19.11.2015

ЯГОНА ПОРТАЛ

ижтимоий ҳимояга муҳтож кишилар манфаатини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда

Мана, икки йилдирки, одамлар my.gov.uz портали нима экани, интерактив хизматлардан қандай фойдаланиш кераклигини англаб етмоқда. Қувонарлиси, энди бирор масалани ҳал қилиш учун давлат идораларига югуриб бормасдан, аввал порталга кириб, расман мурожаат қилиш маданияти шаклланмоқда. Порталнинг хизматлари ҳам, имкониятлари ҳам кенгайиб бормоқда.

Бир танишим ижтимоий тармоқларда ўз муаммосини ёзиб, уни қандай ҳал қилиш кераклигини сўраётган эди. Унга берилган жавобларнинг аксариятида «my.gov.uz портали орқали мурожаат қилинг, масалага тезда ечим топиб беришади», дейилган. Демак, ушбу портал фуқароларимизнинг ишончини оқлаб келмоқда.  

Хўш, «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастури асосида «электрон ҳукумат» тизими қандай ишларни амалга оширди, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг муаммоларини ҳал қилиш бўйича қандай янги хизматлар йўлга қўйилди?

 «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш марказининг мутахассиси Нигора УМАРОВА билан шу ҳақда суҳбатлашдик.

— Ягона интерактив давлат хизматлари порталида Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармаларига, алоҳида тоифадаги фуқароларга бепул тиббий хизмат кўрсатиш бўйича махсус йўлланма (ордер) олиш учун ариза юбориш, 16 ва ундан катта ёшдаги ногиронларни протез-ортопедия маҳсулотлари ва реалибитация техник воситалари билан таъминлаш талонини расмийлаштиришда тиббий хулоса олиш учун электрон ариза юбориш хизматлари йўлга қўйилди, — дейди у. —  Бундан ташқари, 16 ва ундан катта ёшдаги ногиронларни реалибитация қилишда якка тартибдаги дастурдан дубликат олиш учун электрон ариза билан мурожаат қилиш ҳам мумкин. Ушбу хизматлар орқали имконияти чекланган шахслар ёки уларнинг яқинлари фойдаланиш имкониятига эга. Айтиш керакки, хизматлар бепул кўрсатилади.

— Кекса авлод вакиллари учун ягона порталда қандай имкониятлар мавжуд?

— «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастури асосида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган тизимда амалга оширилиши назарда тутилган чора-тадбирлар доирасида қатор лойиҳаларни амалга ошириш белгиланган. Хусусан, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда кекса авлод вакилларига сифатли алоқа хизматларини кўрсатиш, уларни муҳофаза қилишга оид йирик лойиҳаларни амалда татбиқ этиш кўзда тутилган.

Яна бир гап. 2015-2017 йиллар мобайнида мамлакатимизда Идоралараро яхлит нафақа таъминоти ахборот тизимини жорий қилиш режалаштирилган. Мазкур лойиҳа «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш ҳамда UZINFOCOM компьютер ва ахборот технологияларини жорий қилиш ва ривожлантириш марказлари томонидан амалга оширилади. Натижада кексаларни ижтимоий ҳимоя қилиш, нафақа таъминоти тизимини такомиллаштириш орқали давлат хизматларидан фойдаланишда уларга қўшимча қулайликлар яратиб берилади.

Чора-тадбирлар доирасида ёши улуғ инсонларга хизмат кўрсатишга ихтисослаштирилган «Nuroniy» интернет-портали ҳам ишга туширилди. «Электрон ҳукумат» ахборот тизими таркибида фаолият кўрсатувчи ушбу портал кекса ёшли интернет фойдаланувчиларини ҳукумат томонидан кексаларга яратиб берилаётган имкониятлар, имтиёз ва қулайликларга оид маълумотлар, янгилик ва хабарлардан бохабар қилади. Портал фаолияти доирасида кекса ёшли инсонлар учун ижтимоий тармоқни ишга тушириш ҳам кўзда тутилмоқда. Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ва унинг ҳудудий бош­қармалари, «Саховат» ҳамда «Мурувват» интернат-уйлари, кексаларга мўлжалланган санаторий ва соғломлаштириш марказлари, ахборот-ресурс марказларини мазкур порталга улаш орқали ягона, ижтимоий хизматлардан фойдаланишга қулай платформани яратиш мақсад қилинган.  

— Ёлғиз кексалар ва имкония­ти чекланган кишилар учун яратилган қулайликлар ҳақида ҳам тўхталсангиз?

— my.gov.uz порталида «Ёлғиз кексалар ва имконияти чекланганлар учун уй шароитида ижтимоий хизмат кўрсатиш юзасидан аризаларни электрон равишда тақдим этишга оид интерактив хизмати», «Ёлғиз кексаларни ҳамда имконияти чекланган инсонларни «Саховат» ҳамда «Мурувват» интернат-уйларига жойлаштириш юзасидан ариза юбориш ва керакли ҳужжатлар рўйхатини олиш юзасидан интерактив хизмати» ишга туширилди. Келгусида «1941-1945 йиллардаги урушда ҳамда меҳнат фронтида иштирок этган фахрийларни соғломлаштириш санаторий-курортларга ёздиришнинг электрон ҳисоби комплекс дастури»ни амалга ошириш, Имконияти чекланганларни протез-ортопедик буюмлар ҳамда реабилитациянинг техник воситалари билан таъминлашнинг автоматлаштирилган «Протез» ахборот тизимини ишга тушириш режалаштирилган. Мазкур лойиҳалар «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш маркази ҳамда UZINFOCOM компьютер ва ахборот технологияларини жорий қилиш ва ривожлантириш маркази томонидан Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш фондининг молиявий кўмагида амалга оширилади. Натижада кексаларга мўлжалланган хизматлар сифатини янада ошириш, имконияти чекланган инсонларнинг ижтимоий таъминот ва муҳофаза тизимидаги қулайликлардан самарали фойдаланиш имкониятлари кенгаяди...

Агар ягона портал саҳифаларига разм солсангиз, ўз муаммолари тез ва осон ечим топганидан хурсанд бўлаётган юртдошларимизнинг фикр-мулоҳазаларига кўзингиз тушади. Аслида муаммонинг катта-кичиги бўлмайди, ҳамма гап унинг ҳал этилишида.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Бобур ЭЛМУРОДОВ

суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.