12.11.2015

НУРОНИЙЛАРНИНГ ҚАДРИ ЮКСАК

Вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз

кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир.

Ўзбекистон Республикасининг

Конституцияси, 45-модда.

 

Президентимиз Ислом ­Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида кекса авлод вакилларининг меҳнатини муносиб қадрлаш, уларнинг жамиятдаги, ёшлар тарбиясидаги ролини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 13 ­октябрдаги «1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони бу йўналишдаги ишлар кўламини янги босқичга кўтарди. Мазкур фармонга асосан кексаларни ижтимоий ҳимоялаш кўлами янада кенгайтирилиб, уруш ва меҳнат фронти фахрийлари йилига бир маротаба санаторий-соғломлаштириш муассасаларида бепул даволаниш имкониятига эга бўлди.

Пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги «Оқтепа» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Нуриддин Жалоловнинг таъкидлашича, ушбу маҳаллада истиқомат қилувчи Тўлаган ота давлатимизнинг ана шундай эътибор ва ғамхўрлигидан баҳраманд яшаётган инсонлардан бири.

Мустақиллик йилларида Тўлаган отанинг меҳнати ва матонати давлатимиз томонидан муносиб қадрланди. Президентимизнинг фармонига мувофиқ Тўлаган Имомов 1994 йили «Жасорат» медали билан тақдирланди. 2015 йил 9 май — Хотира ва қадрлаш куни арафасида Президентимиз номидан отахоннинг кўксига «Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 70 йиллиги» эсдалик юбилей медали тантанавор тақиб қўйилди.

— Биз, фахрийлар давлатимизнинг ғамхўрлигини ҳис этиб яшамоқдамиз, — дейди ­Тўлаган ота. — Маҳалла-кўй, тиббиёт ходимлари, ёшлар ҳолимиздан хабар олиб турибди. Йиғинлар, ёшлар билан учрашувларга тез-тез таклиф этиламан. Уларда ёшларга юртимиздаги тинчлик-осойишталик ҳамма нарсадан қадрли эканини таъкидлашдан чарчамайман. Илоҳим, бизга эҳтиром кўрсатган инсонларнинг ўзлари ҳам улуғ ёшларга кириб, доимо элимиз ардоғида бўлсин, юртимиздаги тинчлик-осо­йишталикка кўз тегмасин.

 

Шаҳноза МАМАТУРОПОВА,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.