12.11.2015

ПАРТИЯ ТАШКИЛОТЛАРИ ВА ДЕПУТАТЛАР

электорат вакиллари манфаатини ҳимоя этишда мустаҳкам ҳамкорликда курашиши лозим

Ўзбекистон ХДП Сирдарё вилоят кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда партия Марказий Кенгаши масъул ходимлари, маҳаллий партия кенгашлари фаоллари, депутатлар, «Фаол аёллар» ва «Истиқбол» ёшлар қаноти аъзолари иштирок этди.

Йиғилишда демократик ислоҳотларнинг ҳозирги босқичида Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташкилотлари ҳамда депутатлик бирлашмалари олдида турган долзарб вазифалар хусусида сўз юритилди.

Дастлаб, вилоят партия кенгаши раиси Алишер Тошматов бугунги кунда сиёсий партиялар олдига қўйилаётган талаблар, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида партия ташкилотлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳларининг жорий йил 9 ойлик фаолияти натижалари бўйича маъруза қилди.

— Бугун мамлакатимизда сиёсий партиялар, хусусан, ЎзХДПнинг демократик ислоҳотлар жараёнида иштироки сезиларли даражада кучайиб бормоқда, — деди у. — Аммо шиддат билан ўзгараётган замон, тараққиётга ҳамоҳанг тарзда партиямиз фаолиятини янги босқичга кўтариш, янада ташаббускор ва фаол бўлиш олдимизда турган энг муҳим вазифадир.

Бунинг учун вилоят, туман ва шаҳар партия кенгашлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳларимиз кўпроқ ташаббус кўрсатиши, электоратга, ҳаётга яқин бўлиши, кўпчиликни ўйлантириб келаётган муаммоларни ҳал қилиш таклифлари билан чиқиши зарур.

Бу ҳақда гап кетганда, жорий йилдаги фаолиятимизга тўхталиш, ишимиз, натижаларимизга энг аввал ўзимиз холис баҳо беришимиз керак бўлади. Ўтган йилги сайловда 129 нафар ЎзХДП вакили халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларига депутат этиб сайланди. Шу йилнинг 9 ойи давомида 7 масала халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларига олиб чиқилган бўлса, 10 масала доимий комиссиялар муҳокамасига киритилди, 13 масала эса партия гуруҳлари йиғилишларида кўриб чиқилди.

Аҳамиятли жиҳати, депутатларимиз депутатлик сўрови, ижро ҳокимияти раҳбарлари ҳисоботини эшитиш каби механизмлардан ҳам кенг фойдаланишга ҳаракат қилишмоқда. Жумладан, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳларимиз аъзолари томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларига 224 депутатлик сўрови юборилди, шундан ҳозиргача 172 таси ижобий ечим топди. Энг муҳими, бу натижалар партиямиз Сайловолди дас­турида белгилаб олганимиздек, ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда. Масалан, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Абдураззоқ Аллаёровга Оқолтин тумани «Шодлик» қишлоқ фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи бир гуруҳ фуқаролар ҳудуддаги қишлоқ врачлик пункти айрим сабабларга кўра ишламаётганлиги ҳақида мурожаат этишганди. Депутат масаланинг келиб чиқиш сабабларини билиш мақсадида мутасадди ташкилотларга депутатлик сўрови юборди. Масала ўрганилиб, тез орада ижобий ҳал этилди.

Депутатлар, партия гуруҳларимиз фаолиятидан бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин, албатта. Бу ўринда энг муҳим масала сайловчилар, электоратимиз вакиллари, умуман, кенг жамоатчилик партиямиздан сайланган депутатларга ишониб келаётганида, деб биламан. Демак, биз, депутатлар ҳар доим эл-юрт назарида туришимизни, улар бизга суянишини унутмаслигимиз керак.

Йиғилишда халқ депутатлари Мирзаобод туман Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи раҳбари ­Мурод Ҳайитов маҳаллий пар­тия ташкилотлари иши­­­ни жонлантириш, пар­тия гуруҳларининг ташаббускорлигини ошириш, бошлан­ғич пар­тия ташкилотлари фаоллигини кучайтириш масалалари ҳақида ўз фикрларини билдирди.

— Партиямиз гуруҳи ташаббуси билан қишлоқ жойларда истиқомат қилувчи аҳолига сифатли тиббий-санитария ёрдамини кўрсатиш борасида олиб борилаётган ишлар таҳлилий ўрганилиб, бу масала сессияда кўриб чиқилди. Сессияда қабул қилинган қарор асосида бугунги кунда муайян натижаларга эришилмоқда, — деди у. — Энг муҳими, қабул қилинган қарорлар ижросини таъминлашдир. Шундай экан, нафақат сессия қарорлари, балки ижтимоий аҳамиятга эга дастурлар ижроси эътиборимиздан четда қолмаслиги керак. Депутат ўз сайлов округидаги вазиятни чуқур таҳлил этиб, ўша жойдаги бошлан­ғич ташкилот, туман ёки шаҳар партия кенгаши билан мустаҳкам алоқа ўрнатса, муаммоларни ҳал этиш имконияти ошади.

Биз — халқ вакилимиз. Шунинг учун сайловчи манфаатини ҳимоя қилиш, уларнинг иссиқ-совуғидан хабардор бўлиш энг асосий вазифамиздир. Қайсидир соҳадаги масалани ўрганиш чоғида ўз муносабатимиз, хулосамиз билан чекланиб қолмаслигимиз керак. Уни ҳал этиш жараёнида аҳолининг ислоҳотлар тўғрисидаги фикри, муносабати ҳақида ҳам билишимиз, жамоатчиликнинг демократия ва фуқаролик жамияти тўғрисидаги тушунча ва дунёқарашини ўстириб, кенгайтириб боришимиз лозим. Яна бир масала, айрим ҳолларда мутасадди ташкилот томонидан депутатлик сўровига берилган умумий маълумот билан чекланиб қоламиз. Бу — нотўғри усул. Биз аҳоли, мутасадди ташкилотлар билан гаплашиб, вазиятни ҳаққоний ва холис ўргансак, ўшанда масала моҳиятига етиб борамиз, деб ўйлайман.

Йиғилишда Гулистон давлат университети катта ўқитувчиси, ЎзХДП фаоли Ўғилой Эрбўтаева аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий билимини юксалтириш, сиёсий ўқувлар таъсирчанлигини ошириш масаласига тўхталиб ўтди.

— Бугун давр олдимизга янги-янги вазифаларни қўймоқда, — деди у. — Хусусан, ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий тараққиётнинг аниқ устувор йўналишларини белгилаб олишда сиё­сий партияларнинг ролини ­кескин кучайтириш, мамлакатимизни ислоҳ этиш ва модернизация қилиш бўйича стратегик вазифаларни ҳал этишда уларнинг иштирокини кенгайтириш демократик ислоҳотларни изчил амалга оширишнинг энг муҳим омилига айланди.

Демак, сиёсий ва фуқаролик маърифати тизимини такомиллаштириш, ўқув-семинарлар самарадорлигини янада ошириш борасидаги ишларимизни кучайтиришимиз керак.

Мутахассислар фикрича, аҳоли, айниқса, ёшларнинг дунё воқеаларидан хабардорлигини таъминлаш, бўлаётган воқеа-ҳодисалардан тўғри хулоса чиқариб олиши учун сиёсий-ҳу­қуқий, маънавий-маърифий тадбирлар таъсирчанлигини кучайтириш долзарб масалага айланиб бормоқда. Шу маънода, пар­тиямиз дастурий мақсадларига ҳамоҳанг тарзда юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни электорат орасида тар­ғиб этиш, бунда бошланғич партия ташкилотлари имкониятларидан самарали фойдаланиш, айниқса, маҳаллалар билан ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратиш зарур, деб ўйлайман.

Шунингдек, йиғилишда сўзга чиққанлар «Истиқбол» ёшлар қаноти ва «Фаол аёллар» қаноти ишини янада кучайтириш, тегишли Дас­турлар ижроси юзасидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини изчил олиб бориш, электорат билан ишлаш, ижтимоий ҳаётга чуқур кириб боришда бошланғич партия ташкилотлари ­фаоллигини ошириш масалалари юзасидан ҳам фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Кўрилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.