонлигини янада оширишга ҳисса қўшамиз.

Биз Қизилгул Эрматовани партия тадбирларида кўп учратамиз. Депутат доимо кимнингдир оғирини енгил қилиш, одамларга ниманидир тушунтириш ҳаракатида юради. Шунинг учун бўлса керак, олмалиқликлар тиниб-тинчимас депутатни яхши танийди, ҳурмат қилади.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.