14.11.2015

ИНСОНПАРВАРЛИК ҒОЯЛАРИГА САДОҚАТ НАМУНАСИ

Ўзбекистонда 2008 йилдан бошлаб ўлим жазосининг бекор қилиниши халқаро ҳамжамият томонидан инсон қадр-қимматини улуғлаш, ҳуқуқий демократик жамият қуриш йўлида муҳим воқеа сифатида эътироф этилди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига кўра, «Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир».

Мухбиримиз инсоннинг яшаш ҳуқуқи, яъни Ўзбекистонда жазолаш тизимидан ўлим жазосини чиқариш бўйича қабул қилинган тарихий ҳужжатнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти хусусида Тошкент давлат юридик университети профессори Баҳром ­АҲРОРОВга бир қатор саволлар  билан мурожаат қилди.

— Ҳамма нарса таққосланганда билинади. Шу ўринда ўтмиш ва бугунги кун қонунчилигини қиёслаб, улар ўртасидаги асосий фарқ тўғрисида маълумот берсангиз.

— Собиқ шўролар тузуми даврида Ўзбекистон ССР Жиноят кодексидаги 33 моддада ўлим жазоси кўзда тутилган бўлса, 1994 йил қабул қилинган янги мустақил Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида улар сони 20 тага қисқартирилиб, 13 модда санкциясида ўлим жазоси назарда тутилган эди. Босқичма-босқич улар сони яна қисқартириб борилди. 1998 йилга келиб, ўлим жазоси назарда тутилган моддалар 8, 2001 йилда 4 тага, 2003 йилда эса 2 тага қисқартирилди.

2005 йил 1 августда Давлатимиз раҳбари тарихий ҳужжатга имзо чекди. «Ўзбекистон Республикасида ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисида»ги Фармон эълон қилинди. Бу инсонпарварлик тамойилларига қатъий амал қилаётган мамлакатимизнинг фуқаролари конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Фармонга кўра, 2008 йилнинг 1 январидан бошлаб ўлим жазоси жазо тури сифатида бутунлай бекор қилинди ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексидан олиб ташланди.

Мамлакатимиз суд-ҳуқуқ соҳасидаги бу ислоҳот жаҳон ҳамжамияти томонидан қизғин кутиб олинди ва маъқулланди. 2008 йил 5 январда матбуотда «Ўзбекистонда ўлим жазосининг бекор қилиниши муносабати билан ­Словения раислигининг Европа Иттифоқи баёноти эълон қилинди...

Унда шундай сўзлар бор: Европа Иттифоқи Ўзбекистонда 2008 йилнинг 1 январидан ўлим жазоси бекор қилинганини қизғин маъ­қуллайди. Биз Ўзбекистон ҳукумати ва халқини ушбу муҳим қарор билан самимий қутлаймиз. Европа Иттифоқи Ўзбекистон ҳукуматини ушбу қарорни тўла рўёбга чиқариш ҳамда суд тизимидаги ислоҳотларни бундан буён ҳам изчил амалга оширишда қўллаб-қувватлайди.

Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлар ўлим жазосининг бекор қилиниши инсон қадр-қимматини ҳурмат қилиш ва қўллаб-қувватлашда муҳим омил бўлади, деб ҳисоблайди.

Европа Иттифоқи ўлим жазосининг бутун дунёда бекор қилинишига эришиш ўз фаолиятининг асосий мақсади эканини яна бир бор тасдиқлайди. Европа Иттифоқи Ўзбекистонда ўлим жазосининг бекор қилиниши юқорида қайд этилган мақсад йўлида қўйилган муҳим қадам, деб билади ва минтақадаги бошқа мамлакатлар ҳам бу борада Ўзбекис­тондан ўрнак олади, деб умид қилади».  

Бу ҳужжат Ўзбекистон суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларга берилган юқори баҳо ва эътирофдир. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, мамлакатимизда ўлим жазосининг бекор қилиниши халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилган ўта муҳим воқеа бўлди. Нуфузли хорижий экспертларнинг фикрича, ушбу ва бошқа чора-тадбирлар туфайли Ўзбекистон дунёда энг либерал жиноят қонунига эга бўлди.

Бинобарин, ҳуқуқ тизимида жиноят учун жазонинг оғир ёки енгиллиги эмас, унинг муқаррарлиги муҳим ҳисобланади. Қолаверса, ўлим жазоси маҳкум учун ҳеч қандай тарбиявий аҳамиятга эга эмас. Бу жазо инсонни ахлоқан тузатмайди.

Жиноий жазо — жиноят содир этган шахсларни қайта тарбиялаш, уни жамият учун хавфли ҳаракатлар содир этишдан тийиш, кейинги ҳаётини фойдали томонга буриш  воситаси. Маҳкум жазони ўташ пайтида озодлик ва инсон яшаши учун зарур бўлган бошқа ҳуқуқларнинг қадрига етади, керакли хулоса чиқаради.

— Ўзбекистон мустақилликнинг қисқа даврида ўлим жазосидан бутунлай воз кечди. Ваҳоланки, кўпгина ривожланган демократик давлатлар қонунчилигида ўлим жазоси сақлаб қолинган... Бу ҳолни қандай изоҳлаш мумкин?

— Шу ўринда бир гапни айтсам. Демократик давлат ўз фуқаросидан воз кечмаслиги керак. Ўлим жазоси жазо тури сифатида ўзини ҳеч қачон оқлаган эмас. Дунё тажрибасида ўлим жазосини қўллашнинг жиноятчиликни камайтиришга умуман боғлиқ эмаслиги аллақачон исботланган. Аксинча, уни тайинлашда йўл қўйилган хатолар орқали кўплаб бегуноҳ инсонлар ҳаётдан эрта маҳрум қилинди. Собиқ шўролар тузумидаги қатағон йилларида ноҳақ ўлим жазосига ҳукм қилиниб, қанчадан-қанча юртдошларимиз асоссиз отиб ташланди. Аччиқ ҳақиқат шуки, ўлим жазосининг адолатсизлиги аниқланса, уни ҳеч қачон тузатиб бўлмайди. У ке­йинчалик тузатиб бўлмайдиган жазо тури сифатида ҳам хавфли ва адолатсиздир.

Таъкидлаш керакки, дунёнинг кўпгина мамлакатларида бу жазо туридан мутлақо воз кечиш ёки ижро қилишга мораторий қўллаш амалиёти мавжуд. Бугунги кунда ер юзидаги юздан зиёд мамлакатда ўлим жазосидан бутунлай воз кечилган ёки улар амалда қўлланилмайди. Шу жумладан, йигирмадан ортиқ давлатда ўлим жазосига ҳукм этиш ёки уни ижро қилишга мораторий ўрнатилган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1977 йил 8 декабрдаги резолюциясида ўлим жазоси борасида кўзда тутиладиган асосий мақсад, бундай жазони бекор қилиш эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда, ўлим жазоси қўлланиладиган ҳуқуқбузарликлар миқдорини камайтириб боришдан иборат бўлмоғи лозимлиги қайд этилган. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 7-моддаси «Инсонпарварлик принципи» деб аталиб, унда жазо ва бош­қа ҳуқуқий таъсир чоралари жисмоний азоб бериш ёки инсон қадр-қимматини камситиш мақсадини кўзламаслиги, жиноят содир  этган шахсга нисбатан у ахлоқан тузалиши ва янги жиноят содир этишининг олдини олиш учун зарур ҳамда етарли бўладиган жазо тайинланиши ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилиши кераклиги айтилган.

Қисқа қилиб айтганда, Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикасида ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисида»ги Фармонига асосан 2008 йил 1 январдан бошлаб ўлим жазосининг бекор қилиниши мамлакатимизда инсон ҳаётининг дахл­сизлиги ва унинг яшашга бўлган ҳуқуқи кафолатланди. Қолаверса, ушбу ҳужжат инсонийлик ва бағрикенгликнинг юксак намунаси сифатида нафақат халқимиз, балки жаҳон жамоатчилиги томонидан катта хайрихоҳлик билан кутиб олинди. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистонда ўлим жазосининг бекор қилиниши халқаро тамойил ҳамда Асосий қонунимизга мос келувчи энг мақбул йўл танланганининг яққол исботидир. Зеро, яшаш ҳуқуқи — энг олий ҳуқуқдир.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Равшан ШОДИЕВ суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.