Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
21.11.2015

ХОРИЖДА ИШЛАШ ИСТАГИДА БЎЛГАНЛАР

қаерга, қай тартибда мурожаат қилишлари керак?

ТАШҚИ МЕҲНАТ МИГРАЦИЯСИ МАСАЛАЛАРИ АГЕНТЛИГИ БОШЛИҒИ УЛУҒБЕК НАЗАРОВ БИЛАН СУҲБАТ

— Маълумки, миграция жараёнлари бугунги глобаллашув шароитида муқаррар жараёндир, — дейди у. — Мамлакатларнинг иқтисоди, ижтимоий ҳаёти ривожланган сари ички ва ташқи миграция фаоллашади. Ҳозирги даврда жаҳонда меҳнат ресурслари учун кураш кескинлашган, йирик ишлаб чиқариш кучлари арзон ва сифатли ишчи кучи учун дунё меҳнат бозорида рақобатлашмоқда. Шу боис халқ­аро меҳнат миграцияси масаласи долзарб аҳамият касб этмоқда. Албатта, бундай шароитда давлатлар­аро миграция оқимини тартибга солиш, нолегал миграция кўламини пасайтириш ҳамда мигрантлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида ҳар бир давлат ўз қонунчилигини такомиллаштириши табиийдир.

Бугунги кунга келиб, хорижда ишлаш истагида бўлган турли касб эгаларини танлаш иш берувчининг талаби билан амалга оширилади. Маълумотларга кўра, хорижда ишлаётганларнинг кўпчилиги қурилиш, саноат, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида меҳнат қилмоқда.

Инсоннинг меҳнат қилиш ҳуқуқи асосий қонунимиз бўлган — Конс­титуциямизда, бошқа қонун ва қонуности актларда белгиланган. Айни пайтда агентлигимиз орқали хорижда қонуний ишлашнинг икки йўли мавжуддир. Биринчиси, давлатлар­аро ва ҳукуматлараро битимлар асосида уюшган тартибда бориш. Иккинчиси, хусусий шартномалар асосида хорижда ишлашдир. Агент­лик ва минтақавий бюролар орқали асосан Корея ва Россия давлатига меҳнат мигрантлари юборилмоқда ҳамда хусусий шартномалар асосида кўплаб давлатларда фуқароларимиз меҳнат қилмоқда. Ҳукуматлараро битимлар тузиш орқали ишга юбориш масалаларида Чехия ва Япония давлатлари билан муайян битимлар имзоланган.

Мамлакатимизда қайси агентлик ёки ташкилотларга фуқароларни хорижга ишга юбориш ваколати берилган?

— Ҳукуматимиз қарорларига кўра, фуқароларимизнинг чет элларда меҳнат фаолиятини амалга ошириши ҳамда чет эллик фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасида меҳнат қилишининг ташкилий-ҳуқуқий томонлари билан асосан Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги шуғулланади. Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 12 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет эллардаги меҳнат фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорига биноан Ўзбекистон Республикасида ташқи меҳнат миграцияси масалаларини қонуний жиҳатдан ҳал этиш фақатгина Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳузуридаги ваколатли идора — Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ва унинг Тошкент, Фарғона, Нукус, Бухоро, Қарши минтақавий бюролари зиммасига юклатилган.

Шунингдек, Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги қошида Чет элга кетаётган фуқароларни ўқитиш, мослаштириш маркази фаолият кўрсатмоқда. Марказ номзодни ишга юборилаётган мамлакат қонунчилиги, тили, урф-одатлари, ишга юборишга мўлжалланган корхона ёки ташкилотлардаги техника хавфсизлиги, санитария-гигиена қоидалари билан таништиради. Шу билан бирга, хориждаги иш берувчи талабига кўра, тиббий кўрикдан ўтишини ташкил қилади.

— Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг мақсад ва вазифалари нималардан иборат?

— Агентликнинг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади: меҳнат миграцияси соҳасидаги халқ­аро ҳамкорлик лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш; Ўзбекистон Республикаси фуқароларини чет элларда ва хорижий фуқароларни Ўзбекистон Республикасида ишга жойлаштириш учун квоталар ажратиш ва рухсатномалар бериш масалалари бўйича хорижий давлатларнинг ваколатли органлари билан ҳамкорлик қилиш; Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элларда меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини рўёбга чиқаришда ишга жойлаштириш, чет элларда ишга жойлаштиришга номзодлар билан дастлабки кўникув тадбирларини ўтказиш йўли билан уларга кўмаклашиш; Ўзбекис­тон Республикаси фуқароларининг чет эллардаги ва хорижий фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасидаги меҳнат фаолиятини мувофиқлаштириб бориш; фуқароларни чет элларда ишга жойлаштириш бўйича хўжалик ҳисобидаги минтақавий бюролар, шунинг­дек, чет элга кетаётган фуқароларни жўнаб кетишдан олдинги мослаштириш ва ўқитиш маркази фаолиятини мувофиқлаштириш; хориждан ишчи кучлари ёлловчи чет эл фирмалари (корхоналар, муассасалар, компаниялар) билан ҳамкорликни ривожлантириш; Ўзбекис­тон Республикаси фуқароларини хорижий мамлакатларга жўнатиш учун номзодларни танлаб олиш бўйича Идоралар­аро комиссиянинг қарорларига мувофиқ рухсатномалар бериш (рухсатномаларнинг амал қилиш муддатини узайтириш); юридик шахсларга хориждан ишчи кучларини жалб этиш учун рухсатномалар бериш (рухсатномаларнинг амал қилиш муддатини узайтириш), шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармалари таклифларига мувофиқ ташқи меҳнат миграцияси жараёнлари таҳлилини, аҳоли меҳнат миграциясини ривожлантиришнинг узоқ муддатли ва ўртача муддатли прогнозларини ҳисобга олган ҳолда хорижий фуқароларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаши учун рухсатномалар бериш кабилардир.

— Меҳнат миграцияси бўйича асосан қайси мамлакатлар билан ҳамкорлик қилинмоқда?

2006 йил Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда Корея Республикаси Бандлик ва меҳнат вазирлиги ўртасида «Бандликка рухсат бериш тизими бўйича ишчи кучини Корея Республикасига юбориш тўғрисида»ги Меморандум имзоланган бўлиб, мазкур Меморандум ҳар икки йилда узайтирилиб келинмоқда. Ушбу Меморандум доирасида эркин ёллаш тизими бўйича корейс тилидан тестлар ташкиллаштирилиб, улардан муваффақиятли ўтганлар Корея Республикасига ишга юборилмоқда.

Агентликнинг яна бир муҳим шерикларидан бири Россия Федерацияси ҳисобланади. Россия ишчи кучига талаби катта бўлган, шу билан биргаликда, фуқароларимизнинг рус тилини билиши, ишга жойлашиш харажатларининг озлиги сабабли қулай бўлган мамлакатдир. Икки давлат ўртасида миграция борасидаги ҳамкорликни тартибга солиш мақсадида 2007 йилнинг 4 июлида «Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги меҳнаткаш-мигрант фуқароларининг ва Россия Федерациясининг Ўзбекистон Республикасидаги меҳнаткаш-мигрант фуқароларининг меҳнат фаолиятлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида» келишуви имзоланган.

— Чет элда ишлаётганларнинг меҳнат хавфсизлиги, саломатлиги қандай кафолатланади?

— Меҳнат хавфсизлигининг кафолатлари, тиббиёт ва суғурта масалалари иш берувчи ҳамда ишчи ўртасида тузилган шартномада ўз ифодасини топади. Шунингдек, хавф­сизлик масалалари юзасидан тушунтириш ва ўқув курслари ташкил этилган. Тиббий кўрикдан ўтиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилади.  

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ва Корея Республикаси Бандлик ва меҳнат вазирлиги ўртасида имзоланган Меморандумга асосан Корея Республикасининг корхоналарига ишга юборилаётган фуқаролар суғурта турларининг 4 тури бўйича суғурталаниши белгилаб қўйилган. Фуқаро иш жараёнида жароҳат олган тақдирда иш берувчи томонидан унинг даволаниш харажатлари тўлаб берилади. Шунингдек, бошқа фавқулодда ҳолатларда ҳам компесация масалалари кўзда тутилган.

— Чет элда шартнома асосида ишлаб келганидан сўнг, ишлаган давр умумий меҳнат стажи ҳисобига кирадими?

— Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунининг 36-моддасида «Чет элда ишлаган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг пенсиясини ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган иш ҳақи Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига тўланган суғурта бадалларининг миқдоридан келиб чиққан ҳолда аниқланади», деб белгиланган.

Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 11 майдаги қарори билан тасдиқланган «Пенсия тайинлаш учун меҳнат стажини таcдиқлаш тартиби тўғрисида»ги Низом асосида ҳамда Адлия вазирлиги томонидан рўйхатдан ўтказилган 2010 йил 27 майдаги «Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида Йўриқномага ўзгартириш ва кўшимчалар киритиш ҳақида»ги буйруққа асосан Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг меҳнат дафтарчаларига чет элда (шартнома асосида) ишлаган иш даври ҳақидаги ёзувлар Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жам­ғармасига белгиланган суғурта бадаллари тўланган тақдирда, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳузуридаги Таш­қи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги томонидан тегишли маълумотномаларга асосланиб киритилади.

Фуқаро ўзининг чет элда ишлаган даврини меҳнат дафтарчасига қайд этиш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жам­ғармасига белгиланган суғурта бадалларини тўланганлигини тасдиқловчи маълумотномани агентликка тақдим қилиши шарт. Мазкур маълумотнома агентликка тақдим этилгандан сўнг фуқаронинг меҳнат дафтарчасига тегишли ёзув киритилиб, меҳнат стажи тасдиқлаб берилади.

— Сир эмас, айрим фуқароларимиз фирибгарлар таъсирига тушиб, алданиб қолмоқда. Шундай нохуш ҳолатлар бўлмаслиги учун чет элда ишламоқчи бўлганларга қандай маслаҳат берган бўлардингиз?

— Ноқонуний йўл билан хорижга ишлашга бориш одам савдоси қурбонига айланишга, ишловчининг ҳимоясизлиги, жиноят йўлига кириши, соғлиғи ва эркини йўқотишига олиб келади. Аслида хорижда ноқонуний юришнинг ўзи ҳам жиноятдир. Ўзбекистонда 2014 йил мобайнида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан одам савдосига оид 1016 ҳолат бўйича тергов ишлари олиб борилган. 2013 йилда эса бу кўрсаткич 1093 тани ташкил этган. Маълумотларга кўра, 2014 йилда 583 нафар фуқарога одам савдоси жиноя­ти бўйича ҳукм ўқилган.

Бугунги кунда дунёнинг қатор етакчи мамлакатлари томонидан одам савдоси билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олишга қаратилган икки ва кўп томонлама битимлар тузилган. Бундай халқаро ҳужжатлардан мақсад — трансмиллий жиноят кўринишини олган одам савдосига барҳам беришдан иборатдир.

«Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Қонун, Президентимизнинг «Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ташқи меҳнат миграция­си масалалари агентлиги томонидан муайян ишлар амалга оширилиб, тезкор ва таъсирчан чора-тадбирлар белгиланган. Жумладан, республикамиз фуқароларига чет элларда меҳнат фаолиятини амалга оширишнинг амалдаги тартиб-қоидалари, ишга жойлашиш имкониятлари ва шарт-шароитлари тўғрисида маслаҳат ҳамда маълумотлар бериш, айрим юридик ва жисмоний шахслар томонидан фуқароларни чет элларда ишга жойлаштириш борасидаги таклифларига аниқлик киритиш, чет элларда ноқонуний меҳнат миграциясининг олдини олиш ва одам савдосига йўл қўймаслик мақсадида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги бош­қарма ва марказлари, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилган.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Равшан ШОДИЕВ

суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.