10.11.2015

ДЕПУТАТЛАР ФОРУМИ ЎТКАЗИЛДИ

Урганч шаҳрида ўтган мазкур форум электорат манфаатларини ҳимоя қилишда халқ депутатлари маҳаллий кенгашларидаги партия гуруҳлари ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамкорлигини янада кучайтиришга бағишланди.

Унда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатларимизнинг сайловдан буён ўтган тўққиз ойлик фаолиятига холисона баҳо берилди.

Таъкидландики, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш билан боғлиқ қарорларнинг ижроси, Маҳаллийлаштириш дастурининг амалга оширилиши жараёнида депутатлар фаоллик, талабчанлик кўрсатиши зарур. Айниқса, бу жараёнда маҳаллий Кенгашлардаги кўп сонли депутатларимиз, партиямиз фаоллари доимо олдинда бориши керак.

Масалан, минтақада саноат тармоқларини ривожлантиришга оид қарорлар, давлат дастурлари ижросини таъминлаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар аҳволини мониторинг қилиб бориш ва бу борада мутасадди раҳбарларнинг фаолияти юзасидан ахборот ва ҳисоботларни халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессиялари ва доимий комиссияларида эшитиб бориш механизмидан тўлақонли фойдаланиш зарур. Режалаштирилган лойиҳалар бажарилишини пайсалга солиб келаётган раҳбарлар фаолиятига муносиб баҳо бериш мақсадида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар сессияларида мансабдор шахсларнинг ҳисоботларини эшитиб бориш механизмидан фойдаланиш давр талабига айланди. Афсуски, бу борада вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлари сусткашликка йўл қўйишмоқда. Сайловлардан буён ўтган даврда бу борада фақат битта масала Ҳонқа туман Кенгаши сессия­сига киритилган.

Назира Матёқубова, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бўлим мудири:

Депутат зиммасида сайловчилар манфаатларини ҳимоя қилиш вазифаси туради. Депутат қайсидир масалада мутасадди ташкилотларга сўров юбориш, ижро ҳокимияти фаолияти устидан назорат ўрнатиш, аниқланган масалани халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш сессиясида кўриб чиқиш учун таклиф киритиш ва бошқа ҳуқуқларга эга. Тўғри, берилган ҳуқуқ ва ваколатлар кенг, лекин улардан самарали фойдаланиш ўзимизга боғлиқ.

Ўтган 9 ой давомида маҳаллий кенгашлар депутатлари ташаббуси билан 20 дан ортиқ масала депутатлик гуруҳларида, 10 масала кенгашлардаги доимий комиссиялар йиғилишларида муҳокама қилинган.

Аммо, афсуски, депутатлик сўрови масаласида депутатларимизнинг талабчанлиги, фаоллиги ҳам бир хил эмас. Таҳлилларга кўра, Янгибозор, Қўшкўпир, Шовот туман Кенгашларидаги депутатларимиз бу институт имкониятидан самарали фойдалана олмаяпти.

Биз бир нарсани унутмаслигимиз керак. Депутатларимиз жонкуяр, ташаббускор, энг муҳими, талабчан бўлса, жойларда одамлар, электорат вакилларини ўйлантираётган масалаларга албатта ечим топилади.

Раимберган Сабуров, Ўзбекистон ХДП Хоразм вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари:

— Бугун ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган аниқ таклиф ва ташаббуслар билан чиқишда депутатлар фаол­лигини кучайтиришни замоннинг ўзи тақозо қиляпти. Қонунчилигимизда халқ вакилларининг бу борадаги ҳуқуқлари, ваколатлари кенгайганидан ҳаммамизнинг хабаримиз бор. Улардан самарали фойдаланиш учун, аввало, аҳоли, сайловчилар билан доимий мулоқотда бўлишимиз керак.

Сайловлардан буён қарийб бир йилча вақт ўтди. Давр биздан ҳар қачонгидан ҳам фаоллик ва ташаббускорлик талаб қилаётган шундай муҳим вазиятда ҳали маҳаллий Кенгаш сессиялари, дои­мий комиссиялар мажлислари муҳокамасига ижтимоий масалаларни олиб чиқиб, электоратимиз манфаатини ҳимоялаш ме­ханизмидан етарли даражада фойдаланмаётган партия гуруҳларимиз борлиги кишини ўйлантириб қўяди. Айрим ҳудудларда партия ташкилоти билан депутатлар ўртасида мустаҳкам алоқа шаклланмаганига бефарқ қараб бўлмайди.

Биз ҳар бир партия ташкилоти, депутатлик бирлашмаси фаолиятини танқидий ўрганиб, камчиликларни бартараф этиш, депутатлик сўрови, депутатлик назорати институтидан самарали фойдаланишимиз, давлат ҳокимияти маҳаллий органлари раҳбарлари ҳисоботини эшитиш механизмини кенг йўлга қўйишимиз зарур, деб ўйлайман.

Вера Пак, Халқ депутатлари Хива туман Кенгаши депутати, Ўзбекистон Қаҳрамони:

— Сайловлар арафасида партия­миз номзодларга ишонади, сайловчилар ҳам овоз беришади. Сайлангач эса... Айрим депутатлар ҳатто партиямиз электорати манфаатларига дахлдор долзарб масалаларга бефарқ қарашади. Депутатларимизнинг ўз сайловчилари билан алоқаларини яхшилаш, уларнинг манфаатларини таъминлаш борасидаги ишларни кучайтиришимиз лозим.

Бизнинг партиямизда ижтимоий масалаларни ўрганиб, сессияларга олиб чиқиб ҳал этиш бўйича катта тажриба тўпланган. Бундан кейин ҳам одамлар, сайловчилар биздан кўп нарса кутади, уларнинг ишончини оқлашимиз шарт.

Форум доирасида Жамоатчилик қабулхоналари фаолиятига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Аҳоли мурожаатларини ўрганиш, таҳлил қилиш, уларни умумлаштирган ҳолда масала ечимини излашда депутатлар фаоллиги ошиб бораётгани таъкидланди. Масалан, Урганч ва Гурлан туманларида фаолият юритаётган Жамоатчилик қабулхоналарига тушган мурожаатларнинг 90-94 фоизи амалий ечимини топган. Бунда айнан шу ҳудуддан сайланган депутатларнинг хизмати катталиги қайд этилди.

Депутатлик форуми қизғин мунозара асосида таъсирчан ўтди. Унда Хоразм вилоят ҳокими ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Сайёра Абдукаримова ва бошқалар сўзга чиқиб, депутатлар олдига қўйилаётган бугунги вазифаларнинг масъулияти, партия ташкилотлари ҳамда гуруҳларининг ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш бўйича таклифларини билдириб ўтишди.

Форумда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Ҳотамжон Кетмонов партия фракцияси ва депутатлик бирлашмаларининг электорат вакилларини ўйлантираётган масалаларни ўрганиш, таҳлил қилиш ва биргаликда ечимини излаш тажрибасидан унумли фойдаланиш масаласига эътибор қаратди.

Маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари фаолиятини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг ижросини таъминлашда уларнинг ролини кучайтириш, электорат билан ишлашнинг замонавий усулларидан кенг фойдаланиш бўйича партия кенгашлари ва депутатларга аниқ тавсиялар берилди.

 

Рўзимбой ҲАСАН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.