17.11.2015

2016 ЙИЛДА ИШ ЎРИНЛАРИ ТАШКИЛ ЭТИШ

ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури қабул қилинди

Мамлакатимизда ҳар йили парламент томонидан иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури қабул қилиняпти. Муҳим томони унда ҳар бир туман, шаҳар кесимида аниқ вазифалар белгиланаяпти. Бу бежиз эмас, албатта. Ҳар бир фуқаронинг турмуш фаровонлигида унинг доимий иш билан таъминлангани долзарб аҳамият касб этади.

Дастур ижроси таъминланиши, аввало, ижтимоий ҳимояга муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобатлашишга тайёр бўлмаган кишилар манфаатига хизмат қилади. Шу жиҳатдан олиб қарасак, ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, янги иш ўринлари очиш масаласи Ўзбекистон ХДП дастурий мақсадларига хизмат қилади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг  2016 йилга мўлжалланган лойиҳаси атрофлича муҳокама этилди.

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Низомовнинг қайд этишича, Дастур лойиҳасига кўра, 2016 йилда 992,7 минг кишининг бандлигини таъминлаш кўзда тутилган. Мақсадли комплекс дастурларга мувофиқ, янги объект­ларнинг ишга туширилиши, ишлаб турган корхоналарни қайта жиҳозлаш ва кенгайтириш ҳисобига 396,9 минг иш жойи очилиши режалаштирилган. Шундан 130,8 минг­таси саноатда, 69,3 мингтаси хизмат кўрсатишда, 54,5 минг­таси эса қишлоқ хўжалигида яратилиши мўл­жалланган.

ЎзХДП фракцияси аъзоларининг фикрича, келгуси йилга мўлжалланаётган иш ўринлари ташкил этиш параметрлари Инвестиция дастури, ҳудудлар ва тармоқларни ривожлантириш, корхоналарни модернизациялаш, технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш, ижтимоий инфратузилма ва бошқа йўналишдаги дас­турлар билан бевосита боғлиқ. Шу боис Дастур фуқароларнинг бандлигини ошириш билан бир қаторда ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти ва соҳалар ривожига янада кенг йўл очади.

Саттор Раҳматов, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Бозор иқтисодиёти шароитида аҳолини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш долзарб масала ҳисобланади. Бу вазифани ҳал этишда янги иш ўринлари ташкил этиш, аҳолига барқарор даромад ман­баини яратиш муҳим аҳа­миятга эга.

Таъкидлаш жоизки, Дастур лойиҳасида ижтимоий ҳимоя­га муҳтож фуқаролар бандлигини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, яратилаётган иш ўринларининг сақланиб қолиши ва барқарорлигига эришиш, таълим муассасаларининг битирувчиларини, хотин-қизлар, ногиронлар ва ижтимоий муҳофазага муҳтож аҳолининг бошқа тоифаларини ишга жойлаштириш, меҳнат бозори талабларига мос равишда касб-ҳунарга ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича муҳим чоралар белгиланяпти.

Масалан, уй меҳнатининг, энг аввало, корхоналар билан меҳнат шартномаларига асосланган касаначилик меҳнати, ҳунармандчилик ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш натижасида 142,9 минг нафар банд бўл­маган фуқароларни иш билан таъминлаш мўлжалланмоқда. Бунда асосан хотин-қизлар, ногиронлар ва аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож бошқа тоифаларини иш билан таъминлаш кўзда тутилгани алоҳида эътиборга моликдир. Шу маънода олиб қарасак, Дастур лойиҳаси партиямиз дастурий мақсадлари, электорат манфаатлари ҳимоясига хизмат қилади.

Депутатларнинг таъкидлашича, бу йилги Дастур лойиҳасида  ўтган йиллардагидан фарқли қатор жиҳатлар ўз аксини топган. Масалан, ҳали амалиётда бўлмаган Уйчи, Пахтаобод ва Қўштепа туманларида янги, маҳаллий меҳнат бозорига мослаштирилган шакл ва услубларни жорий этиш назарда тутилмоқда. Бу орқали меҳнат билан банд бўлмаган аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида корхоналар балансидаги фойдаланилмаётган ер участ­каларида кичик саноат ҳудудларини шакллантириш мўл­жалланган. 

Аҳад Аҳмедов, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекис­тон ХДП фракцияси аъзоси:

— Маълум бўлишича, дас­тур лойиҳасида 512 мингга яқин касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртлари битирувчисини ишга жойлаштириш мўлжалланган. Муҳим томони шундаки, дастур лойиҳасида коллеж битирувчиларини иш билан таъминлашнинг янги услубларини қўл­лаш мақсадида «Ўз биз­несинг­ни йўлга қўй» махсус порталини ҳамда «Бизнес-ангел» тизимини яратиш каби ижобий амалиётни жорий этиш кўзда тутилмоқда. Бу таълим муассасаларини битираётган ёшларни эгаллаган мутахассисликларига мувофиқ иш билан таъминлаш, ҳаётда ўз ўрнига эга бўлишига кўмаклашишда муҳим аҳа­мият касб этади, деб ўй­лайман.

Дастур лойиҳасига кўра, корхоналар (иш берувчилар), битирувчилар ҳамда ота-оналар ўртасида тузилган уч томонлама шартномаларнинг самарадорлигини ошириш ва тўлиқ бажаралишини таъминлаш чоралари кўрилади, коллеж битирувчиларини ишга олувчи кичик корхоналарга кенг имтиёзлар берилади. Буларнинг барчаси кучли ижтимоий сиёсат тарафдори бўл­миш Ўзбекистон Халқ демократик партияси дас­турий мақсадлари амалга ошишига хизмат қилади.

Дастур лойиҳасида, шу­нинг­дек, маҳаллий ҳокимликлар ҳузурида ташкил этилган иккита тегишли комиссиялар фаолияти самарадорлиги кучайтирилиши белгиланмоқда. Жумладан, 2016 йилда доимий фаолият юритаётган комис­сия­ларнинг йиғилишини туман даражасида икки ҳафтада камида бир марта, вилоят ҳокимликлари даражасида эса бир ойда камида бир марта ўтказиш назарда тутилмоқда. Битта йиғилишда камида 2-3 туманларда иш ўринларини ташкил этиш бўйича муаммоли лойиҳаларни, 10-15 муаммоли корхоналарни ва бу масалага масъул раҳбарларни таклиф этган ҳолда кўриб чиқиш белгиланмоқда. Комиссия фаолияти билан боғлиқ тезкор ахборотлар ҳокимликлар, Савдо-саноат палатаси ҳам­да Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги сайтларида жойлаштирилиши режалаштирилган. Бундан кўриниб турибдики, иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастури ижросида масъулиятни жиддий тарзда кучайтириш мақсадида изчил чора-тадбирлар белгиланади.

Атрофлича муҳокамалардан сўнг, Ўзбекистон ХДП фракция­си аъзолари партиянинг ғоявий мақсадлари ва Сайловолди дас­туридан келиб чиқиб, 2016 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастури лойиҳасини қўллаб-қувватлашди.

Шундан сўнг депутатлар кун тартибига асосан, «Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодекси қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқишди.

Таъкидландики, қонун ло­йиҳасининг қабул қилиниши янги таҳрирдаги Божхона кодекси лойиҳаси ҳамда амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар нормалари ўртасидаги қарама-қаршиликларни бартараф этиш имконини беради.

Қонун лойиҳасини қизғин муҳокама қилиш жараёнида депутатлар партия позициясидан келиб чиқиб, уни қўл­лаб-қувватлашди.

2016 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида ҳам кўриб чиқилди ва атрофлича муҳокамалардан сўнг депутатлар томонидан қабул қилинди.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.