07.11.2015

Ўзбекистон – ҳамкорлик учун ишончли мамлакат

Давлатимиз раҳбари фармойишига мувофиқ 5-6 ноябрь кунлари мамлакатимизда ўтказилган Халқаро инвестициявий форумда чет эл компания ва концернлари, халқаро иқтисодий ва молиявий ташкилотларнинг раҳбар ва вакиллари, олим ва мутахассислар иштирок этди. ЎзА мухбирлари анжуман қатнашчиларининг фикрлари билан қизиқди. 

Ли Хван Соп, Корея Республикаси саноат, савдо ва табиий ресурслар вазирининг биринчи ўринбосари: 

– Ўзбекистон – Марказий Осиёдаги етакчи мамлакат. Ўзбекистон иқтисодиёти Президент Ислом Каримов раҳнамолигида изчил ва барқарор ривожланмоқда. Жаҳонда ҳануз давом этаётган иқтисодий инқирозга қарамай мамлакатингизда ялпи ички маҳсулот ўсиши сўнгги йилларда мунтазам саккиз фоиздан юқори бўлаётгани ҳам буни яққол тасдиқлайди. Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда, айниқса, савдо-иқтисодий жабҳада изчил ривожланмоқда. Ўзбекистон – Корея Республикасининг минтақадаги энг йирик савдо шеригидир. 

Жанубий кореялик кўплаб компаниялар мамлакатингизда эркин ва муваффақиятли бизнес юритмоқда, бу ерда амалга оширилаётган йирик ва истиқболли лойиҳаларда фаол қатнашмоқда. Ўзбекистонга сармоя киритиш имкониятлари жуда юқори, энг асосийси, Ўзбекистон ишончли мамлакат. Зотан, ўзаро ҳурмат ва ишонч ҳамкорликни ривожлантиришнинг муҳим асоси ҳисобланади. 

Хосе Мариа де Ориол Фабра, “Talgo” компанияси бош ижрочи директори (Испания): 

– Муҳташам Симпозиумлар саройида бўлиб ўтган Халқаро инвестициявий форумнинг очилишида Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш босқичлари, мамлакатингизда мустақиллик йилларида иқтисодиётнинг барча тармоқларини тубдан ислоҳ қилиш борасида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ва эришилган улкан ютуқлар ҳақида кўплаб қизиқарли ва муҳим маълумотларга эга бўлдик. 

Ўзбекистон билан бир неча йилдан буён самарали ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз. “Talgo” компаниясида ишлаб чиқарилган, юқори тезликда ҳаракатланувчи “Afrosiyob” электропоезди мамлакатингиз темир йўлларида ўзини тўлиқ оқлаганидан жуда мамнунмиз. Айни пайтда ўзбекистонлик шерикларимиз билан фаол ҳамкорлигимизни янада кенгайтириш мақсадида ўзаро фойдали музокаралар олиб бормоқдамиз. 

Ўзбекистонда бошқа соҳалар қатори транспорт ва транспорт коммуникациялари, жумладан, темир йўл тармоғи жадал ривожланмоқда. Бу омил аҳоли фаровонлигини янада оширишда муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистондагидек ишончли шериклар билан ҳамкорлик қилиш бизга мамнуният бағишлайди. Келгусида биргаликда қатор истиқболли лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириш ниятидамиз. 

Чоудхуари Сингх, «Kay Pee Exports» компанияси бошқарувчи директори (Ҳиндистон): 

– Ўзбекистон иқтисодиётида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар халқингиз фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилаётир. Мамлакатингизда иқтисодиётнинг барча тармоқлари хусусий тадбиркорликни, хусусан, тўқимачилик, кўнчилик каби соҳаларни ривожлантириш, бу борада тадбиркорларга кўплаб имтиёзлар яратишга катта эътибор қаратилаётир. Шу боис Ўзбекистон билан кўнчилик соҳасида ҳамкорлик қилмоқчимиз. Мамлакатингизда тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона очиш ниятидамиз. 

Ўзбекистонда кимё саноати ҳам жадал ривожланаётганини алоҳида таъкидлашни истардим. Мамлакатингиз корхоналарида ишлаб чиқарилаётган турли минерал ўғитлар, ноорганик моддалар, кимёвий реагентлар, қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш воситалари, дефолиантлар каби маҳсулотлар юқори сифати билан ажралиб туради. Ўзбекистондан Ҳиндистонга минерал ўғитлар эскпорт қилишни ҳам режалаштиряпмиз. Халқаро форум бизга Ўзбекистоннинг турли соҳалардаги тараққиёти, ишлаб чиқариш саноати билан яқиндан танишиш имконини берганидан хурсандмиз. 

Мартин Вожур, «Alstom» компанияси бош директори (Франция): 

– Ўзбекистон иқтисодиётининг жадал ва барқарор ривожи мамлакат танлаган тараққиёт моделининг ҳаётий ва самарали эканлигини исботлади. Бу натижалар иқтисодий ўсиш суръати, макроиқтисодий барқарорлик, иқтисодиётни таркибий янгилаш ва диверсификация қилиш, изчил жалб қилинаётган хорижий сармоя миқдорида ҳам яққол намоён бўлмоқда. 

Дунёда ҳамон давом этаётган глобал молиявий-иқтисодий инқироз шароитида Ўзбекистонда юксак иқтисодий кўрсаткичлар барқарор сақлаб қолингани ва ялпи ички маҳсулот ўсиши сўнгги йилларда 8 фоиздан ошаётгани эътиборга моликдир. Бундай иқтисодий барқарорликка ва юксалишга эришиш катта меҳнат ва ўта масъулиятли ёндашувни талаб этади. 

Ўзбекистон Президенти раҳнамолигида кучли ижтимоий сиёсат юритиш, иқтисодиётнинг барча соҳалари, жумладан, транспорт ва транспорт коммуникациялари тизимини такомиллаштириш, хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда ва улар юксак самаралар бермоқда. Мамлакатингизда хорижлик ишбилармонлар учун яратилган кенг шароит ва имтиёзлар ғоят аҳамиятлидир. Биз ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан темир йўл машинасозлиги соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олдик. “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти билан ўзаро англашув меморандумини имзоладик. Унга кўра, мамлакатингизда ҳамкорликда электр двигателлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона очиш ниятидамиз. 

Мартин Спатх, «ECN» компанияси бош маслаҳатчиси (Нидерландия): 

– Ўзбекистонда хорижий сармоядорларнинг фаол ва эркин иш юритиши учун жуда кенг қулайликлар яратилган. Турли имтиёз ва имкониятлар ҳамда қонун билан кафолатланган преференциялар нидерландиялик бизнесменларнинг ҳам ҳамкорликка қизиқишини кучайтирмоқда. 

Компаниямиз энергетика соҳасида тадқиқотлар олиб боришга ихтисослашган. Ўзбекистон муқобил энергетика соҳасида улкан салоҳиятга эга эканини алоҳида таъкидлашни истардим. Мамлакатингиз иқлими қуёш энергиясидан фойдаланишда жуда қўл келади. Ўзбекистонда қуёшли кунлар бир йилда ўртача 320 кун бўлиши қуёш энергиясидан фойдаланишда улкан имкониятдир. 

Ўзбекистонда муқобил энергетика соҳасида фаолият юритаётган институтларда олиб борилаётган тадқиқотлар ва илмий-техник ютуқлар билан танишдик. Тошкентдаги Халқаро қуёш энергияси институтида бўлдик. Илғор технологиялар билан жиҳозланган институтда ўтказилаётган илмий тадқиқотлар самаралари Ўзбекистон иқтисодиётининг кўплаб тармоқ ва соҳаларида кенг жорий этилаётгани диққатга сазовор. Ўзбекистонлик мутахассислар билан қуёш энергиясидан самарали фойдаланиш бўйича фаол ҳамкорлик қилишга келишдик. 

Марек Клочко, Польша савдо палатаси вице-президенти, бош директори: 

– Ўзбекистон – Польшанинг Марказий Осиёдаги муҳим ҳамкорларидан. Икки томонлама ҳамкорлик алоқаларимиз кўплаб соҳаларда, жумладан, савдо-иқтисодий ва сармоявий йўналишларда ҳам изчил ривожланиб бормоқда. Мамлакатингиз билан бошқа кўплаб йўналишлар қатори қишлоқ хўжалиги, энергетика, фармацевтика соҳаларидаги ҳамкорликнинг истиқболи порлоқ эканини алоҳида таъкидлаш лозим. Польша компаниялари Ўзбекистонда йирик сармоявий ва хусусийлаштиришга оид лойиҳаларни амалга оширишга катта қизиқиш билдирмоқда. 

Бугунги кунда хусусий тадбиркорлик аҳоли бандлигини таъминловчи муҳим соҳага айланди. Айни пайтда у иқтисодиётни изчил ривожлантирувчи, жамият ижтимоий-сиёсий барқарорлигини кафолатловчи омиллардан бири сифатида намоён бўлмоқда. Ўзбекистонда тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш, соҳа вакиллари манфаатларини, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилаётир. Бу омилларнинг барчаси Ўзбекистонда хусусий секторни юксак суръатларда ривожлантиришга хизмат қилмоқда. 

Муҳаммад Ал-Мандил, “ManCapita” компанияси раҳбари (Баҳрайн): 

– Ўзбекистонда мулкни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш, соҳага давлат аралашувини камайтириш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш ва диверсификациялаш каби ислоҳотларнинг амалга оширилиши натижасида иқтисодиёт жадал тараққий этмоқда, мамлакатингизнинг халқаро нуфузи юксалмоқда. Ўзбекистон банк тизимининг барқарор ва мустаҳкам экани муваффақиятлар омили бўлиб хизмат қилаётир. 

Компаниямиз инвестиция соҳасида иш юритади. Қатор мамлакатларда, жумладан, Тошкентда ҳам ўз ваколатхонамизга эгамиз. Ўзбекистон билан муқобил энергетика, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш ҳамда саноат соҳасида яқин ҳамкорлик қилмоқдамиз. Форум доирасида мамлакатингизнинг сармоявий салоҳияти ҳақида янада кенг маълумотга эга бўлганимиздан мамнунмиз. Биз Ўзбекистонда истиқболли соҳаларга сармоя киритишни мақсад қилганмиз. Улкан иқтисодий имкониятлар юрти бўлган Ўзбекистонда ўз бизнесимизни янада кенгайтиришдан манфаатдормиз. 

Нодира Манзурова, Ирода Умарова, ЎзА


DB query error.
Please try later.