12.11.2015

НАВОИЙ ВИЛОЯТИ: БЕҚИЁС БУНЁДКОРЛИКЛАР, ЮКСАК МАРРАЛАР

аҳоли турмушини фаровонлаштириб, эртанги кунга ишончини мустаҳкамламоқда

«ДАВРОН ЭЛИНИНГ ЖОНИҒА ДАРМОН БЎЛҒИЛ»

Навоий вилояти Қизилқум бағрида қад ростлаган, тобора яшнаб-яшариб келаётган замин. Унинг сар­ҳадларида бебаҳо бойликлар, дуру жавоҳирлар яширин. Ҳудуд жиҳатидан республикамизнинг энг катта вилоятларидан бири ҳисобланади. Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Самарқанд ва Жиззах вилоятлари билан чегарадош бу вилоятда 30 дан зиёд миллат ва элат вакиллари яшайди.

Навоий вилояти нафақат ер ости, ер усти бойликлари, иқтисодий қудрати билан, балки меҳнатсевар одамлари билан ҳам ўзига хос маскан. «Навоий вилояти деганда, кўз олдимизда буюк шоиримиз Алишер Навоий номини қадрлайдиган, меҳрибон, меҳнатсевар, олийжаноб одамлар, бунёдкор меҳнат билан банд кўп миллатли халқ пайдо бўлади», — деган эди Президентимиз.

Дарҳақиқат, бу вилоятга келсангиз, одамлар билан учрашиб, суҳбатлашсангиз, уларнинг бунёдкорлик ишларини кўрсангиз, бунга ўзингиз ишонч ҳосил қиласиз. Навоийликлар буюк бобомиз Алишер Навоий айтганидек, «Даврон элининг жониға дармон бўлиб», эртанги кунга ишонч билан меҳнат қилаётганига гувоҳ бўласиз.

ДУНЁ ИНВЕСТОРЛАРИ НИГОҲИ НАВОИЙДА

Работи Малик бир пайтлар Буюк ипак йўлидаги савдо қўналғаси, мағрибу-машриқ савдогарларининг кўнгилтортар бозори бўлган. Бугун эса бу маскан нафақат ғарбу шарқ, балки етти иқлим тадбиркорлари, ишлаб чиқарувчилари марказига айланди, десак, ҳеч ҳам муболаға бўлмайди. Работи Маликнинг шундоққина биқинида — Малик чўлида Юртбошимизнинг 2008 йил 2 декабр­даги Фармони билан «Навоий» эркин ин­дустриал-иқтисодий зонаси яратилди. У имкониятлари, шарт-шароити билан тезда хорижлик инвесторлар эътиборини тортди. Бугун Навоий халқ­аро аэропортига пайдар-пай қўнаётган ҳаво кемалари вилоятни дунёнинг йирик шаҳарлари билан боғла­моқда. Қадим Работи Маликнинг бугунги давомчиси — «Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зонасида­ги янги корхоналар нафақат Навоий вилояти, балки мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятининг ошишига хизмат қилмоқда. Қарийб 600 гектар майдонда бугун 20 га яқин қўшма корхона фаолият  юритмоқда, юқори технология­ли ишлаб чиқариш қуввати асосида жаҳон талабларига мос келадиган маҳсулотлар тайёрланмоқда. Бу ерда хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни ташкил этиш, товар импорт-экспорти билан шуғулланувчи чет эл инвесторларига ўз даромадларидан эркин фойдаланиш учун кенг имкониятлар яратилган.

Жанубий Корея, Ҳиндистон, Хитой, Сингапур каби ўндан зиёд давлат инвесторлари иштирокидаги қўшма корхоналарда автомобиллар учун газ баллонлари, эҳтиёт ва бутловчи қисм­лар, юқори кучланишга чидамли электр кабеллар, аёллар ва болалар гигиеник воситалари, парфюмерия маҳсулотлари, полиэтилен ва полипропилен қувурлар, планшет, мобиль ва стационар телефонлар ишлаб чиқарилмоқда. Бир пайтлар четдан импорт қилинган бундай маҳсулотлар энди Россия, Қозоғистон, Ҳиндистон, Индонезия, Туркманистон сингари давлатларга экспорт қилинмоқда.

Қувонарлиси, замонавий технологиялар маҳаллий ёшлар томонидан бошқарилмоқда. Уларнинг аксарияти касб-ҳунар коллежларини битирган ўғил-қизлардир. Маликчўл бағрида қад ростлаган бу ҳудуд бугун чин маънода саноатчилар шаҳрига айланган.

МЎЪЖИЗАЛАР ИНСОН ҚЎЛИ БИЛАН ЯРАТИЛАДИ

Навоий вилоятида бўлганимизда биз аҳо­лини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ёш оилаларга шарт-шароит яратиш бўйича қилинаётган ишларга кўпроқ эътибор қаратдик.

Сўнг­ги йилларда На­воий ва Зарафшон шаҳарлари ҳамда барча туман­лар­да қатор янги турар-жой масканлари бу­­нёд этилибди. 2010 йилда қишлоқ жой­ла­ридаги 17 мавзеда намунавий ло­йиҳалар асосида 410 уй фойдаланишга топширилган экан. Бу ишлар кейин ҳам изчил давом эттирилибди. Бугун бундай кўркам уйларда қарийб 3000 оила ис­тиқо­мат қиляпти.

Қишлоқлар қиёфасини тубдан ўзгартириш, қишлоқ жойларда якка тартибдаги уй-жойлар қуриш ва зарур инфратузилмани ташкил этиш Дастурига биноан жорий йилда намунавий лойиҳалар асосида 8 тумандаги 23 мавзеда умумий қиймати 125,5 млрд. сўмлик 745 уй-жой қурилиши ниҳоясига етказилиб, хонадонлар ичимлик суви, электр ва газ тармоқлари билан таъминланди.

Маликработ қўрғонида бунёд этилган «Дўстлик» мавзесида бўлган одам ўзини мўъжизалар оролига бориб қолгандай ҳис қилади. Чўл бағрида қад ростлаган бу гўзал шаҳарчада 170 дан ортиқ замонавий уй қурилган. Уларнинг атрофи ям-яшил дарахтзорлар билан бурканган. Кўчалар равон, болалар майдончалари, ўйингоҳлари унинг чиройига чирой бағишлаган.

Вилоятнинг Зарафшон ва Учқудуқ шаҳарларида кон-металлургия комбинати тизимидаги корхона ва ташкилотларда меҳнат қи­лаётган ёш оилалар учун 40 ва 48 хонадонли кўп қаватли уй­лар­ барпо этилиб, фойдаланишга топширилибди.

Вилоятда «Маҳалла» хайрия жамоат фонди бўлими ва бўлинмалари томонидан 25 болалар майдончаси ҳокимликлар билан келишилган ҳолда янгидан барпо этилди. Умуман, бугун вилоят бўйича 360 дан зиёд ўйингоҳ ва майдончалар болажонлар ихтиёрида. Бу майдончалар ёнидан ўтар экансиз, ортингиздан узоқ-узоққача болажонларнинг шўх-шодон қийқириғи эшитилиб туради.

Вилоят маркази истиқлол йилларида бу­тунлай янгича қиёфа касб этди. Муҳташам бинолар, равон йўллар, манзарали дарахтлар, исти­роҳат боғ­лари, хуллас, дилни яйратадиган манзаралар. Бир сўз билан таъриф берганда, Навоий шаҳри Қизилқум бағрида барқ уриб очилган гулни эслатади.

Айни пайтда шаҳарда қурилиш ишлари давом этмоқда. Кенг ва равон йўлларнинг икки четида бири-биридан чиройли меъморий ечим асосида қуриб битказилаётган иншоот ва саройлар, таълим муассасаларини кўрасиз. Марказий деҳқон бозори томон юрсангиз, қўли-қўлига тегмай ишлаётган қурувчилар меҳнати билан қад ростлаётган янги турар-жой бинолари, кундан-кунга кўкка бўй чўзаётган маданий-маиший иншоотларга кўзингиз тушади.

— Вилоятимизда ёшларга муносиб шароит яратиш масаласига алоҳида эътибор берилмоқда, — дейди халқ депуталари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси Муҳаббат Темирова. — Бу партиямиз учун принципиал аҳамиятга эгадир. Қайси корхонага бормайин, қайси ташкилот фаолияти билан танишмайин, у ерда ғайрат билан ишлаётган ёшларни кўриб, қувонаман, кучимга-кучим, ишончимга-ишонч қўшилгандай бўлади.

Вилоятдаги касб-ҳунар коллежларини шу йил тамомлаган битирувчиларнинг аксарияти иш билан таъминланди. Тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ниятидаги битирувчиларга 16 млрд. сўм миқдорида кредитлар ажратилди.

ЯНГИ ИШ ЎРИНЛАРИ

Ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва тадбиркорликни ҳимоя қилиш бўйича мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг 9 ойлик якунига кўра, йил бошидан буён 648 янги кичик бизнес субъекти ташкил топди. Ҳозир кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг вилоят саноатидаги улуши 10,8, ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши эса 37,2 фоизга етди.

Шунингдек, кичик бизнес субъект­ларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ажратилган кредитлар ҳажми вилоятда ўтган йилга нисбатан 29,4 фоизга ошди.

Аҳолининг бандлиги ва фаровонлигини ошириш борасида вилоят бўйича 34 минг иш ўрни яратилди. Уларнинг 73,7 фоизи бевосита қишлоқ жойларига тўғри келади.

Бугун «Пардоз капитал таъ­мир сер­вис» МЧЖда 70 нафар ишчи меҳнат қилмоқда. Улар қурган, ҳар бири 48 хонадондан ибо­рат 4 турар-жой биносида яқинда қанчадан-қанча оилалар уй тўйларини нишонлашди.

Искандар Тўхтаев раҳбарлик қилаётган «На­воий ол­тин воҳа» ху­сусий корхонаси томо­ни­дан бунёд этилган 7 қаватли, 150 хона­дондан ибо­рат турар-жой биноси ноёб ар­хитектуравий ечим­и билан диққатимизни жалб қилди. Искандар Тўхтаевнинг айтишича, сўн­гги йилларда қурилаётган аҳоли турар-жой биноларининг би­ринчи қаватига турли савдо ва хиз­мат кўрсатиш шохобчалари жойлаштирилиши мўлжалланаётгани ҳаммага маъқул келмоқда.

ДАСТУРХОН ТЎКИНЛИГИ ДЕҲҚОНГА БОҒЛИҚ

Навоий вилоятида олиб борилаётган ис­ло­ҳот­лар изчиллигини ҳар бир соҳада кўриш мумкин. Мисол учун, жорий йилда қишлоқ хўжалиги маҳ­сулотлари ишлаб чиқаришнинг уму­­мий ҳажмида деҳқончилик маҳ­сулотлари улуши салмоқли бўлди. Натижада шаҳар ва туманларда фаолият кўр­са­та­ётган озиқ-овқат бозорларида ме­ва-сабзавот мўл-кўл, арзончилик. Ви­лоятда 300 гектар майдонда барпо этил­ган 250 дан ортиқ ис­сиқхона­да гекта­ри­­дан ўр­тача 500 тоннадан ортиқ маҳ­сулот олинаяпти.

— Дастурхон тўкинлиги деҳқонга боғлиқ, — дейди Навбаҳор туманидаги Бешрабод қишлоқ фуқаролар йиғини раиси, ЎзХДП фаоли, Бахтиёр Умаров. — Бу йил вилоятда деҳ­қончилик ишлари баракали бўлди. Айниқса, Навбаҳор туманидаги «Янгиер» фермер хўжалиги пахта, ғалла ва бош­қа экинлардан юқори ҳосил олди. Қизилтепа туманидаги «Наргиз диёр», Xaтирчи туманидаги «Турсунов Камолиддин», Нав­баҳор туманидаги «Арслон бобо» фермер хўжаликлари 85-95, ҳатто 100 центнердан ошириб ғалла хирмони яратди.

«Янгиер» фермер хўжалиги фаолияти билан танишиш ниятида ўша томонга йўл олдик. Бахтиёр Умаров йўл-йўлакай бизни тумандаги янгиликлар, барпо этилган иншоотлар билан таништириб борди.

Фермер хўжалиги раҳбари Ойбек Ҳамроев далада бир текис униб чиққан буғдойзорни кўздан кечираётган экан.

— 52,6 гектар ер майдонининг ҳар гектаридан 51 центнердан пахта ҳосили олдик, — дейди Ойбек Ҳамроев. — 255 тонна пахта етиштириб, давлат шартнома режасини ошириб бажардик. 50 гектарлик ғалла майдонининг ҳар гектаридан 75 центнердан ҳосил олдик. 375 тонна ғалланинг 232 тоннасини давлатга топшириб, 143 тоннасини хўжалик ишчиларига, кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларга тарқатдик.

Хўжаликда асаларичилик билан ҳам шуғулланамиз. 30 асалари оиласидан жорий йилда икки минг килограммдан зиёд асал олдик. Келгуси йилда асалари оилалари сонини икки бараварга оширмоқчимиз.

Чорвачилик, қоракўлчиликни ривожлантириш ниятидамиз. Ҳозир
8 бош зотдор, 30 бош жайдари қорамол бор, уларни ҳам зотдорларига алмаштирамиз. Балиқчилик, паррандачилик билан шуғулланмоқчимиз. Хўжалигимизда 110 нафар доимий ва мавсумий ишчи меҳнат қилади. Тумандаги агроиқтисодиёт коллежи билан тузилган уч томонлама шартномага кўра, янгидан яратиладиган иш жойларига ёшларни жалб қиламиз.

ЁРУҒ ОРЗУЛАР, УЛКАН МАРРАЛАР

Деҳқонми, тадбиркорми, талаба ёшларми, ким билан суҳбатлашманг, ёруғ орзулар, улкан марралар тўғрисида ишонч билан гапиради. Мустақиллик берган имконият туфайли эришаётган ютуқлари ҳақида фахрланиб сўзлайди.

Навоий вилоятида қўлга киритилган улкан ютуқларнинг энг асосий омили — шу замин аҳлининг ҳалол ва заҳматли меҳнати, бунёдкорлик ва яратувчанлик фазилатлари, пок ниятларида эканига амин бўлдик.

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

Илҳом САТТОРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.



DB query error.
Please try later.