21.11.2015

БАҒРИКЕНГЛИК – ТИНЧЛИК ВА БАРҚАРОРЛИК АСОСИ

Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди.

 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг

31-моддаси.

 

 

Тошкент ислом университетида «Конфессиялараро мулоқот ва диний бағрикенглик — жамият барқарорлиги гарови» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Тошкент ислом университети, ЮНЕСКО­нинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур анжуманда вазирлик ва идоралар, диний конфессиялар вакиллари, мамлакатимиздаги дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари раҳбарлари, хорижлик эксперт­лар, олимлар, олий ўқув юрт­лари ўқитувчилари ва талабалар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси О.Юсупов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий У.Алимов, Тошкент ислом университети ректори Р.Абдуллаев, Ватиканнинг Ўзбекистондаги нунцийси И.Юркович ва бошқалар Президент Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда виждон эркинлиги таъминланаётгани, миллий ва диний қадриятлар эъзозланаётгани самарасида миллатлараро ва диний конфессиялараро бағрикенглик, аҳиллик муҳити қарор топганини алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ҳамда «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонун жамиятимизда диний бағрикенглик, тинчлик ва фаровонликни таъминлашга хизмат қилмоқда. Юртимизда ўн олти диний конфессияга мансуб 2 минг 238 диний ташкилот, 130 дан ортиқ миллат вакилларидан иборат қарийб 140 миллий-маданий марказ, Имом Бухорий халқаро маркази, Тошкент ислом университети, ислом институти, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари, православ ва протестант семинария­­лари фаолият юритмоқда. Мамлакатимиздаги диний конфессия вакиллари аҳил-иноқ яшаб, жамият ҳаёт­ини равнақ топтириш йўлида самарали меҳнат қилаётир. Улар ўз диний байрамлари ва эътиқод амалларини эмин-эркин адо этмоқда. Республика Байналмилал маданият маркази барча фуқароларнинг миллий қадриятларини ривожлантириш, уларнинг ўзаро аҳиллиги ва ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутмоқда.

ЮНЕСКО томонидан бағрикенгликка оид етмишдан зиёд халқаро ҳужжатлар, конвенция­лар қабул қилинган. 1995 йил 16 ноябрда ЮНЕСКО Бош конференциясининг 28-сессиясида Бағрикенглик тамойиллари тўғрисидаги декларация қабул қилинган. Шундан буён мазкур сана инсониятни бағрикенгликка, тинчлик ва осойишталикни сақлашга ундаш мақсадида Халқ­аро бағрикенглик куни сифатида кенг нишонланиб келинмоқда.

Мазкур сана муносабати билан ташкил этилган анжуманда дунёнинг айрим минтақаларида диний ақидапарастлик ва миллатчилик уруш ҳамда низоларга сабаб бўлаётгани қайд этилди. Кўп миллатли жамиятда динлараро тотувликка эришиш демократик ислоҳотларни изчил амалга ошириш, мамлакатни ҳар томонлама ривожлантириш имконини бериши алоҳида таъкидланди.

— Ушбу конференция ғоят долзарб мавзуга бағишланганини алоҳида таъкидламоқчиман, — деди Новоапостол черковининг Берлин-Бранденбург округи раҳбари Вольфганг Надольни (Германия). — Бугунги мураккаб давр­да тинчлик ва барқарорликни сақлаш учун динлар, конфессиялар, миллат ва элатлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик, бир-бирини тушуниш ғоят муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистонда худди шундай муҳит қарор топган. Турли динга эътиқод қилувчилар учун зарур шароитлар яратилгани, уларнинг ўз анъаналари ва удумлари, маросимларини бемалол адо этиб келаётгани эътиборга молик. Ўзбекистондаги ўзаро бағри­кенг­лик, меҳр-оқибат муҳити тинчлик ва фаровонликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Тадбирда бугунги кунда дунёнинг турли минтақаларида рўй бераётган можароларга теран кўз билан қараш, доимо огоҳ ва ҳушёр бўлиш, юртимиздаги тинчлик ва барқарорликни асраб-авайлаш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

— Ўзбекистонда ўн йилдан буён фаолият юритаман, — деди Ўзбекистондаги Рим католик черкови епископи Ежи Мацулевич. — Бу ерда турли миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқ, тинч ва осуда ҳаёт кечираётгани, жамиятда қарор топган бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик бизни қу­вонтиради. Одамлар тинч-хотиржам яшамоқда, ўз орзулари, интилишларини эмин-эркин амалга оширмоқда. Ўзбекистонда қарор топган тинчлик, барқарор ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий муҳит дунё ҳамжамияти ҳавасини тортмоқда.

Конференция иштирокчилари Ўзбекистондаги миллатлар ва диний конфессиялар­аро аҳиллик, дўстлик ва бағрикенг­лик муҳити инсон омилига устувор эътибор қаратиш, ёш авлодни миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, Ватанимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузини янада юксалтиришда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.

Анжуманда тинчликни мустаҳкамлашда диний бағрикенг­ликнинг ўрни, бағрикенглик тамойил­лари, динлар ва ижтимоий ҳамкорлик, конфессиялараро мулоқотнинг жамиятни ривожлантиришдаги роли, ёшларни диний бағрикенглик руҳида тарбиялаш, миллатлар ва динлараро тотувликни таъминлашда Ўзбекистон тажрибасига бағишланган маърузалар тингланди.

Тадбир доирасида миллий-маданий марказлар, диний ташкилотлар томонидан тайёрланган Ўзбекистондаги миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини акс эттирган босма нашрлар кўргазмаси ташкил этилди.

 

Нодира МАНЗУРОВА,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.