19.11.2015

«ЎЗБЕКИСТОН ХДПНИНГ ЭНГ ФАОЛ АЁЛИ»

кўрик-танловининг Қашқадарё вилоят босқичи бўлиб ўтди

Қарши шаҳридаги «Ёшлар маркази» шу куни жуда гавжум бўлди. Бу ерда ёшлар, партия фаоллари, депутатлар, электорат вакиллари тўпланишди. Улардан бири — Қарши давлат университетининг фахрий профессори, партиямиз аъзоси Абдусалом ­Ўроқов шундай дейди:

— Рафиқам, инглиз тили фани ўқитувчиси Гулнорахон билан бирга беш фарзандни улғайтирдик. Уларнинг учтаси фан номзоди. Мустақиллик йилларида аёлларимизнинг илм олишлари, давлат ва жамоат ишларида фаол қатнашиб, ўз истеъдодларини намойиш қилишлари учун барча шароит яратилди. Ўзбекистон ХДПнинг Сайлов­олди дастурида ҳам бу борада қатор вазифалар белгиланганидан хабаримиз бор. Бугунги тадбир ҳам хотин-қизлар фаоллигини оширишда муҳим аҳамиятга эга, деб ўйлаймиз.

Кўрик-танловни ЎзХДП вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия ­гуруҳи раҳбари Олим ­Равшанов очди. Партия Марказий Кенгаши хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш ­сектори мудири Гулшан ­Асадова мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва ривожлантиришда хотин-қизларнинг фаол иштирокини таъминлаш, уларнинг ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш ҳақида фикр юритди.

Қарши шаҳар кенгаши ­раиси ўринбосари Юлдуз ­Тўрақулова шаҳардаги 3091 нафар партиямиз аъзосининг 1600 нафари хотин-қиз эканлиги, танловнинг шаҳар босқичида кўплаб фаоллар иштирок этганини таъкидлади. Шунингдек, Қарши туман партия кенгаши раиси, туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари Замира Азизованинг айтишича, 6 нафар хотин-қиз туман Кенгаши, 1 нафари вилоят Кенгаши депутатлигига сайланган. Танловнинг туман босқичидаги беллашувда тумандаги 6-болалар боғчаси мудираси Гулноза Қодирова ғолиб чиқди.

Ниҳоят, тадбир бошланди. Шуниси эътиборга молик эдики, партиямиздан Қашқадарё вилоят Кенгашига сайланган 4 нафар аёл депутат ҳайъат аъзоси бўлди. Улар танловни адолатли баҳолаб боришди.

Биринчи шарт — хотин-қизлар бандлиги, уларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, ижтимоий ҳимоя ва бош­қа йўналишлардаги лойиҳалар тақдимоти эди. Хилма-хил масалалар ва турли ечимлар ўртага ташланди. Қарши шаҳар вакили Зилола Исломова хотин-қизларни спортга жалб этиш ҳақида гапирса, Чироқчи тумани вакили ­Дилрабо Сатторова Конституцияни инглиз тилида ўрганиш масаласини илгари сурди. Лойиҳаларнинг кўпчилиги бандлик, янги иш ўринлари яратиш, коллеж битирувчиларини ишга жойлаштириш хусусида экан. Муборак тумани вакили Ирода Жўраева якка тартибда маҳсулот тайёрлаш усули, «Заргарлик» маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси, Шаҳрисабз туман вакиласи Нодира ­Абдуллаева  оилавий тадбиркорлик билан боғлиқ таклифларини асослаб беришди.

Қарши тумани вакили Гулноза Қодирова «Азизбек-Гавҳарбегим» хусусий корхонасини ташкил этган. Ҳокимият уларнинг режасини маъқуллаб, қаровсиз бинони ажратган. Ҳозир бинони таъмирлаб, 80 миллион сўм кредит олмоқчи ва тикувчилик машиналари келтирмоқчи экан. Натижада 12 янги иш ўрни яратилади.

Китоб туманидаги «Ҳу­нарманд» уюшмаси раҳбари Назира Жўраева яхши ташкилотчилиги билан оғизга тушган. У касаначилик, уй ҳунармандчилиги асосларини баён этиб, аёлларга янги иш жойи яратиш борасидаги режаларини гапириб берди.

«Қонунларимиз — ҳаётимиз асосидир» шарти бў­йича Қамаши тумани вакили Нилуфар Мусулмонова «Таълим тўғрисида»ги, ­Миришкор тумани вакили Ҳилола Аҳмедова «Жисмоний шахслар ва фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги, Яккабоғ тумани вакили Гулруҳ Каримова ­«Нодавлат ва нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги қонунларни батафсил шарҳлаб берди. Бошқа иштирокчилар ҳам ўзлари танлаган қонун ва ҳужжатлар бўйича мулоҳазаларини баён этишди.

Учинчи шарт — сиёсий ҳозиржавоблик эди. Қатнашчилар 3 дақиқа мобайнида 10 саволга жавоб беришди. Саволлар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Меҳнат кодекси, «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги ва бошқа қонун ҳужжатлари, партиямиз Дастури, шунинг­дек, тарихда ном қозонган сиёсатчи аёллар, соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг ҳаёти ва бошқа мавзулар бўйича тузилган эди. Иштирокчилар уларга тўлиқ ва аниқ жавоб беришга ҳаракат қилишди.

Натижаларга кўра, ­Косон тумани вакили Азиза ­Аллаярова ғолиб деб топилиб, танловнинг республика бос­қичида қатнашиш имкониятини қўлга киритди. Иккинчи ўрин Китоб ­тумани вакиласи Назира Жўраева ва учинчи ўрин Муборак тумани вакиласи Ирода Жўраевага насиб этди. Бундан ташқари, «Энг кўп изланувчан», «Энг яхши нотиқ», «Энг фаол иштирокчи» ва бошқа йўналишлар бўйича қатнашчиларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Лазиза Аллаярова, танлов ғолиби:

— Рости бундай муваффақиятга эришишни ўзим ҳам кутмагандим. Танлов давомида жуда кўп маълумотларга эга бўлдим. Аммо ҳали кўп ўқиб-ўрганишим кераклигини ҳам англадим.

Раъно Жонқувватова, Ғузор туманидаги «Зарбдор» қишлоқ фуқаролар йиғини раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, ҳайъат аъзоси:

Ишонасизми-йўқми, сингилларим, қизларимизнинг бийрон жавоблари, чуқур ўйланган мулоҳазалари, режаларини тинглаб, роса ҳавасим келди. Президентимиз билан шу йил Касби туманида учрашганимизда, у киши муҳим ижтимоий-сиё­сий масалалар қатори хотин-қизларга қулай меҳнат шароитлари яратиб бериш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш, ёшлар орасидан муносиб ўринбосарларни тайёрлаш вазифаларини қўйган эдилар. Мен бугун ана шундай истеъдодли хотин-қизларимиз келажак учун, халқ, Ватан учун кўп наф келтира олишларига ишондим.

 

Юнус УЗОҚОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.