24.11.2015

БАНДЛИК ДАСТУРИ ОРТИДА

инсон манфаати, минглаб ёшларимиз тақдири туради

Хабарингиз бор, жорий йил 3 декабрь куни Олий Мажлис Сенатининг тўрт­инчи ялпи мажлиси бўлиб ўтади. Унда мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг барқарор ўсиш суратларини таъминлаш, аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш билан боғлиқ муҳим масалалар, шунингдек, бир қатор қонунлар муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Хусусан, Сенат аъзолари парламент қуйи палатаси қабул қилган 2016 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли банд­лигини таъминлаш дастурини кўриб чиқиши режалаштирилган. Келгуси йилда 992,7 минг кишининг бандлигини таъминлаш кўзда тутилганини ҳисобга олсак, бандлик дастуридан хал­қимиз, мамлакатимиздаги ҳар бир оиланинг манфаатдорлиги, ушбу дастур, айниқса, таълим муассасаларини тамомлайдиган минг-минглаб ёшларимизнинг келажаги, тақдири билан боғлиқ экани аён бўлади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Ёқуб Умаров билан 2016 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури, унинг ўзига хос хусусиятлари, аҳамияти ҳақида суҳбатлашдик.

Бугун жаҳоннинг турли ҳудудларида ҳукм сураётган нотинчлик, қатор давлатлар тараққаётини орқага тортаётган ижтимоий-иқтисодий беқарорлик, борган сари боши берк кўчага кириб қолаётган сиёсий тангликларнинг сабаблари ҳақида турлича фикрлар билдирилмоқда, ҳар хил хулосалар чиқарилмоқда. Бир гуруҳ социолог олим ва тадқиқотчилар дунёда юз бераётган бундай нохушликлар, хунрезликларнинг асосий сабабларидан бири аҳоли бандлигини таъминлаш масаласига бориб тақалишини таъкидлашди. Халқаро эксперт­лар ва мутахассислар ишсизликни камайтиришда энг муҳим омил давлат ва жамият саъй-ҳаракатларини бирлаштириш эканини айтишяпти. Шу маънода келгуси йилга мўлжалланган мамлакатимиз бандлик дастури, унинг ўзига хос хусусиятлари ва аҳамияти тўғрисида нималар дея оласиз?

Дарҳақиқат, дунё оммавий ахборот воситаларида ҳам бандликни таъминлаш, ишсизликни камайтириш мавзусига тез-тез мурожаат қилинмоқда, ҳар қандай давлат ушбу масалада пухта ишлаб чиқилган иқтисодий ислоҳотларни амалга оширмасдан барқарорликка эришолмаслиги таъкидланяпти.

Мамлакатимизда иш ўринлари ташкил этиш, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларнинг бандлигини таъминлашга устувор вазифа сифатида қаралмоқда. Эътибор берган бўлсангиз, иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури дунё­да молиявий-иқтисодий инқироз кучайган пайтдан, яъни 2009 йилдан бери ҳукумат ишлаб чиққан лойиҳа асосида парламент томонидан қабул қилиняпти.

Дастурнинг шаклланиши бир неча босқичда амалга оширилмоқда. Аввал унинг кўрсаткичлари туман, шаҳарлар, кейин эса Қорақалпоғис­тон Республикаси ва вилоятлар миқёсида муҳокама қилиняпти. Шулар асосида мамлакат бўйича таҳлиллар ва маълумотлар умумлаштирилиб, ҳукумат томонидан дас­тур лойиҳаси ишлаб чиқилаяпти. Дастурни шакллантиришда ҳудудларнинг ривожланиш даражаси, иш ўринлари эҳтиёжи, фуқаролар ва давлат имкониятлари ҳисобга олин­япти. Шунга мос равишда дастурнинг ижро жараёни ва уни назорат қилиш механизми ҳам такомиллашиб боряпти. Бошқача айт­ганда, иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларини самарали ҳал этишда барча ҳудудлар ва тармоқлар қамраб олин­япти, давлат ва жамиятимизнинг саъй-ҳаракатлари шу масалага йўналтирилмоқда.

2016 йилга мўлжалланган бандлик дастури йўналишлари Халқаро меҳнат ташкилоти тавсиялари ҳамда миллий қонунчилигимиз талабларига ҳар томонлама мувофиқ келади. Хусусан, унда ёшлар, мигрантлар ва аёлларни ишга жойлаштириш юзасидан қатъий чоралар белгиланган. Умуман, бандлик дастури ўтган йиллар давомида юртимизда аҳолини иш билан таъминлашда муҳим ва самарали ҳужжатга айлангани, халқимиз, фуқароларимиз ушбу дас­тур натижаларига катта қизиқиш билан муносабатда бўлаётгани мутахассислар хулосаларида ҳам, ҳаётда ҳам исботини топмоқда.

Бугун мамлакатимизда ҳар бир ота-она бандлик дастурининг аҳамиятини фарзандлари тақдири билан боғлиқ ҳолда тасаввур этмоқда, ўқишни тамомлаб, катта ҳаётга кириб келаётган ёшларимиз бу дастурга жуда муҳим ҳужжат, келажагимиз кафолати, деб қарамоқда. Буларнинг барчаси бандлик дас­тури асосида ҳар томонлама чуқур ўйланган сиёсат, эзгу мақсад борлигини тасдиқлаб турибди.

Агар чуқурроқ ўйлаб, кенг­роқ мулоҳаза юритсак, битта янги иш ўрни очиш, бир одамни ишга жойлаштириш ўз-ўзидан амалга ошмаслиги аён бўлади. Иш ўрни яратилиши масаласи кўплаб омилларга боғлиқ. Бунинг учун, аввало, ишончли иқтисодий асос бўлиши керак. Шу ўринда 2016 йилда ташкил этилиши кутилаётган иш ўринлари ва уларнинг иқтисодий асослари ҳақида маълумот берсангиз.

— Дастурда кўзда тутилган иш ўринлари ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантиришга қаратилган дастурлар билан узвий боғланган. Бу жараён йилдан-йилга такомиллашиб бормоқда, дастурнинг кўрсаткичларини иқтисодий жиҳатдан асослаш, яратилаётган иш ўринларининг ҳаққонийлигини ошириш бўйича ҳар йили жиддий ишлар қилинаётгани, зарур чоралар кўрилаётганини таъкидлаш жоиз.

Дастурнинг ҳудудлар ва йўналишлар (тармоқлар) бўйича прогноз кўрсаткичлари меҳнат бозорига кириб келаётган ёшлар, банд бўлмаган шахслар, қайтаётган меҳнат мигрантлари, шунингдек, саноат, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари, хизмат кўрсатиш ҳамда кичик бизнес ривожланиши билан боғлиқ умумий талабнинг ҳисоб-китобидан келиб чиқиб аниқланган.

2016 йилда 362,1 мингта иш ўрни яратиш ва 630,6 минг нафар кишининг бандлигини таъминлаш (жами 992,7 минг) кўзда тутилган.

Янги иш ўринлари мақсадли комплекс дастурларга мувофиқ янги объектларнинг ишга туширилиши, ишлаб турган корхоналарни қайта жиҳозлаш ва фаолиятини кенгайтириш ҳисобига ташкил этилиши белгиланган. Хусусан, янги иш ўринларининг 130,8 мингтаси — саноатда (15,5 мингтаси — кичик саноат ҳудудларида), 57,3 мингтаси — хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида, 54,5 мингтаси — қишлоқ хўжалигида, 59,7 мингтаси — қурилишда, 59,8 мингтаси эса ишламай турган корхоналар фаолиятини тиклаш ҳисобига яратилиши режалаштирилган.

Хўш, қандай қилиб бундай улкан натижаларга эришилади? Бу кўрсаткичлар инвестиция, саноатни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари дастурларини, саноат ҳудудларини ташкил этиш, қурилиш ташкилотларини янада ривожлантириш ва уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, хизмат ва сервис соҳасини ривожлантириш дас­турларини амалга ошириш ҳисобига таъминланади.

Келгуси йил хусусий, якка тартибдаги тадбиркорликни кенгайтириш натижасида 335,1 минг нафар кишининг бандлигини таъминлаш кутилмоқда. Бунда Президентимизнинг жорий йилда қабул қилинган тегишли фармонларига мувофиқ, хусусий мулкчиликни, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш ва инвестиция иқлими ва тадбиркорлик муҳитини янада такомиллаштириш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар муҳим ўрин тутади.

Бундан ташқари, уй меҳнати, энг аввало, корхоналар билан меҳнат шартномаларига асосланган касаначилик, ҳунармандчилик ва оилавий тадбиркорлик ривожланиши (125,9 минг нафар), деҳқон ва фермер хўжаликларида чорвачилик, паррандачилик, боғдорчилик, балиқчилик, асаларичилик, сабзавот маҳсулотлари етиштириш кенгайиши ҳисобига (169,6 минг киши) бандликни таъминлаш ҳисобга олинган.

— Бир неча йилдан бери Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси ташаббуси билан бандлик дастури ижроси, хусусан, таълим муассасалари битирувчиларини эгаллаган мутахассислигига кўра ишга жойлаштириш масалалари бўйича парламент эшитуви ўтказиб келинмоқда. Бу йил ҳам шундай эшитув ўтказилди. Бундан кўринадики, битирувчиларнинг ишга жойлаштирилиши ЎзХДП учун принципиал аҳамиятга эга. 2016 йилга мўлжалланган дастурда бу борада қандай янги чора-тадбирлар белгиланган?

Коллеж битирувчиларининг ишга жойлашиши иш берувчи ёки битирувчиларнинг ҳаракатигагина боғлиқ эмас, аксинча бу анча мураккаб жараён эканига ҳаётда кўп гувоҳ бўлиняпти. Шунинг учун ушбу масалада ота-оналар, таълим муассасалари, корхона-ташкилотлар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга, ёшларнинг бандлигини таъминлаш бўйича масъулиятни кучайтиришга жиддий эътибор қаратилмоқда. Бундан кўзланган ягона мақсад фарзандларимизнинг ўзига ва келажакка ишончини оширишдан иборатдир.

Коллежни тамомлагач, омади чопмай олий ўқув юртига киролмаган, эгаллаган мутахассислиги бўйича ишга жойлаша олмаган ёшларнинг кайфияти, руҳий ҳолати, ички кечинмалари ҳақида ўйлаб, ўзимизга тасаввур қилиб кўрсак, уларга давлат ва жамият ғамхўрлиги, сизу бизнинг эътиборимиз, ёрдамимиз қанчалик зарурлиги ойдинлашади. Бундай ёшлар олдида барча масъуллар, ҳаммамиз маънавий жавобгарлик ҳиссини туймоғимиз керак. Шу боис фракциямиз бандлик дастури ижроси бўйича ўтказилаётган парламент эшитувларида битирувчилар бандлигини таъминлашга ижобий таъсир этадиган омилларни чуқур таҳлил қилишга, шу асосда таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишга, мутасадди идора-ташкилотларнинг масъулиятини оширишга урғу бермоқда.

2016 йилда касб-ҳунар коллежларини тамомлайдиган 511 минг нафардан зиёд касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртлари битирувчиларини (барча объектив ҳолатларни инобатга олган ҳолда) ишга жойлаштириш мўлжалланган. Келгуси йил коллеж битирувчиларининг бандлигини таъминлаш бўйича янги услублар ҳам қўлланилади.

Биринчидан, коллежлар ва лицейларнинг ўқув жараёнига ёшларнинг иқтисодий билимлари ҳамда меҳнат муносабатларига оид кўникмаларини мус­таҳкамлашга хизмат қиладиган махсус ўқув-амалий курслар жорий этилади. ZIYONET ва интернет тармоғида «Ўз бизнесинг­ни ташкил қил» махсус портали очилади. Бундан ташқари, яна кўплаб тарғибот-ташвиқот тадбирлари, турли лойиҳалар амалга оширилиши кутилмоқда.

— Бандлик дастури ижросига доир парламент эшитувлари вақтида депутатлар, Ҳукумат аъзолари иш ўринлари ташкил этилгани ёхуд битирувчиларнинг ишга жойлашгани ҳақидаги маълумотларнинг ҳаққонийлигини таъминлаш зарурлигини алоҳида таъкидлаб ўтишади. Шуб­ҳасиз, бу долзарб вазифадир. Чунки ҳар битта нотўғри маълумот ортида бир одамнинг тақдири, турмуш фаровонлиги билан боғлиқ муҳим масала туради. 2016 йилга мўлжалланган бандлик дастурида унинг ижро механизмини такомиллаштириш юзасидан қандай вазифалар белгиланди?

Тан олиш керак, дастур ижросини сифатли ташкил қилиш энг долзарб вазифа бўлиб қоляпти. Бу борадаги камчиликларни бартараф этиш мақсадида ҳар йили тегишли чора-тадбирлар белгиланяпти.

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Давлат статистика қўмитасининг электрон ахборот тизимидан фойдаланиб, дастурнинг туман ва шаҳарлар, тармоқлар ва аниқ корхоналар бўйича бажарилиши тизимли ҳамда доимий мониторинг қилинади.

Дастур ижроси реал вақт режимида таҳлил этиб борилади. Ушбу механизм тасдиқланган иш ўринлари ташкил этиш параметрларидан ортда қолиши кузатилган корхоналар ва тармоқларни, бандлик йўналишларини, шунингдек, туманлар ва шаҳарларни аниқлаш имконини беради. Шу орқали дастур ижросини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш мумкин бўлади.

Дастур ижроси мониторинги ҳамда умумлаштирилган таҳлилий ахборот ҳар ойда Ҳукуматга киритиб борилади. Уларнинг натижалари Вазирлар Маҳкамасининг йиғилишларида вазирликлар ва идоралар, ҳокимликлар ва йирик корхоналар раҳбарлари иштирокида муҳокама қилиниб, тегишли чоралар белгиланиши кўзда тутилган.

Шунингдек, келгуси йилдан эътиборан маҳаллий ҳокимликлар хузуридаги тегишли комиссиялар фаолияти самарадорлиги кучайтирилади. Жумладан, доимий фаолият юритаётган комиссияларнинг йиғилиши туман даражасида икки ҳафтада камида бир марта, вилоят хокимликлари даражасида эса бир ойда камида бир марта ўтказилади. Битта йиғилишда камида 2-3 туманда иш ўринларини ташкил этиш бўйича муаммоли лойиҳаларни, 10-15 муаммоли корхоналарни масъул раҳбарларни таклиф этган ҳолда, кўриб чиқиш белгиланган. Комиссия фаолияти билан боғлиқ тезкор ахборотлар ҳокимликлар, Савдо-саноат палатаси ҳамда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги сайтларида жойлаштирилиши режалаштирилган. Бу чора-тадбирлар дастур ижроси бўйича масъулият ошишига, ушбу масалада жамоатчилик ва парламент назорати кучайишига хизмат қилади. Бу борада қўмитамиз ҳам бир қанча ишларни режалаштирган.

Кези келганда айтиш керакки, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги пар­тиямиз гуруҳлари ва фракция­миз ҳамкорлигида бандлик дастури ижросини ўрганиш, бу борада депутатлик, парламент ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича муайян тажриба тўпланган. Ана шу тажриба дастур ижросига муносиб ҳисса қўшишимизда, партиямиз электорати манфаатларини ишончли ва самарали ҳимоя қилишимизда асқотади, деб ўйлайман.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Тўлқин ТЎРАХОНОВ

суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.