07.11.2015

БУ ҲАҚДА ПАРЛАМЕНТ ПАЛАТАЛАРИНИНГ ҚЎШМА МАЖЛИСИДА АЙТИЛГАН ЭДИ

Президент Ислом Каримовнинг 2015 йил 23 январда парламент палаталарининг қўшма мажлисидаги маърузасидан келиб чиқадиган вазифалар ижроси тўғрисида газетамизнинг 24 сентябрь сонида «Қабул қилинаётган қонунлар тараққиётга, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг боришига қандай таъсир кўрсатмоқда?», 8 октябрь сонида  «Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар ҳамкорлигини янада кучайтириш тарғибот ишларини изчил олиб бориш, электорат манфаатларини ҳимоя қилишда долзарб аҳамиятга эга» номли таҳлилий мақолалар эълон қилинди.

Ушбу мавзуда навбатдаги мақолани эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз.

 

ҚОНУН ИЖОДКОРЛИГИ ЖАРАЁНИ

тубдан такомиллашмоқда

Мамлакатимизда парламентаризм институти такомиллашиб, унинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни ва роли тобора кучайиб бормоқда. Парламент фаолиятининг такомиллашиши қонунлар сифати ошиши, уларнинг ижроси изчил назорат қилиниши, фуқароларнинг устувор ҳуқуқ­лари таъминланиши, давлат ҳокимияти органлари ўртасида ўзаро тийиб туриш тамо­йили мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти бош илмий ходими Улуғбек Ҳусаинов билан суҳбатимиз қонун ижодкорлиги жараёнини янада такомиллаштириш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини кучайтириш, қонунлар лойиҳаларини фуқаролик жамияти институтларининг турли бў­ғинларида кенг ва амалий муҳокамадан ўтказиш масалалари ҳақида бўлди.

— Маълумки, Президентимиз жорий йил январь ­ойида бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик пала­таси ва Сенатининг қўшма маж­лисидаги маърузасида парламент палаталари олдида турган устувор вазифаларга тўхталди. Уларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича Қонунчилик палатасининг 2015 йилга ва кейинги йилларга мўлжалланган ташкилий-ҳуқуқий тадбирлари, қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил ишлари дастури қабул қилинди. Мазкур дастур асосида амалга оширилаётган ишлар ҳа­қида маълумот берсангиз.

— Ушбу дастур асосида Қонунчилик палатасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, мазкур дас­турда 41 ташкилий-ҳуқуқий тадбирлар, 46 қонун ҳужжатларини қабул қилиш ва 20 назорат-таҳлил ишларини ўтказиш назарда тутилган.

Шу билан бирга, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмиталари томонидан қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фао­лиятини тизимли тарз­да ташкил қилишда ўзаро ҳамкорликни таъминлаш мақсадида ­Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар, жа­моат бирлашмалари мутасаддилари билан учрашувлар ўтказилди.

Қонун ҳужжатларини инвентаризациядан ўтказиш ва ҳар томонлама таҳлил қилиш мақсадида қўмиталар ҳузурида тегишли вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳи ташкил этилди.

Депутатларнинг асосий фаолиятидан бири — бу сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш, жойлардаги муаммолардан хабардор бўлиш ва уларни бартараф этиш бўйича тегишли таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқишдан иборат.

Шу боис Қонунчилик палатаси депутатининг сайлов округидаги фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш бўйича Комиссия тузилди. Комиссия томонидан сиёсий партия­лар фракциялари билан ҳамкорликда Қонунчилик палатаси депутатларининг биринчи ва иккинчи чақириқдаги фаолияти, хорижий мамлакатлардаги тажриба таҳлил қилиниб, депутатлар учун сайлов округида ишлаш бўйича ҳаракат Дастурини ўз ичига олган махсус қўлланма тайёрланди.

Шунингдек, «Қо­нунчилик палатаси депутатларининг сайлов округидаги фаолиятини самарали ташкил этишнинг долзарб вазифалари» мавзусида семинар ўтказилиб, депутатлар, мутахассислар ҳамда фуқаролик жамияти инс­титутла­ри­нинг фикр-мулоҳаза ва таклифлари олинди.

Айни пайтда қонун ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш, ушбу соҳада халқаро тажриба ва миллий амалиётни қиёсий таҳлил қилиш, қонун ҳужжатларининг рўёбга чиқарилишини, ҳуқуқни қўл­лаш амалиётини янада ривожлантиришга қаратилган процессуал механизмларни кучайтириш борасида қатор амалий ишлар қилинмоқда. Мазкур йўналишларда тавсия­лар ишлаб чиқиш мақсадида туркум халқаро ва республика илмий-амалий конференциялар ҳамда давра суҳбатлари тизимли равишда ташкил этилмоқда.

— Маърузада қабул қилинаётган қонунлар, улар­га киритилаётган ўз­гартиш ва қўшимчалар айрим ҳолатларда етарли даражада ишламаётганлиги, уларни ҳаётга татбиқ этадиган қонуности ҳужжатлари ишлаб чиқилмаётганига ҳам алоҳида эътибор қаратилган эди. Ушбу муаммоларнинг бартараф этилиши бўйича қандай ишлар қи­лин­япти?

— Биринчи навбатда, қонун ҳужжатлари қўмиталар томонидан ўз фаолиятига тааллуқлилигига қараб инвентаризациядан ўтказилди. Масалан, 2015 йилнинг биринчи ярмида қўмиталар томонидан 194 қонун инвентаризация қилинди. Улардан 114 қонун 2000 йилгача, 80 қонун 2001-2004 йиллар давомида қабул қилинган.

Шунингдек, қонунларга киритилаётган меъёрларнинг тўғридан-тўғри қўлланилиши, уларда ҳавола нормаларнинг камайтирилиши, аниқ ижро механизмлари назарда тутилишига жиддий аҳамият берилмоқда.

Мисол учун, амалдаги «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонун янги 251-модда билан тўлдирилиб, унда халқ депутатлари ви­лоят, туман ва шаҳар Кенгашлари томонидан ҳокимларнинг вилоят, туман, шаҳар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботини эшитишнинг аниқ механизмлари ўз аксини топди.

Қонунлар самарали ишлашининг яна бир муҳим омили аҳолининг улардан хабардорлигини ошириш ҳисобланади. Шу боис Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан ҳуқуқий ахборотнинг тар­қатилиши, ижрочиларга, аҳолига ўз вақтида етиб бориши масаласида хорижий мамлакатлар ва миллий тажрибани таҳлил қилиш бўйича ишчи гуруҳ тузилди. Бу борада олиб борилган таҳлиллар натижасига кўра, амалдаги қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилмоқда.

— Айтингчи, қонун ло­йиҳаларини давлат бошқаруви, фуқаролик жамияти инс­титутларининг турли бўғинларида кенг ва амалий муҳокамадан ўтказиш нима беради?

— Бу қонунларнинг ҳар томонлама сифатли тайёрланиши, пишиқ ва пухта бўлиши, жамият турли қатламларининг манфаатлари ҳисобга олиниши, кейинчалик самарали ижро этилишида муҳим аҳа­мият касб этади.

Шунинг учун бугунги кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмиталари ҳузурида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, фуқаролик жамияти институтлари, назариётчи олимлардан иборат экс­перт­лар гуруҳлари фаолият юритмоқда. Уларнинг таркибига эътибор қаратсак, тадбиркорлик субъектлари вакиллари 10 фоизни, нодавлат ва нотижорат ташкилотлари ходимлари 23 фоизни, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари вакиллари 30 фоизни, олимлар 37 фоизни ташкил этади. Яъни ҳар бир қўмита қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда унинг кенг муҳокама қилинишига алоҳида аҳамият бермоқда. Масалан, 2015 йилнинг биринчи ярмида қўмиталар ҳузуридаги ишчи гуруҳлар томонидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, фуқаролик жамия­ти институтлари вакиллари, олимлар, мутахассислар иштирокида 202 қонун ло­йиҳаси­нинг муҳокамаси ўтказилди.

Шу билан бирга, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмиталари қонунларнинг жойлардаги ижросини ўрганиш бўйича назорат-таҳлил ишларини олиб бормоқда. Уларнинг натижалари давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарлари, мутахассислар ва олимлар иштирокида умумлаштирилмоқда, таҳлил қилинмоқда. Ушбу таҳлиллар натижасида қўмитанинг тегишли қарори қабул қилиниб, му­айян қонунчиликни, ҳуқуқни қўл­лаш амалиётини янада такомиллаштириш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

Масалан, Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан «Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида»ги қонуннинг ижроси ўрганилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича «Ўзбекистон Республикаси «Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида»ги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси (янги таҳрирда) тайёрланди.

— Қонун лойиҳаларини хорижий ҳуқуқий амалиёт билан ҳар томонлама қиё­сий таҳлил этиш асосида муҳокама қилиш, бу жа­раён­ни сифат жиҳатдан янада юқори босқичга кўтариш, шунингдек, парламент назорати таъсирчанлигини оширишга қаратилган тадбирлар ҳақида ҳам тўхталсангиз.

— Аввало, бу борада амалий таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида халқаро, республика миқёсида илмий-амалий конфе­ренция­лар ва давра суҳбатлари ўтказиш бўйича махсус режа тасдиқланган. Унга кўра, 2015 йилнинг биринчи ярмида 54 давра суҳбати, 13 конференция, жумладан, 1 халқаро конференция, 39 семинар ташкил қилинди. Хусусан, «Парламент назоратини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштиришнинг долзарб масалалари: Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлар тажрибаси» мавзусидаги халқаро конференцияда Германия, Жанубий Корея, Япония, Норвегия, Эстония ва бошқа бир қатор хорижий мамлакатлардан ташриф буюрган олимлар, экспертлар билан фикр алмашилди, ушбу мамлакатларда парламент назоратини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмлари ўрганилди. Шу асосда мамлакатимизда парламент назоратини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш бўйича тегишли таклиф ва тав­сиялар ишлаб чиқилди.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Нурали ОРИПОВ

суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.