10.11.2015

ҚИШ МАВСУМИДА

аҳолининг табиий газга бўлган эҳтиёжини қондириш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Мамлакатимиз иқтисодиёти ривожланиб, аҳоли турмуши фаровонлашиб боргани сайин нефть-газ маҳсулотларига талаб ҳам кўтарилмоқда. Айниқса, қишлоқ жойларида намунавий лойиҳалар асосида янги уй-жойлар барпо этилаётгани, энг чекка тоғли ҳудудлар ҳам газ билан таъминланаётганини ҳисобга олсак, табиатнинг бу беминнат бойлигидан оқилона фойдаланишимиз зарурлигини чуқурроқ англаймиз.

Афсуски, ҳали-ҳамон газдан хўжасизларча фойдаланиш, уни исроф қилиш ҳоллари учрамоқда. Газдан фойдаланишга фойдаланиб, ҳақини вақтида тўламаслик оқибатида газ идораларига катта зиён етказилмоқда.

Бундай ҳолатлар қиш мавсумида аҳоли уй-жойини газ билан таъминлаш масаласида ўзига яраша муаммоларни келтириб чиқаради.

Шу боис ҳар йили қиш мавсумига алоҳида тайёргарлик кўрилади, тегишли чора-тадбирлар белгиланади. Мухбиримиз «Ўзтранс­газ» акция­дорлик компанияси бош­қаруви раиси Шукрулло ­МАҲМУДОВ билан бу йил қиш мавсумига қандай тайёргарлик кўрилаётгани, газ таъминоти қандай бўлиши тўғрисида суҳбатлашди.

— Президентимизнинг 2015 йил 7 июлдаги «Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларни 2015-2016 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида, компания томонидан махсус режа ишлаб чиқилди, ҳозир амалий ишлар якунига етказилди. Аҳоли ва улгуржи истеъмолчилар қиш мавсумида табиий газ билан узлуксиз таъминланиши учун газ қувурлари мукаммал таъмирдан чиқарилмоқда. Газ босимини соз­лаш қурилмалари техник жиҳатдан тафтиш қилинмоқда, ер ости газ қувурлари ҳолати махсус текширувдан ўтказилди. Шунингдек, ҳаво босими ёрдамида қувурларни тозалаш ишлари ҳам якунига етказилди.

Хусусан, республикамиз бўйича ҳудудий газ таъминоти корхоналари томонидан табиий газ таъминотини яхшилаш мақсадида 98,4 км. газ қувурлари мукаммал таъмирланди. 152,4 км. газ қувурлари эса реконструкция қилинди. Қолаверса, газ тақсимлаш пунктларини 74 073 таси техник тафтишдан ўтказилди. Газ қувурларини босим остида зичлигини синаш йиллик режаси 7 550,8 км. режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда 7 922,7 км. қисми зичликка синалди ва тозаланди. Ер ости газ қувурлари ҳолатини текшириш йиллик 5 469,7 км. режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда 5 980,9 км. қисми текширилди. Бундан ташқари, газ тақсимоти тизимида олиб борилган ташкилий-техник тадбирлар тўлиқ якунлангандан сўнг мамлакатимизнинг 174 334 аҳоли хонадонида табиий газ таъминоти янада яхшиланади.

— Газ ўтмаган ёки бориши қийин ҳудудлардаги аҳолини баллонли газ билан таъминлаш, уларга узлуксиз газ баллонлари етказиб бериш масаласи бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида ҳам тўхталсангиз?

— Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2013 йил 18 март­да тасдиқланган Республика газ таъминоти тизимини 2013-2015 йиллар давомида истиқболли ривожлантириш ва мавжуд тизимни янада такомиллаштириш дастурига асосан, табиий газ етиб бориши қийин бўлган аҳоли хонадонларини суюлтирилган газга мослаштириш белгиланган. Мазкур дас­турга асосан маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда 2014-2015 йиллар куз-қиш мавсумида табиий газ танқислиги аниқланган 557 334 хонадонни суюлтирилган газга ўтказиш режалаштирилган бў­либ, бугунги кунда 329 568 та аҳоли хонадони суюлтирилган газга мослаштирилди.

Шунингдек, жорий йилда суюлтирилган газ таъминоти инфратузилмасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган тадбирлар тўғрисида тўхталадиган бўлсак, жумладан, табиий газ етиб бориши қийин бўлган ҳудудларга узлуксиз равишда суюлтирилган газ етказиб бериш мақсадида жорий йилда 14 суюлтирилган газ тўлдириш пункти қурилиши режалаштирилган бўлиб, ҳозирги кунда қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур қурилиш ишлари жорий йилнинг 1 декабрига қадар якунланиши режалаштирилган. Бундан ташқари, ушбу йилда суюлтирилган газ ташувчи 43 автоцистерна (MAN русумли) харид қилиш кўзда тутилган бўлиб, бугунги кунга қадар 32 автоцистерна харид қилинди. Шу билан бирга, ушбу ойда 63 маиший газ баллонлари ташувчи ISUZU махсус автомашиналари сотиб олиш борасида ишлар амалга оширилмоқда.

Ҳудудлардаги аҳоли хонадонларига жорий йилда 608 734 дона маиший газ баллон етказиб бериш режалаштирилган бўлиб, бу ишлар ҳам ниҳоясига етказилмоқда.

— Газ ҳақини ўз вақтида тўламаётган истеъмолчилар, яъни муайян шахс ёки ташкилотдан пулни ундириш, шу билан бирга, ноқонуний тарзда газдан фойдаланиш ҳолларига чек қўйиш учун қандай чоралар кўрилмоқда?

— Истеъмолчиларнинг табиий газ тармоқларига ноқонуний равишда уланиш ҳолатларини аниқлаш бўйича 2015 йилнинг 9 ойи давомида олиб борилган ишлар тўғрисидаги маълумотларга кўра, республикамизда аниқланган ноқонуний истеъмолчилар сони 5242 тани ташкил этди. Ушбу давр мобайнида газ тармоқларига ноқонуний уланган истеъмолчилардан эса 1 миллиард 376 миллион тўрт юз минг сўмлик моддий зарар ундирилди.

Бундан ташқари, ўзига бириктирилган ҳудудларда ноқонуний уланишларга йўл қўйганликлари учун масъул ходимларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилди ва келгусида шу каби ҳолатлар такрорланмаслиги учун унитар корхоналарда чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ушбу ишларнинг бажарилиши бўйича назорат ўрнатилди.

Компания раҳбарияти томонидан мазкур масалалар ­доимий назоратга олиниб, жойлардаги газ таъминоти корхоналари раҳбарларига табиий газ тармоқларига ноқонуний уланишларнинг олдини олиш, аниқланган ноқонуний истеъмолчилар бў­й­ича ҳужжатларни ўрнатилган тартибда расмийлаштириш, улар томонидан келтирилган моддий зарарларни тўлиқ ундириш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топшириш ҳамда етказилган моддий зарарни ўз вақтида тўлиқ ундириш вазифаси юклатилди ва ушбу ишлар доимий назоратга олинди.

Табиий газ мамлакатимиз ва хал­қимизнинг бебаҳо бойлиги ҳисобланади. У битмас-туганмас хазина эмас. Бу бойликлардан оқилона фойдаланиш, бунга амал қилмаётганларни ҳушёрликка ундаш, тизимда жамоатчилик назорати ўрнатиш ғоятда муҳим аҳамиятга эга.

Бу масалада жамоатчилик, айниқса, маҳалла фаоллари эътиборли бўлишса, йўл қўйилаётган камчилик ёки ноқонуний ҳолатлардан туман, шаҳар газ таъминоти идораларини хабардор қи­лишса, кўпчилик манфаати ҳимоя қилинган бўлар эди.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ

суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.