12.11.2015

ОЛИЙ МАЖЛИС ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИДА

ДЕПУТАТЛАР ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ 2016 ЙИЛГИ ДАВЛАТ БЮДЖЕТИ ВА ДАВЛАТ МАҚСАДЛИ ЖАМҒАРМАЛАРИ БЮДЖЕТЛАРИНИ, ШУНИНГДЕК, СОЛИҚ ВА БЮДЖЕТ СИЁСАТИНИНГ АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИЛАР

11 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Депутатлар Ўзбекистон Республикасининг 2016 йилги Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, шунинг­дек, солиқ ва бюджет сиё­сатининг асосий йўналишлари лойиҳаларини кўриб чиқдилар. Мажлисда ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош ­вазирининг биринчи ўрин­босари — молия вазири ­Р.Азимов ҳамда Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий исло­ҳотлар қўмитаси ­раиси А.Шодмонов маъруза қилдилар.

Таъкидландики, мамлакатимизнинг асосий молиявий ҳужжати — 2016 йилги Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, шунингдек, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳалари мамлакат иқтисодиётини ислоҳ қилиш ва модернизациялаш, муҳим макроиқтисодий кўрсаткичларнинг мувозанатини сақлаш, давлатнинг иқтисодиётда иштирок этиши улушини камайтириш, хусусий мулкнинг ролини тубдан оширишнинг, мамлакатда мустаҳкам иқтисодий ўсиш ва барқарорликни таъминлаш мақсадида хусусий тадбиркорликнинг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш вазифаларини назарда тутади.

Узоқ истиқболни кўзлайдиган ушбу стратегия мамлакатимиз ҳукуматининг жорий йил 16 январдаги мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти ­Ислом Каримов томонидан белгилаб берилган 2015 йил учун иқтисодий дастурнинг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифаларини амалга ошириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирларни, жорий йилга белгиланган макроиқтисодий кўрсаткичларга муваффақиятли эришишни, 2015 йил учун солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг самарали ижро этилишини таъминламоқда.

Тақдим этилган лойиҳалар иқтисодиётнинг изчил ўсишига, иқтисодий бар­қарорликнинг мувозанатлаштирилган кўрсаткичларини ҳамда экспортнинг ўсишини сақлаб қолишга, ташқи савдо тўлов балансининг ижобий сальдосини таъминлашга, иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини оширишга қаратилгандир. 2016 йилда ишлаб чиқаришни модернизациялаш, уни техник ва технологик жиҳатдан янгилашни жадаллаштириш ва кенгайтириш, шунингдек, йўл-транспорт ҳамда муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантириш дастурларини фаол амалга оширишни давом эттириш назарда тутилган.

Депутатлар келгуси йилга шакллантирилган солиқ-бюджет сиёсатининг асосий йўналишларида, шунингдек, асосий макроиқтисодий кўрсаткичларда ялпи ички маҳсулотнинг 7,8 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 8,2 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 6,1 фоизга, капитал қўйилмалар ҳажми 9,6 фоизга ўсиши назарда тутилаётганлигини алоҳида қайд этдилар.

Мажлисда таъкидландики, икки йилдан буён амал қилаётган Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодекси 2016 йилги Бюджетномани шакллантириш учун асосий ҳуқуқий база бўлиб хизмат қилди, унинг нормалари ва қоидалари Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларидан ажратиладиган маблағлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш имконини беради.

2016 йилда солиқ юкини янада камайтириш, иқтисодиётнинг бар­қарор ўсишини рағбатлантириш, бюджет тизимининг мутаносиблигини таъминлаш, бюджет йўналишидаги давлат дастурларидан фойдаланишни кенгайтириш орқали бюджет маблағларини сарфлаш самарадорлигини ошириш, ижтимоий соҳани янада ривожлантиришга, кам таъминланган оилаларни манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан бир вақтнинг ўзида аҳолининг даромадлари, жамғармалари ва харид қувватини ўстиришга қаратилган йўлни давом эттириш, шунингдек, бошқа чора-тадбирлар назарда тутилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг 2016 йилги Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, шунингдек, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳалари сиёсий партиялар фракциялари ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг, Қонунчилик палатаси қатор қўмиталарининг йиғилишларида Молия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар вакиллари иштирокида олдиндан муҳокама қилинди. Йиғилишлар давомида асосий молиявий ҳужжатнинг сўзсиз ижро этилиши юзасидан амалий таклифлар билдирилди.

Савол-жавоблардан сўнг 2016 йилги Давлат бюджети лойиҳаси атрофлича муҳокама қилинди. Муҳокама давомида барча сиёсий партия­лар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи вакиллари сўзга чиқдилар. Депутатлар иқтисодиётнинг энг муҳим тармоқларини, таълим, соғ­лиқни сақлаш, фан, маданиятни ва жамиятимиз ҳаётининг бошқа жабҳаларини ривожлантириш дастурлари ўз вақтида ва тўлиқ молиялаштирилиши муҳимлигини таъкидладилар.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг аъзолари ижтимоий соҳага ажратилган Давлат бюджети маблағларининг улуши оширилишига алоҳида эътибор қаратдилар.

Хусусан, агар Давлат бюджетининг умумий харажатларида ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга ажратилган харажатлар 2000 йилда 42,5 фоизни ташкил этган бўлса, 2015 йилдаги 58,7 фоиздан 2016 йилда 59,2 фоизга ошириш назарда тутилмоқда. Шунинг­дек, кам таъминланган ва моддий ёрдамга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлашга ва болали оилаларга бериладиган нафақалар учун ажратилган харажатлар 2008 йилда 639 миллиард сўм бўлгани ҳолда, 2016 йилда қарийб 2,1 триллион сўмдан ортиқ миқдорга етди. Мазкур чоралар инсон манфаатлари ҳимоясига йўналтирилган, чуқур ўйлаб, мулоҳаза қилинган ижтимоий сиё­сат натижасидир.

Шу билан бирга, Давлат бюджетининг даромадлари тушуми, улардан самарали фойдаланиш, айниқса, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга йўналтирилаётган бюджет маблағлари устидан парламент назоратини кучайтириш юзасидан таклифлар билдирилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокама чоғида билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг 2016 йилги Давлат бюджетини ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларини ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини тасдиқлади ҳамда тегишли қарор қабул қилди.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати

(Материал қисқартирилган ҳолда берилмоқда).



DB query error.
Please try later.