24.11.2015

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯСИДА

миллий ва умумбашарий қадриятларнинг ифодаланиши

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида туб ўзгаришлар рўй берди, хусусан, демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш борасида оламшумул ишлар амалга оширилди. Ушбу ислоҳотларнинг ҳуқуқий кафолати сифатида қабул қилинган ҳамда бугун 23 йиллиги нишонланаётган Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси мамлакатимизда мукаммал миллий ҳуқуқий тизим шаклланишига асос бўлди. Тўла ишонч билан айтиш мумкинки, ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида эришилган, асрга татигулик ютуқлар, аввало, Бош қомусимизда белгиланган мақсад ва принциплар билан узвий боғлиқдир.

Турмушимизда Конституциянинг ҳаётбахш кучи, барқарорлаштирувчи таъсири кундан-кунга ортиб бормоқда. Шак-шубҳасиз, асосий қонунимиз жамиятни бирлаштирувчи, кенг оммани ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айлантирувчи муҳим омилга айланган. Бу эса ўз навбатида, ижтимоий тараққиёт­ни янада тезлаштиради.

Конституция олий даражадаги ҳужжат сифатида давлатимизнинг қиёфаси, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий тузумини, ислоҳотларнинг стратегик йўналишларини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатини ҳамда маънавий қадриятларимиз асосини мустаҳкамлаб берди.

Президентимиз Ислом Каримов айтганидек, ҳақиқатан ҳам, 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Конституциямиз Ўзбекистон тарихида, узоқ, давомли мақсад ва вазифаларимизни аниқ белгилаб беришда ўзининг пухта ўйланган тамойил ва қоидалари билан ишонч­ли ва ҳал қилувчи омил бўлди, деб таъкидлашга барча-барча асосларимиз бор.

Конституция­мизнинг муқаддимасидаёқ мамлакатимизнинг узоқ стратегик ривожланишини белгилаб берадиган мақсад ва вазифалар акс этган. Хусусан унда, Конституция республика фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлашга интилиб, инсонпарвар демократик давлат барпо этишни кўзлаб қабул қилиниши белгиланган. Мазкур мақсад мамлакатимизда кейинги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар учун муҳим асос бўлиб хизмат қилди.

Конституциямиз 1990 йилда Юртбошимиз бошчилигида тузилган махсус комиссия томонидан чуқур таҳлиллар асосида яратилганлиги ҳамда унинг мазмунига халқаро ҳуқуқ, ривожланган давлатлар тажрибаси ҳамда миллий қадриятлар руҳи сингдирилганлиги унинг универсаллик табиатини вужудга келтирди. Конституция лойиҳасининг икки марта ­умумхалқ муҳокамасидан ўтганлиги ­натижасида унда кўп миллатли халқимизнинг хоҳиш-иродаси, манфаатини ўз ифодасини топади.

Шу билан биргаликда, Конституциямизда миллий ва умумбашарий қадриятларнинг уйғун ҳолда ифода этилиши унинг нафақат миллий экспертлар, балки хорижлик мутахассислар томонидан ҳам юқори баҳоланишига сабаб бўлмоқда.

Қадрият деганда биз инсон ва инсоният учун ижтимоий, иқтисодий, ахлоқий, маданий аҳамиятга эга бўлган моддий ҳамда маънавий бойликларни тушунамиз. Шу нуқтаи назардан ёндашганда, Конституциямизда айрим тушунчалар умуминсоний қадрият сифатида ҳамда бир вақт­нинг ўзида миллий қадрият сифатида ҳам баҳоланади. Қолаверса, айрим тушунчалар кўпроқ миллий даражада эъзозланади.

Аввало, Конституциямизда белгиланган демократик қадриятлар сайлов, референдум, ҳокимиятларнинг бўлиниши, халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи эканлиги, қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқлари, инсонпарварлик, ташқи сиёсат, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги, сўз, фикрлаш ва виждон эркинлиги умуминсоний қадриятлар сифатида кенг эътироф этилади.

Шу билан бирга, миллий қадрият сифатида ўзбек давлатчилиги ривожининг тарихий тажрибаси, кучли ижтимоий сиёсат, ижтимоий адолат, жамоатчилик назорати, тарихий, маънавий ва маданий меросни авайлаб асраш, оилани эъзозлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг давлат ҳимоя­сига олиниши, ҳокимлик ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари каби институтларни алоҳида эътироф этиш зарур.

Айниқса, маънавий қадриятлар, хал­қимизга хос фазилатлар жамиятнинг асосий бўғини бўлган оиланинг давлат муҳофазасида эканлиги, ота-она ва фарзандларнинг бир-бирига бўлган бурч ва маж­бурият­лари, никоҳ муносабатлари ҳақида сўз юритилган «Оила» номли бобдаги 66-моддада «Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар» деб белгиланишида яққол акс этган. Зотан, ҳар бир кишининг маънавияти, аввало, оилада шаклланади, унинг келгусида қандай инсон бўлишига шу муқаддас даргоҳда замин яратилади. Муҳими, оилалар фаровонлиги, тотувлиги юрт фаровонлиги, жамиятдаги аҳиллик, тотувлик манбаидир.

Ундан ташқари, Конституциямиз мазмунига Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларациясининг барча асосий ғоя ва қоидалари сингдирилган. Буни биз Конституциямизнинг махсус «Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳу­қуқлари, эркинликлари ва бурчлари» деб номланган бўлимида инсоннинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари, сиёсий ҳуқуқлари, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлари алоҳида боблар ва моддаларда мустаҳкамлаб қўйилганида кўрамиз. Конституциянинг X боби эса инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг кафолатланиши масалаларини ўзида ифода этгани билан аҳа­мият­лидир.

Конституциямизнинг 18-моддасида Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенг эканликлари белгилаб қўйилган. Бу қоида 1948 йил 10 декабрда қабул қилинган «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси»га тўла мос келади.

«Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси»нинг 3-моддасида «Ҳар бир инсон яшаш, эркин бўлиш ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқларига эгадир» деб мустаҳкамлаб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 24-моддасида «Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир», 25-моддасида эса «Ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга. Ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланиши мумкин эмас» деб кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикаси халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплар ва нормаларга риоя қилади, халқаро шартномалар тузади ва уларни бажаради, кўплаб нуфузли халқаро ташкилотларнинг фаолиятида қатнашади. Ўзбекистон бошқа давлатлар билан биргаликда умумий ва адолатли тинчликни, ўзаро фойдали халқаро ҳамкорликни, инсоният олдида турган глобал муаммоларни биргаликда ҳал қилишни таъминлашга интилади.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон 500 дан ортиқ кўп томонлама ва икки томонлама шартномалар ва битимлар тузди, инсон ҳуқуқларига оид 60 дан ортиқ муҳим халқаро конвенциялар ва шартномаларга қўшилди.

Ҳаёт ва тараққиёт бир жойда тўхтаб қолмайди. Шубҳасиз, жамиятда барча муносабатлар муайян даражада ўзгариб, ўзида замонавий талабларни акс эттириб боради. Шу нуқтаи назардан Конституциямизга 2014 йилда киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар мамлакатимиздаги амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг муҳим босқичи бўлди. Президентимиз Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида мамлакатимиз сиёсий ҳаётида муҳим воқелик бўладиган таклиф ва ғояларни илгари сурган эди. Мазкур таклифлар мaм­лa­кaтимиздa мунтазам тарзда дaвлaт ҳoки­мияти вa бoш­қaрувини дeмoк­рaт­лaштириш сo­ҳaсидa олиб борилаётган ис­лoҳoтлaр ҳoкимиятлaр бўлиниши кoнститу­циявий принципини ҳaётгa изчил тaтбиқ этиш, ҳoки­мият­лaр ўртaсидa ўзaрo тийиб туриш вa мaнфaaтлaр мувoзaнaтининг сaмa­рaли тизимини шaкллaнтириш, мaркaздa вa жoйлaрдa қoнун чиқa­рувчи вa вaкиллик ҳo­кимиятининг вaкoлaтлaри ҳaмдa нaзoрaт вaзифa­лaрининг рoлини кучaйтириш каби мақсад ва вазифаларни илгари сурган эди.

Маълумки, мамлакатимиз раҳбарининг ташаббуси билан парламентга киритилган, 2014 йил 16 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларига)»ги Қонун ҳокимият ва бошқарув тизимини янада демократлаштириш, «Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари» принципи босқичма-бос­қич амалга оширилишини таъминлаш, Олий Мажлис палаталарининг давлат ҳокимияти органлари тизимидаги ролини, ички ҳамда ­ташқи сиёсатнинг стратегик вазифаларини амалга оширишдаги ваколатларини кенгайтириш, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда ижро этувчи органлар фаолия­ти устидан қонун чиқарувчи олий органнинг, ҳокимият вакиллик органларининг назорат функцияларини кучайтириш, шунингдек, ҳукуматнинг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш вазифаларини рўёбга чиқариш борасидаги масъулиятини ошириш мақсадини ифодалайди.

Айниқса, Конституциямизнинг 32-моддасига фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришда «давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ва такомиллаштириш йўли билан амалга оширилади» деган норманинг киритилиши кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Чунки Ўзбекистонда давлат ва жамият ишларини ташкил этишда кенг жамоатчилик фаол иштирок этади. Бу эса жамият ҳаётининг турли жабҳаларида намоён бўлиб, фуқароларнинг фаол позиция­си шаклланишига, уларда дахлдорлик туйғуси юксалишига хизмат қилади.

Юқоридагилардан хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси халқимизнинг орзу-умидлари, иродасини ўзида мужассамлаштирган асосий ҳуқуқий ҳужжат бўлиб, келажаги буюк демократик давлат барпо этилишининг пойдеворидир. Унда баён этилган кафолатлар аҳолининг озод ва обод Ватанда эркин ва фаровон яшаши, эртанги кунга бўлган ишончининг муҳим мезонидир.

 

Хушвақт ҲАЙИТОВ,

ТДЮУ доценти, юридик фанлари номзоди. 



DB query error.
Please try later.