12.11.2015

ҲАЁТИЙ ТАШАББУСЛАР ОРҚАЛИ

муаммоларга ечим топилади, сайловчилар ишончи оқланади

Маълумотларга кўра, жаҳонда юз минглаб, миллионлаб ўрта махсус маълумотга эга ёшлар ишга жойлашишда турли муаммоларга дуч келмоқда. Бугун иқтисодиёти гуркираб ривожланаётган давлатларда ҳам бандлик масаласи жиддий ва долзарб мавзуга айланган. Ўзбекистонда бу муаммони ҳал қилишнинг самарали усуллари ишлаб чиқилиб, уни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, коллеж битирувчиларига микрокредитлар ажратилиб, улар ўз бизнесини йўлга қўйишига кўмаклашилмоқда.

Бу жараёнда ЎзХДП ҳудудий кенгашлари ва депутатлар фаол иштирок этмоқда. Айниқса, Ўзбекистон ХДП ўз Сайловолди дастуридан келиб чиқиб, янги иш ўринлари яратиш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини мутахассислиги бўйича ишга жойлаштириш, аёлларнинг оилавий тадбиркорлик ҳамда касаначиликка оид ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишилар манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Хусусан, партия тизимида ташкил этилган Жамоатчилик қабулхоналари аҳолини ўйлантираётган муаммоларни аниқлашда муҳим восита бўлмоқда. ЎзХДП Навбаҳор туман кенгашидаги қабулхонага жорий йилнинг ўтган 9 ойида 45 мурожаат тушди. Уларнинг аксарияти ички йўлларни таъмирлаш, тоза ичимлик суви таъминотини яхшилаш ҳамда бандлик масаласи билан боғлиқ. Мурожаатларнинг қарийб 80 фоизи депутатларимиз иштироки билан ижобий ечим топди.

Мисол учун, Шаҳноза Ҳалилова ишга жойлашиш масаласида ёрдам сўраб мурожаат қилди. У депутатларимиз кўмаги билан «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатининг туман кенгашига мутахассис сифатида ишга жойлашди. Нодир Мирзаев ҳам худди шу масалада мурожаат қилган эди. Ҳозир у туман «Баркамол авлод» марказида фаолият кўрсатмоқда. Албатта, иш жойига эга бўлган фуқароларимиз партиямиз кўмагидан миннатдор.

Айни пайтда ЎзХДПдан сайланган 13 нафар навбаҳорлик депутат бўлса, уларнинг 12 нафари халқ депутатлари туман Кенгашида, 1 депутат эса вилоят Кенгашида фаолият олиб бормоқда. Маълумки, депутат ўзи сайланган ҳудуддаги муаммо ва камчиликларни ўрганиб, уни бартараф қилиш мақсадида мансабдор шахсларга депутатлик сўрови юбориш ҳуқуқига эга. Ушбу имкониятдан самарали фойдаланаётган туман Кенгаши депутатлари ўтган 9 ойда тегишли корхона ва ташкилот раҳбарларига электорат манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган 35 депутатлик сўрови юборишди. Аксарият сўровларга ўз вақтида жавоб олиниб, амалий ишлар қилинди. Афсуски, айрим мутасаддилар депутатлик сўровига ўз вақтида жавоб қайтармайди. Бундай муносабат ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга салбий таъсир кўрсатади.

Халқ ва маҳаллий ҳокимият ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини ўтовчи депутат фаол, ташаббускор, амалдаги қонун ҳужжатларидан яхши хабардор бўлсагина, жамият равнақига кўпроқ ҳисса қўшади. Депутатларимиз қабул қилинаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, қонун ва қарорларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига кенг тушунтириш мақсадида турли учрашув ва давра суҳбатлари ташкил этмоқда. Жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида 60 учрашув бўлиб ўтди.

Масалан, «Карвонсарой» маҳалласи фаоллари билан ўтказилган учрашувларда даврнинг глобал муаммоси бўлган одам савдоси, диний экстремизм ва «оммавий маданият»нинг аянч­ли оқибатлари кенг муҳокама қилинди, депутатларимиз жамоатчилик билан очиқ мулоқотга киришди. Бу, албатта, иштирокчиларни янада огоҳ ҳамда сергак бўлишга ундагани, сайловчилар ва депутатларни бир-бирига янада яқинлаштириши билан аҳамиятлидир.

Жорий йилнинг Кексаларни эъзозлаш йили деб номланиши зиммамизга қатор вазифалар юклади. Зеро, ёши улуғ инсонларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш ЎзХДП­нинг дастурий мақсад ва вазифаларидан ҳисобланади. Депутатлар туманимиздаги отахону онахонларнинг ҳолидан хабар олишмоқда, уларни ўйлантираётган масалаларни ҳал қилиш чораларини кўрмоқда.

Бир сўз билан айтганда, депутатлар зиммасидаги масъулиятни яхши англаган ҳолда фаолият юритишяпти. Аммо ҳали қиладиган ишларимиз кўп. Партия ташкилотлари ва депутатлар ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш, тар­ғибот ишларини жонлантириш ва сафимизни сиёсий билими юқори, ташаббускор ёшлар билан кенгайтириб боришимиз лозим. Бунинг учун ўз бурчимизга катта масъулият билан ёндашиб, ғайрат билан ишлашимиз зарур, деб ўйлайман.

 

Музаффар ШОДИЕВ,

ЎзХДП Навбаҳор туман кенгаши раиси.



DB query error.
Please try later.