Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
21.11.2015

СИЁСИЙ ПАРТИЯНИНГ ТАЪСИР КУЧИ

электорат манфаатларини қанчалик самарали ҳимоя қилиши билан ўлчанади

Партиямиз тизимидаги Жамоатчилик қабулхоналари электорат манфаатлари билан боғлиқ масалаларни аниқлаш ва ҳал этишда муҳим механизм бўлиб хизмат қилмоқда. Партия ташкилотлари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан узвий алоқаларнинг йўлга қўйилгани бу йўналишдаги ишларнинг янада самарадорлигини таъминламоқда. Буни Жамоатчилик қабулхоналарига бўлаётган мурожаатлар сони ошиб бораётгани ва уларнинг аксарияти ижобий ечим топаётганидан ҳам кўриш мумкин.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси минтақавий кенгашлари қошидаги 207 Жамоатчилик қабулхонасига шу йилнинг 9 ойи давомида 6473 муро­жаат тушган бўлиб, бу 2014 йилнинг шу даврига нисбатан 643 тага кўп.

Мурожаатлар таҳлил қилинганида, уларнинг аксарияти, яъни 1311 таси иш билан таъминлаш, 914 таси коммунал хизматлар кўрсатиш, 802 таси ижтимоий масалалар ва соғлиқни сақлаш соҳасида экани маълум бўлди. Шунингдек, партия электорати вакилларидан 788 нафари моддий ёрдам, 488 нафари ер олиш, 423 нафари иш ҳақи масаласида, 417 нафари эса тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида банкдан кредит олиш бўйича мурожаат қилган.

Мурожаатларнинг энг кўп қисмини ташкил этадиган бандлик масаласи Тошкент вилояти (Олмалиқ, Бекобод шаҳарлари ҳамда Пскент тумани), Фар­ғона вилояти (Қўқон шаҳри ва Бешариқ тумани), Бухоро вилояти (Когон ва Қоровулбозор туманлари), Наманган вилояти (Учқўрғон, Норин туманлари), Жиззах вилояти (Зомин, Пахтакор туманлари)га тўғри келяпти. Бу эса шу ҳудудларда аҳолини иш билан таъминлаш борасида айрим масалалар борлигини кўрсатади. Бандлик билан боғлиқ айрим мурожаатларда меҳнат қонунчилигига зид равишда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга қабул қилиш рад этилаётгани ёки битирувчиларни 2-3 ойдан кейин ишдан бўшатиб юбориш ҳолатлари ўз ифодасини топмоқда. Шундан келиб чиқиб, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларимиз жойларда бандлик дастури ижроси юзасидан депутатлик назоратини кучайтиришга эътибор қаратмоқда. Бу мурожаатларни тизимли равишда ўрганиш, мутасадди ташкилотлар масъулиятини оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

Жамоатчилик қабулхоналарига бўлаётган мурожаатларнинг таҳлили ҳудудларда қандай ижтимоий масалалар долзарб экани ҳақида хулоса қилиш имконини беряпти. Фарғона, Наманган, Самарқанд вилоятларидаги Жамоатчилик қабулхоналарига тушган мурожаатлар орасида соғлиқни сақлаш масалалари кўпчиликни ташкил қилади. Сирдарё вилоятининг Мирзаобод, Андижон вилоятининг Балиқчи, Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманларида иш ҳақини ўз вақтида ололмаслик, Фарғона вилоятининг Учкўприк, Данғара туманлари ва Қўқон шаҳри, Сирдарё вилоятининг Мирзаобод, Бухоро вилоятининг Ғиждувон, Шофиркон, Бухоро туманларида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида банкдан кредит олишдаги муаммолар юзасидан мурожаатлар кўпайган. Демак, ушбу ҳудудларда партия ташкилотлари ва депутатлар электорат манфаатларига дахлдор бўлган ижтимоий масалаларда депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириши талаб этилади.

Жамоатчилик қабулхоналарига келиб тушган мурожаатларнинг ҳозиргача 65 фоизи ижобий ҳал этилган. Бу кўрсаткич Жиззах вилоятида 88, Хоразм вилоятида 80, Сирдарё вилоятида 77, Қашқадарё вилоятида 76, Қорақалпоғистон Республикасида 75, Наманган ва Тошкент вилоятларида 70 фоизни ташкил қилмоқда. Демак, ушбу минтақаларда Жамоатчилик қабулхоналари фаолия­ти самарали йўлга қўйиляпти.

Бугун ҳаёт ўзгармоқда, халқимизнинг сиёсий партиялар, сайловчиларнинг депутатларга талаби юқори. Шундай экан, мурожаатлар билан ишлаш масаласига ҳар бир партия ташкилоти, депутатлар чуқур масъулият билан ёндашиши зарур.

Аммо айрим ҳудудларда бу борада камчиликлар кўзга ташланяпти. Хусусан, жорий йил давомида Фар­ғона вилоятининг Қўштепа туман кенгаши қошидаги Жамоатчилик қабулхонасига бирорта ҳам мурожаат бўлмаган. Самарқанд вилоятининг Қўшработ туман кенгашига бор-йўғи 2, Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳар кенгашига эса 4 мурожаат бўлган. Бу ўша ҳудудларда аҳолининг партиямиз Жамоатчилик қабулхоналари фаолиятидан хабардор эмаслигини, тарғибот-ташвиқот ишлари самарали йўлга қўйилмаганини кўрсатади.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, Жамоатчилик қабулхоналарига келиб тушаётган мурожаатларда кўтарилаётган масалаларнинг ҳал қилиниши, тарғибот ишлари таъсирчанлигини ошириш ҳар биримиздан катта масъулият талаб этади.

Бу борада, айниқса, маҳаллий Кенгашлар депутатлари Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз аъзолари билан ҳамкорликда аҳолини ўйлантираётган масалаларни ҳал қилиш юзасидан қонунчиликда белгиланган ҳуқуқ ва ваколатлари доирасида чора-тадбирлар кўриши, долзарб аҳамият­га эгадир.

 

Дурбек ХУДОЙҚУЛОВ,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши сектор мудири.



DB query error.
Please try later.