10.11.2015

ЎЗБЕКИСТОН УЛКАН ИМКОНИЯТЛАР МАМЛАКАТИ

экани яна бир бор намоён бўлди

Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг юқори иқтисодий ўсишини таъминлаш ҳамда иқтисодиёт тузилишини ўзгартириш бўйича олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар кўплаб халқаро ташкилотлар, йирик компаниялар, банклар, инвестицион фондлар ва қўмиталарнинг эътиборини тортмоқда.

Шунинг учун жорий йилда давлат мулкини хусусийлаштириш бўйича қабул қилинган дастурлар ва йирик инвестицион лойиҳаларнинг амалга оширилиши кўплаб халқаро инвесторларнинг қизиқишига сабаб бўлди. Жумладан, Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Халқаро инвес­тициявий форумда 300 дан ортиқ чет эл компанияларининг 560 дан зиёд вакили иштирок этгани мамлакатимизнинг иқтисодий, инвес­тициявий салоҳияти, чет эл инвесторлари учун қулай имконият ва имтиёзлар яратилганидан далолат беради.

Форум иштирокчилари мамлакатимизда чет эл компанияларининг ўз бизнесини эркин ва асосийси, муваффақиятли ташкил этиши учун барча шароит яратилгани, давлатимиз ҳар томонлама ишонч­ли ҳамкор эканини кўп бора эътироф этишди.

Форум якунида чет эллик инвесторлар томонидан давлат акция пакетларини харид қилиш ҳамда нефть ва газ, кимё, электротехника, озиқ-овқат саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва бошқа соҳаларда янги инвестицион ло­йиҳаларни амалга ошириш бўйича қиймати 12,4 миллиард долларлик 100 дан ортиқ битим ва меморандум имзолангани, шундан 5 миллиарди тўғридан-тўғри чет эл инвестициялари экани эълон қилинди. Бу эса нафақат яқин келажакда янги турдаги, сифатли, дунё бозорида рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг йўлга қўйилиши, балки минглаб янги иш ўринлари яратилиши, жойларда инфратузилма ривожланиши ҳамда хал­қимиз турмуш даражасининг ошишига ҳам хизмат қилади. Буларнинг барчаси Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг аҳоли фаровонлиги юқори бўлган ривожланган демократик давлатлар қаторига қўшилиш, жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаш борасидаги дастурий мақсадларига ҳамоҳангдир.

Иқтисодиётни ислоҳ қилиш ва бозор механизм­ларини ривожлантириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, рақобатни ўстириш давлатимизнинг доимий диққат марказидаги долзарб масалалардан бўлиб қолмоқда. Шундай экан, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг миқёсдаги сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ислоҳот ва ўзгаришларни амалда ўзини тўла оқлаган «ўзбек модели»га мувофиқ равишда изчил давом эттириш, давлат ва жамиятнинг барқарорлиги ва тараққиёт суръатларини таъминлаш, турмуш сифатини ошириш, шуларга ҳамоҳанг равишда қонунчиликни такомиллаштириб бориш парламент депутатларининг асосий вазифаси, деб биламиз.

 

Фарҳод УМАРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎЗХДП фракцияси аъзоси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: