26.11.2015

ЎЗБЕК ЖАНГ САНЪАТИ

бўйича Ўзбекистон кубоги баҳслари бўлиб ўтди

Пойтахтимиздаги «Жанггоҳ» спорт мажмуида Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Ўзбек жанг санъати федерацияси, Шарқ яккакурашлари ва жанг санъатларини ривожлантириш маркази ҳамкорлигида ўтказилган мусобақада тўрт юз нафарга яқин ўғил-қиз ғолиблик учун гиламга чиқди. Унда спортчилар яккама-якка беллашув ва комплекс машқларни бажариш бўйича ўз маҳоратларини намойиш этдилар.

— Бугунги кунда юртимиз шаҳар ва қишлоқларида қирқ минг нафардан зиёд йигит-қиз спортнинг мазкур тури билан шуғулланмоқда, — дейди Ўзбек жанг санъати федерацияси раиси Пўлат Усмонов. — Айни чоғда федерациямиз Жаҳон миллий жанг санъатлари уюшмаси, Жаҳон яккакураш спорт турлари ташкилоти, Халқаро жанг санъатлари ассоциацияси каби нуфузли ташкилотлар аъзосидир. Моҳир спортчиларимиз шу йилнинг ўзида Франция, АҚШ, Жанубий Корея каби давлатларда ўтказилган халқаро спорт фестивалларида муносиб иштирок этишди. Сўнгги пайтларда мамлакат миқёсидаги мусобақалар нафақат пойтахтимизда, балки турли вилоятларда уюштириб келинаётганлиги ҳам жойларда ўзбек жанг санъатига бўлган қизиқишни янада оширмоқда.

Уч кун давом этган муросасиз баҳслар якунида Муҳаммад Омонов, Мансур Серикбоев, Дилшод Муҳаммаджонов, Диёр Қолдибоев, Дилмурод Қобилов, Фирдавс Ҳожиев, Элдор Нуралиев, Озодбек Аширов, Азиз Жумаев, Эъзоза Зоҳиджонова, Одина Абдуғаниева, Севинч Зиёдуллаева, Дилзода Озодова, Гўзал Пейсенова, Мафтуна Икромова, Карина Ким сингари ўнлаб спортчилар ўз вазн ва йўналишларида кучлилар сафидан ўрин олди. 

Яна бир аҳамиятли жиҳати, бугунги кунда ўзбек жанг санъати бўйича жорий этилган саломатлик комплекс машқлари жойларда кенг оммалашиб бормоқда. Жумладан, Ўзбекистон кубоги доирасида Асака шаҳридан ташриф буюрган ўн олти нафар аёл мазкур дастур бўйича ўз чиқишларини намойиш этди.

— Мен бир неча йилдан бери Асака педагогика касб-ҳунар коллежида ёшларга инглиз тилидан дарс бераман, — дейди Ўғилой Мусаева. — Таълим муассасамиз спорт зали дарсдан кейин доимо ўғил-қизлар билан гавжум. У ерда мураббий Акмал Алиев ёшларга ўзбек жанг санъати сирларини ўргатади. Дастлаб биз ҳамкасбларимиз билан ана шу машғулотларни томошабин сифатида кузатган бўлсак, сентябрь ойидан бошлаб саломатлик дастури бўйича комплекс машқларни биргаликда бажариб келяпмиз.

Ўзбекистон кубоги баҳсларининг яккама-якка беллашувлари якунида умумжамоа ҳисобида энг кўп медаль жамғарган Бухоро вилояти вакиллари фахрли биринчи ўринни эгаллаган бўлса, Сурхондарё ҳамда самарқандлик спортчилар кейинги поғоналарни банд этди. Комплекс машқларни бажариш бўйича Андижон, Қашқадарё ҳамда наманганлик ўзбек жанг санъати усталари кучли учликдан жой олишди.

 

Эркин ХОЛБОБО,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.