07.11.2015

АХБОРОТ-МАЪРИФАТ ХОНАЛАРИ

фаолиятини намунали йўлга қўйиш тарғибот таъсирчанлигини оширишга хизмат қилади

Юртимизда истиқлол йилларида барча соҳалар қатори ахборот-кутубхона фаолиятини такомиллаштиришга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, соҳанинг ҳуқуқий базаси мустаҳкамланиб, замонавий андозалар жорий этил­япти. Энг муҳими, бу орқали ўсиб келаётган ёш авлоднинг  интеллектуал эҳтиёжларини қондириш, аҳолини янада кенгроқ ва тизимли ахборот билан таъминлаш учун зарур шарт-шароитлар яратилди.

Жамоатчиликнинг ахборотдан эркин фойдаланишини таъминлаш, давлат органлари фаолиятининг янада шаффоф, очиқ бўлишига эришиш, мамлакатимиз ва ундан ташқарида юз бераётган воқеа-ҳодисалар ҳақида аҳолининг хабардорлигини ошириш фуқаролик жамиятининг муҳим шарт­ларидандир. Айниқса, инсоннинг қалби ва онгини эгаллаш, маънавий дунёсини издан чиқаришга қаратилган турли хавф-хатарлар тобора кучайиб бораётган бир пайтда аҳоли, айниқса, электорат вакилларининг сиёсий, ҳуқуқий маданиятини ошириб бориш партия ташкилотларининг ниҳоятда муҳим вазифаларидан бири.

Маълумки, партия мафкуравий ишларини янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш, аъзоларнинг сиёсий-ҳуқуқий онги, тафаккурини юксалтириш, ижтимоий-сиёсий жараёнларда иштирокини кучайтириш, фаол фуқаролик пози­ция­сини шакллантиришда ЎзХДП тизимида ташкил этилган ахборот-маърифат хоналари муҳим аҳамиятга эга.

Айни пайтда уларнинг моддий-техник баъзасини мустаҳкамлаш, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминлаш, ҳуқуқий ва ижтимоий-сиёсий йўналишдаги адабиётлар, илмий ҳамда даврий нашр­лар билан тўлдириш бўйича тизимли ишлар олиб борилаяпти.

Бугунги кунда партиямиз тасарруфидаги 14 минтақавий ва 194 туман ва шаҳар кенгашлари ҳузурида жами 208 Ахборот-маърифат хона ва бурчаклари ташкил қилинган. Улар партия марказий сайланма органлари ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, Марказий Кенгаш экспертлари ва масъул ходимлари, тарғиботчилари, модераторлар қонунчилик ҳужжатлари, ахборот-услубий материаллар, ижтимоий-сиёсий адабиётлар, даврий нашрлар ҳамда сиёсий, мафкуравий йўналишлардаги ма­териал­лардан фойдаланиши учун хизмат қилмоқда.

Эътиборли томони, ахборот-маърифат хоналари орқали партиянинг сиёсий ва фуқаролик маърифати тизимидаги ўқувларига амалий кўмак кўрсатиляпти. Мазкур тажрибани ўр­ганиш ва оммалаштириш мақсадида партия Марказий Кенгаши сайёр сиё­сий семинарлар ташкил этиб келмоқда. Масалан, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши томонидан Жиззах, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳар кенгашларида бўлиб ўтган сайёр ўқув-семинарлар кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ХДП сиёсий ва фуқаролик маърифати тизимида таълим беришнинг ички партиявий шакли шундай тузилганки, унда марказдан қуйи партия ташкилотлари, яъни БПТларгача қамраб олинган. Жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи мобайнида партия Марказий Кенгаши, вилоятлар, туман ва шаҳар кенгашлари ҳамда йирик бошланғич партия ташкилотларида тизимли равишда ўтказилган 8 251 машғулотда 270793 нафар тингловчи қамраб олинди.

Айни пайтда Ахборот-маърифат хоналари фаолияти таҳлил қилиниб, уларни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш юзасидан таклифлар тайёрлаш, сайланма партия фаоллари, партия кенгашлари аппарати ходимлари, жамоатчилик вакиллари ва экспертлар иштирокида давра суҳбатлари ва бошқа шакллардаги фаол муҳокамаларни ташкил этиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, Ахборот-маърифат хоналарининг жойлардаги Ахборот-кутубхона институтларида сақланаётган ахборотлардан эркин фойдаланиш, фойдаланувчиларнинг интеллектуал, маънавий-ахлоқий, маданий ва билимга бўлган эҳтиёжини қондириш, шунингдек, аҳолини ахборот билан кенг кўламда таъминлаш учун зарур шароит яратиш, миллий қадриятларни тиклаш ва ривожлантиришга кўмаклашиш, тарихий-маданий меросни сақлаш мақсадида ахборот-кутубхона институтлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш ва ахборот-кутубхона фондларидан ўзаро фойдаланишни кучайтириш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.

Биламизки, ахборот-маърифат хонаси фаолиятини самарали ташкил қилиш энг аввало, партиянинг ёш кадрлар захираси, тарғиботчилари шаклланишига таъсир этади. Бунинг учун давр талабларига жавоб бера оладиган ахборот-маърифат хоналари ташкил этилмоғи керак. Биринчи галда кутубхона фондини кенгайтирган ҳолда янги манбалар билан бо­йитиш, иштирокчиларнинг ҳар томонлама чуқур фикр юритишига туртки берувчи интеллектуал ва интерфаол усулларни ишлаб чиқиш зарур.

Шунингдек, Ахборот-маърифат хо­на­лари фаолиятида таҳлилий ва ахборий ишларни кучайтириш, камчиликларни аниқлаш, уларни бартараф қилиш механизмларини ишлаб чиқиш мақсадида ижтимоий сўровлар ўтказиш ҳамда мониторинг олиб боришга алоҳида эътибор қаратилиши лозим.

Айни пайтда, фуқароларда ахборотга бўлган эҳтиёжнинг кучайиши жойлардаги ахборот-маърифат хоналари фаолиятига янгича ёндашувни тақозо қилмоқда. Аввало, уларни замонавий техника воситалари ҳамда ички партиявий услубий материаллар билан таъминлаш зарур.

Бундан ташқари, турли кўргазмалар ташкил этиш зарур. Масалан, партия дастурий мақсадлари акс этган кўргазмали ташвиқот материаллари ва слайдлар яратилса, ташриф буюрувчилар учун партия ташкилоти ҳақида зарур маълумотларни тезкорлик билан олиш имконияти бўлади.

Агар мазкур йўналишдаги ишларни кучайтирсак, бу ўз-ўзидан тадбирлар, сиёсий-ўқувлар савиясига, тарғибот-ташвиқот ишлари таъсирчанлигига ижобий таъсир кўрсатади.

 

Гулчеҳра ЗОҲИДОВА,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Ахборот-ресурс маркази раҳбари.



DB query error.
Please try later.