Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
10.11.2015

АСОСИЙ ТАЯНЧ МУСТАҲКАМ БЎЛИШИ ЛОЗИМ

Сиёсий партия ғояларини тарғиб қилиш, тарафдорлари сафини кенгайтириш, дастур, мақсад ва вазифаларини амалга оширишда бошланғич ташкилотларга таянади. Бошланғич бўғини мустаҳкам бўлмаган партия жамият ҳаётига чуқур кириб бора олмайди, унинг ғоя ва ташаббуслари одамларнинг кўнглидан жой олмайди. Шунинг учун бошланғич ташкилот том маънода сиёсий партиянинг бош бўғини ҳисобланади, у одамлар орасида ишлайди, ҳаётда юзага келаётган масалалардан яқиндан хабардор бўлади. Демак, бошланғич ташкилотларнинг фаолиятини кучайтирмай туриб, партия ўз олдига қўйган мақсад ва вазифаларига эриша олмайди.

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ҳамда Тошкент вилоят партия кенгаши ташаббуси билан Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ҳудудий бўлинмаси ҳамкорлигида «Бошланғич партия ташкилотлари иш фаолиятининг самарадорлигини ошириш борасидаги амалий ишлар, мавжуд муаммо ва ечимлар» мавзусида ўтказилган семинарда партия фаоллари, депутатлар, мутахассислар ҳамда бошланғич ташкилотлар етакчилари кўплаб фикр, мулоҳаза ва таклифларни ўртага ташлашди.

— Бугунги кунда вилоятимизда 31 мингдан зиёд аъзони бирлаштирган 883 БПТ фаолият юритяпти, — деди Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси Сирожиддин Аъзамов. — Уларда электоратнинг ҳу­қуқий, сиё­сий билимларини мустаҳкамлаш, ислоҳотларга дахлдорлигини кучайтириш мақсадида сиёсий ўқув машғулотлари, давра суҳбатлари, депутатлар билан учрашувлар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Айтиш керакки, улар орасида партия электорати манфаати йўлида турли ташаббуслар билан чиқиб, дастурий мақсадларимизни ҳаётга татбиқ этиш учун астойдил ҳаракат қилаётганлари, айтиш мумкин бўлса, курашаётганлари оз эмас. Масалан, Оҳангарон туманидаги «Қўрғон» ҳудудий партия ташкилотида Жамоатчилик қабулхонаси фаолияти ҳам йўлга қўйилди. Мазкур қабулхонага ҳар куни мурожаат бўлади. БПТ депутатлар кўмагида уларнинг ечимини топиш бўйича тегишли ташкилотларга мурожаат билан чиқяпти. Яқинда Жамоатчилик қабулхонасига Оҳангарон педагогика ва ижтимоий-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежини тамомлаган Мадина Эшимова ҳамда Моҳинур Абдусаломова ишга жойлашиш бўйича ёрдам сўраб мурожаат қилган. Мазкур масала туман бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази ёрдамида тез орада ҳал этилди, битирувчилар ҳудуддаги 23-сон мактабгача таълим муас­сасасига ишга жойлашадиган бўлди.

Яна бир гап. Мазкур ҳудудий партия ташкилоти ташаббуслари билан умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш шохобчаларини кенгайтириш ҳисобига аҳоли банд­лигини таъминлаш масаласи халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясида кўриб чиқилиб, зарур чора-тадбирлар режаси қабул қилинди. Кўриниб турибдики, бошлан­ғич ташкилотлар ташаббускор бўлса, дастурий мақсадларимиз изчил амалга ошади, партия­мизнинг нуфузи, таъсир кучи ортиб бораверади.

Бошланғич ташкилот ҳу­дуддаги муаммоларни ўрганиб, юқори ташкилотларга олиб чиқса, партия гуруҳларига уларни бартараф этиш бўйича таклифлар киритса, одамларнинг партияга ишончи янада кучаяди, дейишди сўзга чиққанлар. Негаки, бошланғич ташкилот партияни одамлар билан боғлайдиган, унинг ғоявий мақсадларини тарғиб қилишда таянч бўладиган етакчи бўғиндир. Демак, улар фаолиятини намунали ташкил этиш орқалигина кўзланган мақсадга эришиш мумкин. Бугун бошланғич ташкилот ва унинг етакчиларига қўйиладиган талаб ҳам шунга қараб жуда юқоридир.

— Биз партиянинг асоси ҳисобланган бошланғич ташкилотлари фаолиятини самарали ташкил этиш ва уларни такомиллаштириб боришга, етакчилар сиёсий-ҳуқуқий билимини оширишга алоҳида эътибор бериб келяпмиз, — дейди ЎзХДП Чирчиқ шаҳар кенгаши раиси Дониёр Азизхўжаев. — Натижада партия­мизга хайрихоҳлар сони ошиб бормоқда. Масалан, бугунги кунга келиб шаҳримизнинг 2245 нафар аҳолиси партиямиз аъзоси ҳисобланади. Улар 77 бошланғич партия ташкилоти атрофида бирлашган.

Бизда бир тажриба бор. Ҳар бир бошланғич ташкилот ўз фаолиятини партия кенгаши пленумларида белгилаб берилган вазифалар доирасида йиллик режа асосида ташкил этади. Уларда БПТ йиғилишлари ва тадбирларидан ташқари камида иккита масала бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этиш билан боғлиқ вазифалар белгиланади. Жорий йилнинг ўтган даври давомида БПТ фаоллари учун жойларда юздан ортиқ сиёсий ўқувлар ўтказилди. Вилоят партия кенгашларида ташкил этиладиган тадбирларда ҳам кўпроқ бошланғич ташкилот етакчиларини таклиф этаяпмиз.

Яна бир масала. Биз қуйи бўғинлар аъзолари билан ишлаш механизмини такомиллаштиришга, хайрихоҳлар сафини кенгайтиришдаги ролини оширишга алоҳида эътибор беряпмиз. Чунки бошланғич ташкилот қанчалик ҳаракатчан, ташаббускор бўлса, аъзоларнинг партия ишига дахлдорлиги кучайиб бораверади. Шу йилнинг ўтган 10 ойи давомида бошланғич ташкилотлар томонидан партиямизга 130 нафар киши аъзо қилинди. Бу 2014 йилнинг шу даврига нисбатан 57 нафарга кўпдир.

Семинарда бошланғич партия ташкилоти етакчиларининг билим ва кўникмасини, фаоллигини ошириш муҳим масала эканлиги яна бир бор қайд этилди. БПТ етакчиларининг электорат вакиллари билан доимий алоқасини йўлга қўйиши ҳам муҳимдир. Бошланғич ташкилотлар ижтимоий масалаларни ўрганиб, унинг натижаларини юқори партия ташкилоти ёки гуруҳларига етказиб борса, бу депутатларимиз ташаббус кўрсатиши, маҳаллий Кенгашлар сессиялари муҳокамасига масала киритиши учун асос бўлади. Лозим кўрилса, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракция­миз аъзолари уларнинг таклифларини қонунларда акс эттириш учун курашади. Шундан келиб чиқиб, махсус семинарлар ташкил этиш, ўз фаоллиги билан бошқаларга намуна бўладиган етакчиларнинг иш тажрибасини оммалаштириш зарурлиги таъкидланди.

Семинарда амалга оширилган ишлар билан бирга партия тизимида БПТ фаолиятини такомиллаштириш бўйича ечимини кутаётган муаммолар ҳам атрофлича муҳокама этилди. Маълум бўлишича, айрим бошланғич ташкилотлар аъзолар билан ишлаш, электоратнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларига хизмат қилувчи ташаббуслар билан чиқишда сусткашликка йўл қўймоқда. Шундай бошланғич ташкилотлар борки, деярли ташаббус кўрсатмайди. Ишлаётгани сезилмайди. Бу борадаги муам­моларни бартараф этиш учун бошланғич партия ташкилотларининг амалий саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш, электорат билан ишлашда самарали усуллардан кенг фойдаланиш, ҳаракатчан етакчиларни мунтазам руҳлантириб, рағбатлантириб бориш хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди, тавсия­лар ишлаб чиқилди.

 

Наврўз ШОДМОНҚУЛОВ



DB query error.
Please try later.