14.11.2015

ДАВЛАТ БЮДЖЕТИ ИЖРОСИ

устидан парламент назоратини кучайтириш долзарб аҳамиятга эга

Хабарингиз бор, шу йилнинг 11 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик Палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Шу куни депутатлар Ўзбекистон Республикасининг 2016 йилги давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, шунингдек, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳаларини кўриб чиқиб, тасдиқлашди.

Таъкидлаш жоизки, Давлат бюджетининг қабул қилиниши, солиқ сиёсатидаги ўзгаришлар, янгиликларга мамлакатимиз жамоатчилигининг эътибори, қизиқиши йилдан-йилга ортиб бормоқда ва бу табиий жараёндир. Бугун одамлар солиқ имтиёзи ва енгилликларининг бевосита даромадига таъсирини сезмоқда, Давлат бюджетидан салмоқли маблағлар таълим-тарбия масканларида билим олиш шароити ва имкониятларини яхшилаш, жойларда тиббий хизмат сифатини ошириш каби муҳим ишларга йўналтирилаётганини мамнуният билан қабул қилмоқда, айни пайтда ушбу маблағларнинг қай даражада самарали сарфланаётгани билан қизиқмоқда.

Шундан келиб чиқиб, мамлакатимиз иқтисодиёти барқарорлашиши, аҳолининг турмуш фаровонлиги билан бевосита боғлиқ бўлган 2016 йилги Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, шунингдек, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Фарҳод Умаров билан суҳбатлашдик.

— Аввало, Давлат бюджети нима ва у қандай шаклланиши ҳақида кенгроқ маълумот берсангиз.

— Ҳар қайси давлатда ялпи ички маҳсулот ва миллий даромад хўжалик субъектларининг фаолияти натижасида шаклланади. Моддий ишлаб чиқариш жараёнида яратилган миллий даромад тақсимот ва қайта тақсимот босқичларидан ўтади. Охиргисида бюджетнинг алоҳида ўрни бор. Боиси, миллий даромад қайта тақсимланаётганда унинг бир қисми пул шаклида бюджетга тушади ва шу орқали молиявий ресурсларнинг марказлашган жамғармаси ҳосил қилинади.

Бюджет давлат олдидаги вазифаларни молиявий таъминлаш мақсадида пул маблағларининг жамғарилиши ва сарф қилинишидир. Бюджет сиёсати эса мамлакатда макроиқтисодий барқарорлик, бюджет тизимидаги мувозанатни сақлаган ҳолда, давлат тасарруфидаги маблағларни келгусида унинг молиявий имкониятларини ошириш мақсадида ўта самарадорлик билан ишлатиш, демакдир.

Айтиш керакки, тақдим этилган лойиҳалар иқтисодиётнинг изчил ўсишига, иқтисодий бақарорликнинг мувозанатлаштирилган кўр­саткичларини ҳамда экспортнинг ўсишини сақлаб қолишга ҳамда иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. 2016 йилда ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан янгилашни жадаллаштириш ва кенгайтириш, шунингдек, йўл-транспорт ҳамда муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантириш дастурларини фаол амалга оширишни давом эттириш назарда тутилган.

— Бугун дунёнинг кўплаб мамлакатларида давлат бюджетини режалаштиришда солиқ сиёсатига алоҳида эътибор қаратилади. Чунки бу бевосита иқтисодиёт барқарорлиги ва рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади. Шу маънода мамлакатимизнинг келгуси йилга мўлжалланган солиқ сиёсатида қандай ўзгаришлар бўлади?

— Келгуси йил учун Давлат бюджети лойиҳаси дунёда ҳукм сураётган мураккаб ижтимоий-иқтисодий вазият, хусусан, айрим яқин ҳамкорларимиз иқтисодиётида давом этаётган молиявий-иқтисодий инқироз шароитида шакллантирилганига қарамай, ижтимоий йўналтирилганлик хусусиятини сақлаб қолган. Мамлакатимизда иқтисодиётни модернизациялаш, диверсификациялаш ва либераллаштириш, бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, рақобатни кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш бўйича олиб борилаётган фаол саъй-ҳаракатлар натижасида охирги бир неча йил давомида иқтисодиётга солиқ юки изчил камайиб бораётганига қарамай, Давлат бюджети профицит билан ижро этилмоқда. Бошқача қилиб айтганда, унинг даромад қисми тўлақонли бажариб келиняпти.

Бюджет лойиҳасининг таҳлилидан маълум бўлишича, 2016 йилда олиб бориладиган солиқ сиёсати ўтган йиллардаги каби хўжалик юритувчи субъектлар ва аҳоли учун солиқ юкини янада пасайтиришга, солиққа тортиш тизимини соддалаштириш ва бу соҳада маъмурий чораларни кучайтириш ор­қали хўжалик юритувчи субъектлар моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва меҳнатни рағбатлантиришга хизмат қилади.

  Таъкидлаш жоизки, 2016 йилда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг иккинчи поғонаси бўйича солиқ ставкасини 8,5 фоиздан 7,5 фоизгача пасайтириш, ўрта даражадаги даромадга эга бўлган тўловчилар учун солиқ юкини 6,2 фоиздан 5,5 фоизгача камайтириш мўлжалланган.

Шу билан бирга, хизмат кўрсатиш соҳасидаги микрофирма ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкасини 6 фоиздан 5  фоизгача пасайтириш ялпи ички маҳсулотдаги хизмат кўрсатиш соҳасининг улушини 55 фоизга етказишга имкон беради.

Умуман олганда, ҳукумат томонидан солиқ сиёсати бўйича таклиф этилган чораларнинг амалга оширилиши натижасида, 2016 йилда солиқ юки 2015 йилдаги ЯИМга нисбатан 19,2 фоиздан 18 фоизга, Давлат бюджети даромадлари эса ЯИМга нисбатан 20,7 фоиздан 19,1 фоизгача камайиши кутилмоқда.

— Маълумки, ҳар йили мамлакатимизда Давлат бюджети харажатларининг катта қисми ижтимоий соҳага йўналтириляпти. Келгуси йили бу масалага қандай ёндашиш кўзда тутилмоқда?

— 2016 йилги Давлат бюджетининг ўзига хос хусусиятларидан бири шундаки, у биринчи навбатда, аҳоли фаровонлиги ва турмуш даражасини янада оширишга қаратилган. Келаси йилда бюджет ташкилотлари ходимларининг иш хақи тўловлари, пенсиялар, нафақалар ва стипендиялар миқдорини инфляция даражасидан юқори миқдорларда ошириш давом эттирилади. Бу ўз навбатида, аҳоли реал даромадларининг ўсиши, шу орқали турмуш даражаси ва харид қобилиятининг янада ошишини таъминлайди.

 Хусусан, Давлат бюджетининг ижтимоий соҳа харажатлари 2015 йилда кутилаётган 58,7 фоиз ўрнига, 2016 йилда 59,2 фоизгача кўпайтирилиши режа қилинган. Бу, шуб­ҳасиз, мамлакатимиз аҳолисининг турмуш даражасини янада яхшилашга, Халқ демократик партия­си электорати манфаатларига хизмат қилади.

2016 йилда таълим харажатлари ўтган йилга нисбатан 16,6 фоизга ўсиб, ялпи ички маҳсулотга нисбатан 6,8 фоизни ташкил этади. Шу билан бирга, таълим муассасаларини жорий сақлаш харажатлари ялпи ички маҳсулотга нисбатан 4,8 фоизни ташкил этиши таълим сифатига ижобий таъсир кўрсатади.

 Прогноз йилида соғлиқни сақлаш харажатлари ялпи ички маҳсулотга нисбатан 2,8 фоизни ташкил этиб, тизимга қарашли муассасаларнинг дори-дармон ва озиқ-овқат харажатлари 2015 йил учун тасдиқланган бюджетига нисбатан 1,15 баравар ўсиши кутилмоқда. Бу эса соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш ва аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш юзасидан қабул қилинган дастурлар доирасида барча тадбирларни молиялаштириш имконини беради.

— Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 2016 йилга мўлжалланган Давлат бюджети лойиҳаси кўриб чиқилаётганда,  сиё­сий партиялар фракциялари ўз позицияси ва таклифларини билдирди. Хусусан, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг Давлат бюджети бўйича позицияси қандай бўлди?

— Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг аъзолари ижтимоий соҳага ажратилган Давлат бюджети маблағларининг улуши оширилишига алоҳида эътибор қаратди.

Давлат бюджетининг даромадлари, улардан самарали фойдаланиш, айниқса, аҳолини ижти­моий қўллаб-қувватлашга йўналтирилаётган бюджет маблағлари устидан парламент назоратини кучайтириш юзасидан таклифлар билдирилди. 

Шундай қилиб, бюджет, ўзида асосий молиявий тоифалар (солиқ, давлат кредити, давлат харажатлари)ни мужассамлаштириб, давлат молиявий тизимининг асосий бўғини ҳисобланади ва ҳар қандай замонавий жамиятда муҳим иқтисодий ва сиёсий ўрин эгаллайди.

2016 йилги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетида белгиланган асосий кўрсаткичлар мамлакатимизда инсон омили ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш масалаларига эътибор йил сайин ортаётганидан далолат беради. Бундай ишларнинг барчаси Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг дастурий мақсад ва вазифаларига мос келади.

 

Лазиза ШОМИЛОВА

суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.