17.11.2015

«ОММАВИЙ МАДАНИЯТ»: ҚИЁФАСИЗ ОЛОМОН, МАНЗИЛСИЗ ЙЎЛ

Қарғалар сайраган замон,

Булбулнинг қадри бўлмас...

Халқ қўшиғидан

 

Қайсидир бир байрам арафасида беш яшар неварамнинг боғчасига мутасадди раҳбарлар келибди-да, байрам кайфиятида:

— Қани, битта ашула бўлсин! — дебди.

Болалар жим, боғча опалар ташвишда.

— Қани, бошладик...

Лекин болалар жим. Мутасаддилардан биттаси: — Майли, хоҳлаган қўшиғингизни айтаверинг, — дебди. Болаларнинг барчаси қўл кўтарибди. Мутасаддининг назари неварамга тушибди. У эса бир қадам олдинга чиқиб:

— Ой қизни, шул қизни, билқилдоқ, чилпилдоқ..., — дея овозининг борича боғчани бошига кўтарибди. Мутасаддилар чапак чалибди. Мен ҳам шундай қилган бўлардим, чунки қайси бир отага неварасининг қўшиғи маъқул бўлмайди...

Неварамни доимо ёнимда олиб юраман ва унинг анча жумбоқли саволларига жавоб топа олмай, роса қийналаман. Қорақалпоқнинг тўйларида кўп ашулалар, тилаклар бўлади. Баъзан, тамаданинг, қўшиқчининг баланд овозидан ёнингиздаги қадрдонингизнинг салом-алигини ҳам, ҳатто, қайси тўйга, нимага келганингизни ҳам эшитмай, билмай қоласиз. Бошқа жойларда ҳам худди шундай, бундай шовқин-суронли тўйларга баъзан мана шу неварам билан борамиз.

У савол беради:

— Ота, сиз уйланганда лимузин бормиди?

— Ота, мен хитойнинг қизини олсам, уйга киритасизми?

Неварамнинг бошқотирмаларига жавоб топа олмаётган бир пайтда, сиз «оммавий маданият» тўғрисида жуда мушкул савол қўйдингиз-да! Нима дейиш мумкин?

Вақт ҳар қандай маънавий-маданий дунёни янгилаб бораверади. Янгиланиш даврида халқнинг қадимдан қолган урф-одатлари, удумлари инсонни эзгу туйғулар билан суғориб боради. Лекин ўша пайтда қайси бир инсонга эзгулик суви камроқ тегса, у тўлақонли ривожланмайди. Шу нуқтаи назардан, «Ота-бобом чайладан чиққан», — дея, ҳаммани чайлага чақиравериш ҳам маъқул эмас.

Шунингдек, биз байналмилал, толерант-модернчилармиз, дея бошқа­ларни ўзлари тушунган-тушунмаган дунёга чорлаш ҳам яхшиликка олиб келмайди.

«Оммавий маданият»нинг на моддий, на маънавий асоси йўқ. У оддий эҳтиросга қурилган бир дунё. Эҳтирос эса, нафақат инсон, ҳатто ҳайвонот дунёсида ҳам бор.

Эсингизда бўлса, бир пайтлари «совет турмуш тарзи» деган тушунча бўларди. Унинг нима эканлигини ҳеч ким билмасди, лекин уни зўр бериб тарғиб-ташвиқ қилишарди. Ҳозирги «оммавий маданият» деганлари қандай турмуш тарзини тарғиб қиляпти? Бизни кимларга ўхшаб яшашга ундаяпти?

Энди яна «оммавий маданият»га қайтсак, менимча у асосан, адабиёт, мусиқа, кино-телевидение ва ижрочилар орқали тарғиб қилинаяпти. Севгилисининг қулоғига айтилиши керак бўлган гапларни ишқий лирика дея шоирлар ёзаверса, ижрочилар бир қизнинг исмини тўрт карра бақириб-чақирса ашула бўлади ёки рэп жанрида куйлайман дея, Мольернинг машҳур комедиясидаги граф Журденга ўхшаб, насрни мусиқий интонацияга солса, модерн қўшиқ чиқади, дейдиганлар кўпайиб кетди. Оқибатда эски қорақалпоқ халқ мусиқалари билан қўшиқларининг айримларини тирик муаллифлар ўзлаштириб олиб ижро этмоқда. «Оммавий маданият» қалпоғи остида адабиёт ва санъатда  ўғирликлар пайдо бўлмоқда... Буларнинг оқибати, албатта, яхшиликка олиб келмайди.

Мана «оммавий маданият»нинг айрим кўринишларига эътибор беринг: Сўнгги пайтлари, «селфи» аталмиш бир одат пайдо бўлди. Унга кўра,  қайси бир тарихий маскан ёки машҳур одамлар билан қўл телефони орқали ўзини ўзи суратга олади. Бу бизга ҳам кириб келди. Масаланинг ачинарли томони шундаки, шу йўсинда тарихда қолиш аллақачон айрим ёшларнинг орзусига айланиб улгурди. Лекин ушбу орзу доимий одатга ёки уларнинг турмуш тарзига сингиб кетса-чи? Ўнта ялан­ғоч, юзта яланғоч, мингта яланғочни сур­атга олиб машҳурлик касалига мубтало бўлган фотограф ёки аввал ўзининг баданига лат етказиб, сўнгра ялан­ғоч ҳолда тиканак сим тўрларга ўраниб кўчада ётган, петербурглик рассом Петр Павленский ўзининг бу хатти-ҳаракатларини буюк санъат ҳисоблаётганига нима дейсиз?

Биз баъзан, арзимаган нарса-ку, дея яқин-атрофимизда содир бўлаётган ҳодисаларга эътибор беравермаймиз. Коллеж ёки олий ўқув юртларида ўқиётган қизимизнинг оёқ қўллари тирноқларига қизил-яшил... ранг-баранг бўёқлар суртилганига, баъзан йигит-қизларнинг таналарига туширилган ажнабий расмлар билан битикларга бефарқ қараймиз. Бир пайтлар инглизчани тушунмасдан, орқаларига «Мен ахмоқ» деб ёзилган кўйлакни кийиб юрганлар ҳам бўлган.

Энди ҳирс уйғотувчи модалар билан ҳаракатларни айтмаса ҳам бўлади. Чунки муқаддас динимиз, урф-одатларимизда ҳирс уйғотувчи хатти-ҳаракатлар гуноҳ ҳисобланади. «Қиз болага қирқ уйдан тийилиш, бир уйдан қийилиш» деган доно ибора ўз-ўзидан пайдо бўлмаган-ку...

Ҳозирги глобал дунёнинг ёт таъсирлари ёшларимизни дажжол каби ўз орқасидан эргаштириб бораётгани, ҳар хил ажнабий байрамлар мисолида ҳам намоён бўлмоқда. Уларнинг бири — Валентин куни, яъни 14 февраль. Баъзилар бу кунни «Севишганлар куни» дея оқлашга интилади. Майли, Валентин ва Валентина отдош кимсалар, қайси бир замон афсоналарига кўра, бир-бирини севишган бўлиши мумкин, нима учун ҳар бир инсон учун такрорланмас, муқаддас туйғу ҳисобланган муҳаббатга айнан улар намуна бўлиши керак? Ахир севги қонуниятларига биноан, учинчи шахснинг пайдо бўлиши унинг муқаррар ўлими-ку? Ахир, Ромеони Жульеттадек, Ширинни Фарҳоддек, уларнинг ўзларидан бош­қа яна ким сева оларди?...

Яна бир «байрам» — «Ҳэллоуин»... Бизнинг турмуш тарзимизга мутлақо ётдир. Балки, қайси бир элатлар удумларида қандайдир маънога эга бўлиши мумкин, лекин унинг ниқобларида бизнинг кўчаларга чиқсангиз, сизни қип-қизил жиннига чиқариб қўйишади...

Кам бўлса-да орамизда: — Биз энди шундаймиз, нима қилаётганимиз билан ишингиз бўлмасин, — дейдиганлар ҳам топилиб қолади. Уларга эса шундай жавоб бермоқчиман:

Тўғри, ҳамманинг эрки ўзида. Лекин бизда муқаддас оила, муқаддас жамият, деган тушунчалар мавжуд. Куни кеча, Синай ярим оролида ҳалокатга учраган Россия самолёти қурбонларига қон ютиб, мотам тутилаётган бир пайтда мазкур мамлакатдаги тунги клубларда «Ҳэллоуин» байрами ўтказилди.

Баъзи бир давлатларда «Бўйдоқлар куни» байрами ҳам бор. Энди нима, биз ҳам уйлангунча ёки эрга чиққунча, шу байрамга қўшилишимиз керакми?

Хуллас, «оммавий маданият» сингари қиёфасиз дунёдан ёшларимизни, қандай асраб қоламиз?

Ҳозир бизда тунги клуб, беҳаё базмларга чек қўйилгани айни муддао бўлди. Лекин айрим «демократик тарбия» тарафдорлари «ёшлик бир марта берилади, вақтида маза қилишсин-да», дейишмоқда.

Менимча, халқимизнинг миллий ғурури асосида, жамиятимизнинг ижодий муҳитида сўз қадрини, санъат қадрини, ижод қадриятларини юксалтириш, ижодкорнинг халқ олдидаги фарзи ва қарзи тамойилларини кўриб чиқиш керак.

Тўлепберген Қайипбергенов айт­ган эди:

— Агар, дин бўлмаганида, одамлар бир-бирини еб қўярди...

Габриа Гарсия Маркес айтганди:

— Адабиёт инсонни юпатиш учун керак...

Икром Отамурод айтади:

 — Сўз қадри қайтади...

Мен айтаман:

 — Қўлда борининг қадрига етайлик... У — умуминсоний негизларга қурилган миллий маънавиятимиздир.

 

Ўрозбой АБДУРАҲМОНОВ,

Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси.



DB query error.
Please try later.