Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
14.11.2015

КАНАДА: САЙЛОВЛАР ФУҚАРОЛАРНИНГ ХОҲИШ-ИРОДАСИНИ ИФОДА ЭТАДИ

Жорий йилнинг 19 октябрь куни Канадада парламент сайлови бўлиб ўтди. Мажоритар тизими асосида ташкил этилган сайлов мамлакатдаги 338 сайлов округида ўтказилди. Мазкур сайлов Канада тарихида ўзига хос ўрин тутди. Чунки замонавий Канада тарихидаги энг узоқ давом этган сайловолди кампанияси айнан шу сайловга тўғри келди.

Канада парламенти икки палатали бўлиб, Сенат ва қуйи палатадан иборат. Сенат 105 сенатордан иборат бўлса, қуйи палатада 308 депутат фаолият олиб боради.

Парламент қуйи палатаси етакчи орган ҳисобланади. Сенат камдан-кам ҳолларда қонун лойиҳаларини қуйи палатага юборади. Асосан қирол қонун лойиҳаларини қуйи палатага тақдим этади. Шундан кейин парламент уни қабул қилади. Жорий йилда ўтказилган сайловлар мамлакат тарихидаги қирқ биринчиси ҳисобланади.

Қуйи палатага сайланган депутат 5 йил ишлайди. Ҳар бир депутат фақат битта сайлов округидан ўз номзодини қўйиши мумкин. Парламент қуйи палатаси 1867 йилда ташкил этилган.     

Бугунги Канада сиёсий майдонида бир нечта партия кураш олиб боради. Асосан ҳокимият учун кураш либерал, консерваторлар партияси ва Янги демократик партия ўртасида кечади. Бу йилги сайлов олди кампанияси даврида улар мамлакатни ҳар томонлама тараққий эттириш, иқтисодиётни янада ривожлантириш, аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш билан боғлиқ муҳим ғояларни илгари сурди. Ҳар бир сиёсий партиянинг ушбу масалаларда ўз йўналиши, ўз дастурий мақсадлари бор.

Мисол учун, қонунийлик ва тартибга жиддий амал қилишни ёқлайдиган Канада консерватив партияси асосий эътиборни фирмалар ва даромадга солинадиган солиқлар ҳамда давлат қарзини қисқатиришга қаратди. Шунингдек, бюджетнинг дефицитсизлигини таъминлаш ва ижтимоий сиёсатга алоҳида эътибор қаратди. Бундан ташқари, умуминсоний қадриятлар асносида миллий ўзликни англаш масаласи ҳам партия илгари сураётган муҳим ғоялар қаторига киради.

2011 йилда ўтказилган сайловда қуйи палатадан бор-йўғи 36 депутатлик ўрнига эга бўлган Канада либерал партия­си бу сайловда ўз мафкурасини бир қадар янгилаш ва кучайтиришга ҳаракат қилди. 1867 йил 1 июлда ташкил этилган партия дастлаб «Провинциялар ҳуқуқ­лари» ҳимоя­чилари, эркин савдо ва Буюк Британияга нисбатан катта мус­тақиллик тарафдорларини бирлаштирган эди. Кейинчалик мазкур партия аъзолари хабар бериш ва алоқа воситалари давлат ихтиёрида қолишини, хўжалик фао­лиятида эса давлатнинг иштирокини камайтиришни талаб қилган. Бироқ 1930 йилларда либерал партия янада фаол ижтимоий сиёсат юрита бошлади ва ишсизларга ёрдам, фермерларга субсидиялар ажратиш каби ғояларни илгари сурди.

Сайловдан олдин мазкур партия парламентда учинчи ўринда бораётган эди. 43 ёшли етакчи Жастин Трюдо иқтисодиётни ислоҳ қилиш ва ин­фраструктурани янада яхшилаш ғоясини илгари сурди.

Мамлакатдаги етакчи пар­тия­лардан яна бири — Янги демократик партия нисбатан ёш сиёсий куч бўлиб, 1961 йилда ташкил этилган. Ушбу партия 2011 йилда сайловчиларнинг 30,6 фоиз овозини қўлга киритиб, қуйи палатада 103 депутатлик ўрнига эга бўлганди. Партия социал-демократия ғояларини илгари суради. Томас Малкэр 2012 йил 24 мартдан буён ушбу сиёсий партияга етакчилик қилиб келмоқда.

Бироқ унинг етакчилигида Янги демократик партия мамлакат сиёсий майдонида етакчилик қила олмаяпти. Сиёсий таҳлилчиларнинг фикрича, бу партия етакчисининг сайловчилар манфаатларини ифодалай олмаётгани билан боғлиқ. Ушбу партия қатор умуминсоний ғояларни ўз сайловолди дастурларида ифода этган.

Мисол учун, аҳолини тоза ичимлик суви таъминотини янада яхшилаш, камбағалликни кескин камайтириш, солиқларни қисқартириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жамоат транспортига ажратилаёт­ган маблағларни кўпайтириш, соғлиқни сақлаш, хусусан, стоматологияни ривожлантиришга давлат бюджетини катта миқдорда маблағ ажратиш, энг кам ойлик иш ҳақини ошириш, конс­титуцияда белгиланган қонун-қоидаларга сўзсиз риоя этилишини таъминлаш масаласи Янги демократик партиянинг сайловолди дастуридан ўрин олган.         

Умуман олганда, Канадада сиёсий партиялар мутлақо мус­тақил фао­лият олиб боради. Штатлар миқёсида барча сиёсий партияларнинг қуйи бўлимларига вакиллик қилувчи марказий кенгашлар, аёлларнинг партия ташкилотлари ва ёшлар ассоциация­лари ишлайди. Мамлакатда барча партиялар расман ўз қараш, ҳаракатлари ва ғояларига эга. Шулардан бири Яшиллар партиясидир. Элизабет Мэй етакчилик қилиб келаётган мазкур сиё­сий куч  мафкураси экологик, ҳуқуқ муҳофазаси, аёллар, ҳарбий ҳаракатларга қарши ва бошқа шу каби ижтимоий ҳаракатлардан ташкил топган. Партия атроф-муҳит билан уй­ғунликда барқарор ривожланиш, ижтимоий адолат, демократиянинг қу­йидан бошлаб ривожланиши, зўравонликка барҳам бериш, жинслар орасида тенг ҳуқуқлилик, биологик ва маданий хилма-хилликни сақлаб қолиниши тарафдоридир.

Энди бевосита сайлов натижаларига эътибор қаратадиган бўлсак, Яшиллар партияси ўтган сайловда бўлгани каби парламентда битта депутатлик ўрнига эга бўлди. 818 минг­дан ортиқ сайловчининг овозини қўлга киритган Квебек блоги 10 мандат билан кифояланди. 19,71 фоиз сайловчилар овоз берган Янги демократия партияси қуйи палатада 44 депутатлик ўрнига эга бўлди. Энг юқори ўринларни консерваторлар ва либераллар эгаллади. Улар мос равишда 99 ва 184 депутатлик ўрнига эга бўлишди.

Канадада ўтказилган парламент сайловидан шундай хулосага келиш мумкинки, сиёсий партияларнинг  дун­ёда юз бераётган воқеалар, бошқа давлатлар билан алоқалар ҳамда стратегик муҳим масалаларга муносабати, ўзига хос позицияси сайловчиларнинг овозини тўплашда долзарб аҳамият касб этади.

 

Нурали ОРИПОВ



DB query error.
Please try later.