14.11.2015

ЯНГИ ҚОНУН ЛОЙИҲАЛАРИ

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ЎзХДП фракциясининг навбатдаги йиғилишларида мутасадди ташкилотлар мутахассислари иштирокида бир неч­та қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.

«Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодекси қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекис­тон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Божхона кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳаси ҳам муҳокама қилинмоқда.

Қайд этилдики, қонун ло­йиҳаси орқали амалдаги бир қатор қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда. Жумладан, «Маҳсулот ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида»ги, «Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолияти тўғрисида»ги, «Махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг транзити тўғрисида»ги бир қатор қонунларга, шунингдек, Маъ­мурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш киритиш назарда тутилмоқда.

Комила КАРОМОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши янги таҳрирдаги Божхона кодекси лойиҳаси ҳамда амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар нормалари ўртасидаги қарама-қаршиликларни бартараф этиш имконини беради.

Масалан, «Маҳсулот ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида»ги Қонун талабларига асосан,  миллий ёки «Ўзстандарт» агентлиги томонидан тан олинган ўзга давлатларнинг мувофиқлик сертификатлари ва мувофиқлик белгилари божхона юк декларацияси билан бирга аризачи(етказиб берувчи) томонидан божхона органига тақдим этилади ва ушбу ҳужжатлар маҳсулотни тегишли божхона режимига жойлаштириш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Олиб кирилаётган товарнинг хавфсизлигини тасдиқловчи ҳужжат мавжуд бўлмаганда, то мувофиқлик сертификати олинмагунча ёки чет эл сертификати миллий серти­фикатлаш қоидалари асосида тан олинмагунга қадар божхона органлари бундай товарларни тегишли божхона режимига жойлаштиришга йўл қўймайдилар.

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Божхона кодекси лойиҳасига асосан, божхона иши Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати томонидан амалга оширилади.

Депутатлар, шунингдек, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни лойиҳасини ҳам  биринчи ўқишда кўриб чиқишди. Қонун лойиҳаси асосида Жиноят, Жиноят-процессуал ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга тегишли қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритиш назарда тутилмоқда.

Бунёд ЭШОНҚУЛОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекис­тон ХДП фракцияси аъзоси:

— Мазкур қонун лойиҳаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 27 мартдаги «Тошкент шаҳрининг эски шаҳар қисмида мавзелар бўйича замонавий кўп қаватли уйлар қуриш тўғрисида»ги қарори ижроси бўйича ишлаб чиқилган.

Унда таклиф этилаётган қўшимчанинг қабул қилиниши тегишли тақиқ ва чеклашлар ўрнатилган ҳудудларда шаҳарсозлик фаолия­тининг тартибга солинишига ва шаҳарсозлик қонун ҳужжатларига риоя этилиши бўйича масъулият кучайишига хизмат қилади.

Бу борадаги ноқонуний ҳаракатларга нисбатан жиноий жавобгарлик маъмурий жазо қўлланилгандан сўнг келиб чиқиши тартиби таклиф қилинмоқда.

Тегишли тақиқ (чеклашлар) ўрнатилган ҳудудларда шаҳарсозлик фаолиятининг тартибга солиниши, шаҳарсозликка доир қонун ҳужжатлари изчил назорат қилинишини фракциямиз ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди.

Йиғилишларда фракция аъзолари, шунингдек, «Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида»ги, «Электрон ҳукумат тўғрисида»ги, «Электрон ҳукуматни ривожлантириш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун ло­йиҳаларини ҳам кўриб чиқишди.

Депутатларнинг айтишича, «Электрон ҳукумат тўғрисида»ги қонун лойиҳасида ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш асосида давлат органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, электрон давлат хизматларини кўрсатиш тартибларини мақбуллаштириш кўзда тутилган.

Шунингдек, бу электрон давлат хизматларининг сифати ва улардан фойдаланиш қулайлигини ошириш, процедураларини соддалаштириш ва хизмат кўрсатиш муддатларини қисқартириш, муайян маъмурий харажатларни камайтиришга хизмат қилади. Давлат органларининг ахборот маълумотлар базаларини шакл­лантириш, давлат бош­қарув тизимида «ягона ойна» принципини жорий қилиш, тадбиркорлик субъектлари томонидан электрон тижорат тизимидан фойдаланиш имконини беради. Шу жиҳатдан олиб қарасак, қонун лойиҳасида назарда тутилган нормалар Ўзбекистон ХДП дастурий мақсадларига ҳамоҳангдир.

Фракция аъзоларининг партия электорати манфаатлари нуқтаи назаридан билдирган фикр-мулоҳазалари ва хулосаларига асосан барча қонун лойиҳалари қўллаб-қувватланди. 

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.