26.11.2015

САЙЛОВ ТИЗИМИ: ЎЗБЕКИСТОН ВА ХОРИЖИЙ МАМЛАКАТЛАР ТАЖРИБАСИ

Тошкентда «Сайлов тизими ва қонунчилигини янада демократлаштириш: Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлар тажрибаси» мавзусида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан Жаҳон сайлов органлари ассоциация­си, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, шунингдек, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мус­тақил институти, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар инс­титути билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Давра суҳбати Ўзбекистон ва хорижий мамлакатларнинг сайлов қонунчилиги ривожи масалаларини муҳокама қилиш, Ўзбекистон сайлов тизимини халқаро стандартларга мувофиқ ислоҳ қилиш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар билан халқаро ҳамжамиятни таништиришга бағишланди.

Унда Жаҳон сайлов органлари ассоциацияси, Франция, Германия, Жанубий Корея, Латвиядан экспертлар, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ва ҳудудий сайлов комиссиялари аъзолари, Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, сиё­сий партиялар, Ўзбекистон Экологик ҳаракати, вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, сайлов ҳуқуқи соҳаси олимлари ва мутахассислари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбир очилишида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов мамлакатимизда мустақиллик йилларида сиёсий, давлат ва ҳуқуқий тизим босқичма-босқич модернизация қилиниши самарасида юксак демократик талабларга мос миллий сайлов тизими яратилганини таъкидлади. Фуқароларнинг шу аснода давлат ва жамият ишларини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқи тўлиқ таъминланмоқда. Бунда Конституциямиз ва қонунларда умум­эътироф этилган норма ва принциплар асосида шакллантирилган сайловларни ўтказишнинг демократик принциплари мустаҳкамлаб қўйилгани муҳим аҳамият касб этаётир.

Давра суҳбатида сайлов эркинлиги ва хоҳиш-иродани эркин билдириш принциплари, биринчи навбатда, ҳар бир шахснинг давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш бўйича конституциявий ҳуқуқи миллий давлатчилигимиз моделининг асосини ташкил этиши таъкидланди. Сайлов тизимида изчил ва ўзаро уйғун ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига бошқа давлат ҳокимияти органларининг аралашувисиз сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишни таъминлайдиган, давлат ҳокимияти тизимида алоҳида ўрин тутган конс­титуциявий орган мақоми берилгани ҳам сайловларнинг демократиклиги, очиқ ва ошкоралигини ҳар томонлама таъминлашнинг муҳим кафолатларидан бири бўлди. Марказий сайлов комиссиясини шакллантиришнинг демократик тизими, унинг фаолияти асосий принциплари конституциявий норма сифатида белгиланди, шунингдек, Бюджет кодексига киритилган ўзгартишларга мувофиқ, унинг молиявий мус­тақиллиги таъминланди.

2014 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтган сайловлар, шунингдек, 2015 йилда ўтказилган Ўзбекис­тон Республикаси Президенти сайлови демократик сайлов тизимини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган улкан ўзгаришлар юксак самаралар бераётганидан далолатдир. Мазкур сайловлар натижалари давлат ҳокимияти органларини такомиллаштириш, халқ ҳокимиятининг демократик асосларини мустаҳкамлаш, мамлакатимизни ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида янада ривожлантиришнинг муҳим бос­қичига айланди.

Давра суҳбатида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг мамлакатимиздаги лойиҳалари координатори Д.Сабо сайловлар ҳар бир мамлакат ҳаётидаги муҳим сиёсий жараён эканини қайд этди. Ўзбекистон сайловлар ўтказишдек кенг кўламли сиёсий тадбирларни юксак савияда ташкил этиш бўйича ўзига хос улкан тажрибага эга. Бунда сайлов тизимини такомиллаштиришга қаратилган мустаҳкам ҳуқуқий асослар яратилгани муҳим омил бўлмоқда.

Тадбир давомида сайлов тизими ва сайлов тўғрисидаги қонунчиликнинг турли жиҳатлари, жумладан, ҳуқуқни қўллаш амалиёти, сайлов кампаниясини молиялаштириш, сайлов жараёни иштирокчиларининг жавобгарлиги, партия­лараро рақобат, фуқароларнинг давлат ва жамият бош­қарувидаги иштирокини кенгайтиришга доир долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Шу муносабат билан сайловчиларнинг ягона электрон реестри фаолияти бўйича чет давлатларда ҳуқуқни қўллаш амалиёти, мамлакатимизда ҳам бундай реестрнинг ҳуқуқий асосларини яратиш ва ундан фойдаланиш имконияти муҳокама этилди.

Латвия Марказий сайлов комиссияси раиси А.Цимдарснинг таъкидлашича, Латвия тажрибасидан келиб чиққан ҳолда шуни айтиш мумкинки, сайловчиларнинг ягона электрон реестридан фойдаланиш фуқаролар ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиради, сайлов жараёнининг очиқ ва ошкоралигини таъминлайди. Сайлов комиссиялари ва маҳаллий органлар ишини енгиллаштириб, сайловчилар тўғрисида аниқ маълумотлар тузиш имконини беради ва «бир сайловчи — бир овоз» принципини таъминлайди. Энг муҳими, сайловчилар масъулиятини ошириб, шикоятлар бўлиш эҳтимолини камайтиради.

Тадбирда ҳуқуқни қўллаш амалиёти самарадорлигини ошириш, сайлов жараёни барча иштирокчиларининг сайлов тўғрисидаги қонунчилик талабларига сўзсиз риоя этиши, сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилди.

Франциянинг Тулуза шаҳар молиявий суди фахрий вице-президенти Ж.Ракен Ўзбекис­тон сайлов қонунчилиги билан танишиб, унинг ҳар томонлама пухта ишлаб чиқилганига ишонч ҳосил қилганини таъкидлади. Унинг фикрича, мазкур қонунчиликда фуқаролар ҳуқуқлари билан боғлиқ барча жиҳатлар инобатга олингани Ўзбекистонда жамият юксак даражада демократлаштирилганидан далолат беради. Сайлов тўғрисидаги қонунларнинг ягона Сайлов кодекси шаклида кодификация қилиниши барча даражадаги сайловларни ўтказишнинг асосий тамо­йил ва умумий қоидаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Экспертларнинг фикрича, сайлов жараёнининг очиқ ва ошкоралигини таъминлаш фуқароларнинг сайлаш ҳуқуқларини амалга оширишнинг кафолатидир. Сайлов кампания­си давомида оммавий ахборот воситалари нафақат сайловчиларни хабардор қилишнинг асосий манбаи, балки муҳим жамоатчилик назорати воситаси ҳамдир. Парламент ва
Президент сайловлари жараёнида Марказий сайлов комиссиясининг оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлиги янада мустаҳкамланиб бораётгани яққол намоён бўлди.

Давра суҳбати очиқ ва амалий мулоқот руҳида ўтди. Тадбир иштирокчилари Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ Ўзбекистонда изчил амалга оширилаётган, жумладан, сайлов эркинлигини таъминлаш ва сайлов қонунчилигини такомиллаштириш борасида ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар фуқароларнинг давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш бўйича Конституциямизда кафолатланган ҳуқуқларини мустаҳкамлашга қаратилгани ҳақида якдил фикр билдирди.

 

Норгул АБДУРАИМОВА,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.