Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
25 26 27 28 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
26.11.2015

КИТОБ ЎҚИМАЙДИГАН БОЛА

эзгуликдан йироқ бўлади

Бу — Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Эркин Маликовнинг фикри.

— Ўзини зиёли ҳисоблайдиган ҳар бир одам бола тарбиясига эътибор қаратиши, бу борада масъулиятни чуқур ҳис қилиши лозим, — дейди у. — Баъзи ота-оналар фарзандларини боғчага, мактабга олиб боришни буви ёки бобо зиммасига юклаб қўяди. Вақт ажратиб, болаларига меҳр бермайди. Улар эса табиий, ота-онаси билан юргиси, уларнинг меҳрига тўйгиси келади.

Қачонки ота ёки она фарзандининг интилишларига жиддий аҳамият қаратса, шундагина у ота-онасига меҳрли бўлиб улғаяди. Назардан қочирмаслигимиз керакки, боладаги ҳар қандай туйғу дастлаб оилада шаклланади. Ота-онасининг китоб ўқиганини кўрмаган бола, қўлига китоб олмайди. Китобга қизиқмаган боладан эса қўрқиш керак. Чунки ҳаётимиз давомида кўп кўрганмиз, китоб ўқимайдиган бола эзгуликдан йироқ бўлади.

— Болалар ёзувчиси сифатида улар билан учрашиб турасизми?

— Бугунги кунда ҳар бир ижодкор ўз ўрнини мактабда, таълим ўчоқларида деб билиши керак, деб ўйлайман. Бу ерда улар ўқитувчилар, ўқувчилар, ота-оналар билан жонли мулоқотга киришиши зарур.

Мен ҳам мактабларга тез-тез бориб тураман. Пойтахтимиздаги 110-мактаб билан ҳамкорлигим бор. Бу даргоҳда ўтадиган суҳбатларда баъзи ота-оналар ўз фарзанди тарбияси билан жиддий шуғулланмаслигига гувоҳ бўлганман. Бундай пайтларда вақт топиб, улар билан суҳбатлашаман, ўз жигарбандига бундай муносабат ёмон оқибатларга олиб келиши мумкинлигини мисоллар билан тушунтираман. Шундан сўнг уларнинг фарзандига бўлган эътибори ижобий томонга ўзгарганини кўриб қувониб кетаман.

— Бугуннинг боласи қандай китобларни ўқиши керак, деб ўйлайсиз?

— Болаларнинг қизиқиш доираси турлича бўлиши мумкин. Бирови техникага, бошқаси санъатга, яна бири ўқитувчиликка дегандай... Энг муҳими, улардаги бу рағбатни сўндирмаслик керак. Боланинг интилишига доир китоб­лар топишга кўмаклашиш керак. Ана шундагина ота-она ва фарзанд ўртасида ўзаро муштараклик пайдо бўлади, бола бирор ишга қўл урмоқчи бўлса, албатта улардан маслаҳат сўрайди. Тўғри берилган йўналиш эса ўртадаги ишонч­ни янада мустаҳкамлайди.

Ҳозир болалар нашриётлари ўзбек давлатчилиги тарихига оид воқеаларни содда, равон ва тушунарли қилиб, ҳикоя тарзида чоп қиляпти. Ойбекнинг «Болалик», Абдулла Қаҳҳорнинг «Ўтмишдан эртаклар», Ҳаким Назир ва бош­қа ёзувчиларнинг асарлари нашр этилмоқда. Болалар бундай китобларни севиб ўқийди ва уларнинг қаҳрамонларидан ўрнак олишга ҳаракат қилади.

Фарзандларимиз бугун тўла-тўкис замонда ўсмоқда. Уларга давлатимиз томонидан яратиб берилган имкониятларнинг чек-чегараси йўқ. Бугунги куннинг қадрига етиш учун уларда ўтмиш ҳақида тўлиқ тасаввур бўлиши керак. Ўшандагина улар ҳозирги тўкинчилик, фаровон ҳаётимизнинг қадрига етади.

Глобаллашув даврида қудратли давлатлар ўртасидаги зиддиятлар тобора кучайиб боряпти. Бугун, кеча биз умуман хаёлимизга келтирмаган воқеалар содир бўляпти. Уларни зийраклик билан кузатиб бормасак, ютқазиб қўямиз.

Бола тарбиясида узвийлик керак. Ҳар бир ота-она фарзандининг бўш вақтида нима қилаётгани, ким билан ўйнаётгани, қандай китоб ўқиётгани, телевизордан нималар кўраётганига, қўл телефонида кимлар билан гаплашаётганига жиддий эътибор қаратиши шарт. Ўшандагина афсус-надомат қилмаймиз. Фарзандларимиз орқасидан раҳмат эшитамиз, одамлар бизга ҳавас билан қарайди.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Озода БЕКМУРОДОВА

суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.