10.11.2015

ҚЎШИҚ — МИЛЛАТ ҚАЛБИНИНГ САДОСИ, ҚУДРАТЛИ ТАРБИЯ ВОСИТАСИ

Ёки «Лайло опанг қани, Зуҳро опанг қани, жинни қилди сани опанг мани...» қабилидаги бетайин «қўшиқ»лар ҳақида

Ҳар бир одам ўз халқининг миллий мусиқаси ва қўшиқларидан руҳий қувват олиб вояга етади. Мусиқанинг инсон қалбига, онгига таъсир кучи, қудрати беқиёсдир. Улуғ алломаларимиз инсон тарбиясида, маънавиятини юксалтиришда мусиқанинг аҳамияти нақадар юксаклигини доимо уқтириб келишган.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда мусиқа санъатини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, давлатимиз томонидан миллий эстрадани ривожлантириш, истеъдодли ижодкорларнинг профессионал малакасини ошириш, ёш ижрочиларни қўллаб-қувватлаш учун «Ниҳол», «Ягонасан, муқаддас Ватан!», «Офарин», «Эътироф» сингари турли танловлар ўтказиб келинмоқда. Ҳар йили истеъдодли санъаткорларимизнинг катта гуруҳи давлат мукофотлари билан тақдирланади.

Бироқ бугун яратилаётган қўшиқлар орасида мазмунан саёз, бадиий жиҳатдан ғализ, хорижий мусиқаларга ёки санъаткорларга тақлид қилинаётган қўшиқлар кўпайиб бораётгани сезилмоқда. Чет эл мусиқаларига енгил-елпи матн­ни қўйиб куйлаш ҳам урф бўляпти. Баъзи клипларда эса миллий маданиятимиз, ахлоқ мезонларига мос келмайдиган лавҳалар учрамоқда.

Бундай куй-қўшиқлар, аввало, санъатнинг обрўсига путур етказади. Ўсиб келаётган ёшларда санъат, хусусан, эстрада санъати тўғрисида нотўғри тасаввур уйғотади. Эстрада санъати мухлисларининг асосий қисми ёшлардан иборат эканини ҳисобга олиб фикрласак, демак, жамоатчилик орасида тарғибот-ташвиқот ишларини кенгроқ олиб бориш, бу соҳага маънавиятимизнинг муҳим ҳалқаси сифатида эътиборни янада кучайтиришимиз зарур, деб ўйлаймиз.

Шу боис бугунги эстрада санъатининг ютуқ ва камчиликлари, айрим ёш ижрочилар қўшиқлари тўғрисида бир гуруҳ ижодкорлар ва санъат мухлисларининг фикр-мулоҳазалари билан қизиқдик.

Иқбол МИРЗО, Ўзбекистон халқ шоири, Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш кенгаши раиси:

— Бугунги кунда миллий эстрада санъатига бўлган эътибор ва қизиқиш ҳам, талаб ҳам кучайиб бормоқда. Бу табиий, албатта. Чунки халқимиз санъатга тарбия воситаси сифатида қарайди. Умуман, қўшиқчилик, азалдан маданият, маънавиятимизнинг ажралмас қисми бўлиб келган. Афсуски, айрим ижодкорлар, санъатни шоу-бизнесга айлантиришга уринишяпти. Бунинг оқибатида эфирда кетаётган қўшиқлардан, клиплардан кўпчилик норози бўляпти. Масалан, куни кеча бир ёш хонанданинг ижросини эшитиб қолдим. «Зеболи юз», деб куйлаяпти. Ўйлаб кўринг, бу мантиққа зид эмасми? Аслида «Зебо юзли» деганда маъно-мазмун бўлади.

Яна бошқа бир ёш хонанда Зав­қий домланинг «Кулбам аро эй маҳлиқо, бир йўл хиром айлаб келинг» мисрасини бузган ҳолда, «Кулбам аро эй маҳлиқо, бир йил хиром айлаб келинг», деб радиода куйлаяпти. Бу тинг­ловчида нотўғри тасаввур ўйғотади. Чунки, ёрнинг бир йилда келиши кераклигини ҳар ким ҳар хил маънода тушунади. Ҳатто баъзи қўшиқларнинг матн­лари шунчалик телба-тескарики, эшитиб ёқанг­ни ушлайсан.

Ўзбек деган жуда катта қадимий халқнинг санъати, адабиёти ҳам буюк. Буни ҳар бир инсон чуқур тушуниб, ҳурмат қилиши лозим. Айтилаётган қўшиқлардаги сўзларга жиддий эътибор берилиши шарт. Бизда тил ҳақида қонун бор. Сўзларни бузиб айтиш қонунга зид ҳисобланиши баробарида халқимизга ҳам ҳурматсизлик бўлади. Шундай экан, паст савиядаги қўшиқларни куйлаётган хонандаларга эътирозимизни билдиришимиз, тўғри йўл-йўриқ кўрсатишимиз, керак бўлса, чора кўришимиз ҳам мумкин.

«Ўзбекнаво» эстрада бирлашмасида янги кенгайтирилган бадиий кенгаш тузилиб, унга жамоатчилик асосида нуронийлар, маҳалла оқсоқоллари, олимлар, шоир ва журналистлар, талабалар жалб этилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бадиий кенгаш маъқуллаган қўшиқларнигина эфирга бериш талаби қўйилса, ўйлайманки, мазмунан саёз қўшиқлар тарқалишининг олди олинади.

Ойдин АБДУЛЛАЕВА, бастакор:

— Боланинг онги асосан беш-етти ёшда шаклланишини инобатга олсак, айнан шу даврда унинг қалбида маънавиятнинг илк куртаклари намоён бўла бошлайди. Ўсиб келаётган ёш авлоднинг маънавий дунёсини юксалтириш ҳақида сўз борганда эса, қўшиқларнинг роли ва таъсири хусусида тўхталиш, албатта, ўринлидир. Очиғини тан олиш керак, бугун айрим ёш хонандалар хориж мусиқаларини ўзлаштириб, енгил-елпи қўшиқларни куйлаяпти. Айни мана шундай қўшиқларнинг тингловчилари эса асосан ёшлар эканини ўйласак, қўшиқлар савиясига жиддий эътибор қаратишимиз зарурлигини англаймиз. Бунинг учун эса умумтаълим мактабларидаги мусиқа дарсларининг соатини, мусиқа тўгараклари сони ва турини имкон қадар кўпайтиришимиз зарур бўлади. Ўтилаётган дарс ва машғулотларни такомиллаштириш, савиясини жиддий назорат қилиб боришга тўғри келади. Натижада ёшларимиз мусиқий жанрлар ва қўшиқларнинг бадиий, ғоявий жиҳатларидан чуқурроқ хабардор бўлиб боради. Бу билан биз ёшларимизни савияси паст, енгил-елпи қўшиқлар таъсирига тушиб қолиш каби салбий ҳолатлардан асраган бўламиз. Диди баланд тингловчига манзур бўладиган қўшиқ яратиш учун хонандаларимиз янада кўпроқ изланишга мажбур бўлишади.

Шу билан биргаликда, мутасадди ташкилотлар ўзаро ҳамкорликда ёш хонандаларимиз учун маънавий-маърифий тадбирларни тез-тез ўтказиб туриши керак деб ўйлайман. Улар ўз маҳоратларини ошириб боришига жиддий талаблар қўйилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Асқар ҚЎЗИЕВ, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:

— Айрим хонандаларимиз саҳнада хорижлик қўшиқчиларнинг сўзларини тушунмасдан куйлашини, миллий қадриятларимизга хос бўлмаган енгил-елпи ҳаракатларини қандай баҳолаш мумкин? Бу каби ҳолатлар тўйларимизда ҳам авж олиб бораётгани ташвишланарли, албатта. Ростини айтиш керак, тингловчиларимизда ҳам айб бор. Тўйларда кўп кузатганман. «Муножот», «Тановор» каби мумтоз қўшиқларни куйласак, ёшларимиз диққат билан эшитмайди. Рақс учун ўзимиздаги яхши қўшиқларни ижро этсак, дарров хориж қўшиқларини айтишимизни илтимос қилишади. Икки-уч соат давом этадиган тўйларда нари борса, беш-олтита ўзимиздаги савияли қўшиқлар ижро этилади, аксарияти эса турли тилда енгил-елпи қўшиқлар янграйди. Бунга чек қўйиш учун эса, менимча, матбуотда жиддий тан­қидий мақолаларни тез-тез уюштириб туриш керакка ўхшайди.

Тўғри, бугун кимгадир сен нега бу қўшиқни айтаяпсан, деб тақиқ қўйиш ноўрин. Лекин масаланинг тарбиявий аҳамиятини ҳисобга олсак, бу борада зарур чора-тадбирларни кўриш шарт. Санъат нималигини тушунмасдан қўшиқ айтаётган айрим ёшларимизнинг жонли ижрода куйлай олмаслиги ҳам маълум. Шундай экан, «Ўзбекнаво» эстрада бирлашмаси томонидан хонандаларга қўйиладиган талабларни кучайтириш масаласини жиддийроқ ўйлаб кўриш керакка ўхшайди.

Агар «Ўзбекнаво» эстрада бирлашмаси томонидан хонандаларга катта оммавий саҳналардаги концерт дастурларида қисман жонли ижрода куйлаш талаби қўйилса, бу талаб аста-секин кучайтириб борилса, тўйларимизда ҳам фонограммада куйлашни тўхтатсак, ўйлайманки, хонандалар масъулиятни ҳис этиб, элимизга манзур бўладиган қўшиқлар сони ортиши шубҳасиз.

Соиб БЕГМАТОВ, санъатшунослик фанлари номзоди, профессор:

— Ҳар бир халқнинг ўзига хос миллий эстрада санъати бўлиши керак. Масалан, ҳинд мусиқасини Африкадаги ёки Жанубий Америкадаги одамлар ҳам билишади, ҳеч иккиланмай «бу ҳиндларники», дейишади. Шу боис, бугун ғарбга тақлид қилиб, ажнабий мусиқаларга мазмунан саёз матн қўйиб куйлаш, бу энди санъатга ҳам, миллатга ҳам ҳурматсизлик бўлади. Бу тарзда қўшиқ айтишдан уялиш керак.

Шу ўринда яна бир муҳим масала бор. Ахлоққа зид, мазмунан саёз қўшиқлар кўпгина иллатларга сабаб бўлади. Инсонни гўзал мақсадлардан, улуғвор ғоялардан чалғитади, дидини ўтмаслаштиради. Айниқса, ёшлар руҳиятида енгил-елпи ҳаётга мойилликни кучайтиради. Аста-секин соғ­лом фикрга таъсир кўрсата бошлайди. Бу ҳолат эса маънавиятни юксалтирмайди, аксинча унга путур етказади.

Куй-қўшиқнинг тарбиявий аҳамияти ниҳоятда катта экан, демак, биз бу масалага жиддий қарашимиз, жамоатчилик назоратини доимий равишда олиб боришимиз шарт.

Умида АБДУАЗИМОВА, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими:

— Бугунги кунда эфир орқали узатилаётган қўшиқлар бастакори ёки шеър муаллифи аксарият ҳолларда айтилмайди. Билишимча, айрим «бас­такор»лар нафақат бировларнинг мусиқасидан «илҳомланиб», балки шоирларнинг шеърларидан ҳам ғоя кўчириб, киссасини тўлдиряпти.

«Ҳамон ўша-ўшасан, дардимга дард қўшасан» деган сатр билан бошланадиган шеърим ўтган асрнинг етмишинчи йилларида битилган. Бу шеърни ўша пайтда таниқли санъаткор Илҳом Иброҳимов ажойиб мусиқа басталаб, элга манзур қилиб куйлаган. Айни вақтда ҳудди ўша сатр­лар қўшилган ўнлаб қўшиқларни сизга топиб беришим мумкин. Ёки «Тикилиб-тикилиб қарайсан» номли шеърим устоз санъаткоримиз Ғуломжон Ёқубов томонидан ҳамон зав­қу шавқ билан куйланмоқда. Ҳолбуки, бу қўшиқ эълон қилинганига 36 йил бўлди. Буни қарангки, «Сен менга севишни ўргатдинг» деган топилмам бутунлай бош­қа сатрлар қўшилиб, эндиликда жуда кўп қўшиқчилар «қалби»дан қўшиқ бўлиб «таралмоқда».

Қўшиқ «муаллиф»лари шоир сатридан фойдалангани учун қалам ҳақи тўлайманми, деб ўйлаб, ўзлари «ижод» қилишга уринишганга ўхшайди. Аммо билиб қўйишсинки, ўзини биладиган шоир ижодини нархлаб, савдолашиб юрмайди. Буни ўзларига ор билишади. Куй басталовчи ёки «аранжировкачи» деганлар ўзларининг бировлардан кўчирилган «ижод»­лари учун ҳам осмон нархини қўйиб, савдогарчилик, тирикчилик қилиб юришганини кўпчилик билади. Кеча мактабни битириб, санъат остонасига қадам қўяётган ўсмир қандай қилиб уларнинг сўраганини топиб берсин?

«Суйдирдинг мени,

куйдирдинг мени,

Ширин жонимдан

тўйдирдинг мени»

Бу сатрлар ҳам санъаткорлар репертуаридан турлича сўзлар қуршовида турли оҳангларда таралмоқда.

Айниқса,

«Билсанг эди, сен учун

Кўзларимни асрадим,

Сўзларимни асрадим,

Суратингни асрадим...»

деган шеъримдан юлиб олинган сатрлар Фаррух Ҳамроев томонидан гўзал оҳангларда куйланиши яхши. Аммо ушбу «Асрадим» номли шеъримни унга кимдир ўзича «ўзлаштириб» ёзиб берибди.

«Кун чарақлаб кетар эртага,

Дил ярақлаб кетар эртага»,

деб бошланадиган «Эртага» деган шеъримни ака-ука Ваҳобовлар қарийб 35 йил олдин қўшиқ қилиб, эл ҳукмига ҳавола қилишганди. Ўша шеър эълон қилинган китобим «ижодкор»лар қўлига тушиб қолганми, ундан сатрларни кўчириб, бироз ўзгартириб, ясалган қўшиқлар ҳам кўпайиб кетди. Масалан:

Боғимдан гул уздинг, ёр,

Борлиғимда суздинг, ёр,

Нозик қилиб юракка,

Ишқ расмини чиздинг, ёр!

Энди ўчириб бўлмас,

Ёки кўчириб бўлмас,

Бу қилган гуноҳингни

Асло кечириб бўлмас...

Бу шеър нодир овоз соҳиби Қодир Мирашуров талқинида аксарият қўшиқсеварлар қалбига чиндан «чизилиб» қолган. Аммо ҳозир айнан ўша, «юракка расм» чизиш-у, гуноҳни «ўчириб» ёки «кўчириб» бўлмасликдан сўйлайдиган «қўшиқ»лар кўпайиб кетди. Ғоя ўша, муаллифи ўзга!

Гулчеҳра УМАРОВА, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг бўлим мудири:

— Бугун «эстрада ва ёшлар» иборасининг матбуотда, радио-телевидениеда, турли маданий-маърифий тадбирларда тез-тез тилга олинаётгани бежиз эмас. Чунки айни пайтда эстрада ёшлар орасида кенг тарқалган ­санъат туридир. Эстрада ижрочиларининг ҳам, тингловчиларининг ҳам аксарияти ёшлар. Савол туғилади: хўш, ана шундай оммавий санъат ёшларимизга қандай таъсир кўрсатяпти?

Афсуски, бу саволга кўнгилни тўқ қилиб, ижобий жавоб бериш бироз мушкул. Сабаби, бугунги ёшлар эс­традасида «оммавий маданият»га эргашиш, санъатга тезроқ пул топиш ва машҳур бўлиш йўли сифатида муносабатда бўлиш кўзга ташланмоқда. Ваҳоланки, ҳар қандай санъат тури, жумладан, эстрада ҳам маънавий-маърифий тарбия воситаси, маданият намунаси бўлиб хизмат қилиши керак.

Аввало, матнга эътибор ниҳоятда сусайиб кетган. Ҳар қандай қўшиқнинг асосини матн ташкил этишини яхши биламиз. Шубҳасиз, мусиқа ва ижро ҳам қўшиқнинг асосий таркибий қисм­лари. Лекин бу ўринда сўзнинг таъсир кучини, унинг қудратини эътироф этмасликнинг иложи йўқ. Сўзнинг одам онгига, дунёқарашига, маънавиятига таъсири ниҳоятда катта экани ҳақида буюк аждодларимиз бисёр ҳикматлар қолдириб кетган.

Албатта, матнга эътибор билан қарайдиган маданиятли хонандаларимиз оз эмас. Бироқ афсуски, аксарият ёшлар, айниқса, эстрада ижрочилари қўшиқ матнига ниҳоятда беэътибор, пала-партиш муносабатда бўлишяпти. Шу сабабли, нафақат ижодга энди кириб келаётган ёшлар, балки тажрибали хонандалар репертуарида ҳам «Шак-шакарим ёрон-эй, балле, Шек-шеки бадан, оббо сан-эй, балле-балле...», «Яхшиям тугади шу сериал, Жуда узундан-узун, Вақтимни олди ҳар кун. Кўзимни узмай кўрибман, Севгилимга қарамай...», «Ёзган қўшиғинг менга, Англолмадим мен, Яна йўқдир ҳеч бир сўзимда, Такрор, такрор сўзлар...», «Лайло опанг қани, Зуҳро опанг қани, Жинни қилди сани опанг мани...», «Юлдуз маъюс, Туни бўйи беуйқу юзма-юз. Қани энди менинг меҳрим, Қани энди у туйғу?..» каби пойинтар-сойинтар жумлалар тўлиб-тошган хиргойилар кўпайиб боряпти. Бундай қўшиқлар, айниқса, нодавлат теле ва радио каналларида жуда кўпайиб кетди. Нима деб алаҳсираётганлигини ўзи тушунмаган бундай «қўшиқчи»лар на сўзнинг маъносини тушунади, на мусиқанинг?

Бундан ташқари, баъзи ижрочилар илгари айтилган қўшиқлардаги сўзларни бузиб айтишяпти. Яна аралаш матн­ли қўшиқлар ҳам (ўзбекча, русча, инг­лизча) пайдо бўлаётганига нима дейсиз? Бу она тилимизга, Давлат тилига беҳурматлик, санъатнинг устидан кулиш эмасми?... Бундай ҳолатлар ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатмай қолмайди.

Айрим ёш хонанда қизларимиз ижросидаги қўшиқлар матнида, либосларида, ҳатто ўзларини тутишларида миллатимизга хос ҳаё-ибонинг, одобнинг, маданиятнинг етишмаслиги ҳам оғриқ нуқталардан бири. Бу ўринда баъзи эркак хонандаларнинг ижролари ҳам қизларникидан қолишмаётганини айтиб ўтиш керак.

Клиплар ҳақида ҳам эътирозлар йўқ эмас. Ўзбек тилида айтилаётган қўшиқлар клипида бошқа миллат вакиллари «жавлон уриб» юради, керак кераксиз жойда раққослар у ёқдан-бу ёққа югуради (рақс тушмайди), қўшиқчи хонанда раққосга аллақандай сирли имо-ишоралар қиладими-ей... Хуллас, бу ёқда ўғирланган мусиқалар, миллий менталитетимизга хос бўлмаган ижролар масаласи ҳам турибди.

Албатта, ҳар бир ижодкор эркин ижод қилишга, истаган қўшиғини айтишга ҳақли. Лекин бу унга одамларнинг маънавиятини бузиш ҳуқуқини бермайди. Қўшиқ инсон руҳига, маънавиятига бевосита таъсир этаркан, ҳар қандай хонанда қайси халқ номидан саҳнага чиқаётганини унутмаслиги керак. Камчиликларни тузатиш учун ҳаммамиз биргаликда ҳаракат қилишимиз лозим.

Ёш ижрочилар, аввало, китоб ўқишлари, миллий қадриятларимиздан, мақомдек мумтоз меросимиздан хабардор бўлишлари, ҳар бир қўшиқлари асосида миллий мусиқа, пухта матн, маданиятли ижро ётиши кераклигини тушуниб олишлари зарур.

Юрт келажагини маънавияти бутун, савияси юксак авлод қуришини назарда тутсак, бугун энг оммавий бўлган эстрада санъатидаги камчиликларга муросасиз бўлишимиз лозим.

 

Озода БЕКМУРОДОВА,

Абдусалим МАҲМУДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.

 

ТАҲРИРИЯТДАН: Юқоридаги фикр-мулоҳазалардан кўриниб турибдики, муҳокама этилган масала жуда долзарб ва муҳим. Бу мавзу юзасидан матбуотда ҳам кўп фикрлар билдириляпти. Лекин афсуски, ҳали-ҳануз ижобий ўзгаришлар кўзга ташланмаяпти, енгил-елпи қўшиқларнинг тарқалиши тўxта­маяпти. Бизнинг­ча, жамоатчилик бундай ҳолатларга фаол муносабат билдириши, мутасадди ташкилотлар томонидан зарур чора-тадбирлар янада кучайтирилиши зарур.

Яратилаётган, куйланаётган куй-қўшиқлар ҳар биримизни, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлодни эзгу амалларга руҳлантирсин, ҳаётга, Ватанга меҳр-муҳаббат туйғуларини уйғотадиган бўлсин.

Ушбу мақолада кўтарилган масалалар жамоатчиликни, айниқса, ўзбек миллий санъати фидойиларини, қалам аҳли ва устоз санъаткорларни бефарқ қолдирмайди, деб умид қиламиз. Таклиф, фикр-мулоҳазаларингизни кутамиз.



DB query error.
Please try later.