05.11.2015

ЯККАБОҒ ДАЛАЛАРИ БАРАКАСИ

— Президентимизнинг Ўзбекистон деҳқонлари ва фермерлари, барча меҳнаткашларига йўллаган табрикномаси қалбимизда чексиз ифтихор уйғотди, — дейди ЎзХДП Яккабоғ туман кенгаши раиси Неъмат Жумаев. — Мен ҳам узоқ йиллар қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаганман. Туманимиз деҳқонлари эришаётган ютуқлардан доим хабардорман.

Табрикномада Яккабоғ туманидаги «Улаш ҳожи Жалил ўғли» фермер хўжалигининг ил­ғорлар қаторида саналгани мени тўлқинлантириб юборди. Унинг тажрибасини ўрганиш керак, деб ўйлайман.

Мана, ўша деҳқоннинг даласи. Барча режалар уддаланган. Ғўза қатор ораларига экилган буғдой аллақачон кўзга ташланиб қолган. «Улаш ҳожи Жалил ўғли» фермер хўжалиги раиси Тўлқин Нормуродов кўркам, хушқад, чайир, кўзингизга тик боқадиган одам.

— Бу далаларда меҳнат қилиш хаёлимга ҳам келмаган, — дейди у бир текис униб чиққан ғалла майсаларига меҳр билан боқар экан. — Отам анча йил хўжалик раиси бўлган. Мен савдо соҳасини эгалладим. Аммо акамнинг ерга меҳри чексиз эди. Тўқсон тўртинчи йили хўжаликдан 40 гектар ерни ижарага олиб, отамизнинг орзуларини рўёбга чиқара бошлади. Аммо барча ишларни йўлга қўйганида оламдан ўтди. Шунда акам бошлаган ишларни давом эттиришга қарор қилдим. 2005 йилда фермер хўжалиги тузиб, акамнинг номини қўйдик.

— Фермер хўжалигининг ютуқлари нимада?

— Қани энди, бир сўз билан буни айта олсам, — дейди у. — Деҳқон ҳеч қачон дам олмаслигини, фикри-хаёли даласида бўлишини биласизми? Илгари савдода ишлаганимда, ҳаммаси осон эди. Далада-чи? Очиғини айтаман, деҳқончиликнинг нонини эплаганлар ейди. Тинмадик, ишимиз олға силжиди. Хуллас, анча машаққатдан кейин оёққа туриб олдик. Аввало, техникани бутладик. Ҳозирда 6  тракторимиз, 60 бош қорамолимиз, 20 уя асал­аримиз, яна 40 сотих ерда иссиқхонамиз бор. Лимон кўчатлари орасида бу йил 12 тонна помидор ва бодринг етиштирдик, шунинг ўзи 50 миллион сўм фойда келтирди. Ҳисоб-китобимизга кўра, 2015 йил 200 миллион сўмдан зиёд соф фойда оламиз, деб турибмиз.

— Бунча фойда олиш осон эмас, — дейман ишонмасдан. — Очиғи, мен кўплаб фермерларни биламан, даромади бунчалик эмас-ку?

— Ана, ишимизга қизиқа бошладингиз, — дея Тўлқин Нормуродов тушунтира бошлайди. — Бизда уруғчилик яхши йўлга қўйилган. Юртбошимиз ҳамиша деҳ­қончиликда уруғчилик — мўл ҳосилнинг асоси, дейди. Шу йил вилоятимизга келиб, Косон ва Касби туманида деҳ­қонлар билан учрашганида ҳам шароитга мос ғалла ва пахта навларини яратиш, экиш, синаб кўриш юзасидан маслаҳат берди. Мен Андижондаги илмий-тадқиқот инс­титутидан буғдойнинг «Дурдона» навини олиб келиб, 60 гектар ерга экдим. Еримиз бизни сийлади, 80 центнердан ҳосил кўтардик. Жами 275 тонна дон олдик. Бу нав вилоятда биринчи бор экилаяпти. Синадик, ўргандик. Бу йил 40 гектар майдонда пахтанинг «Наманган-77» навини ўстирдик. Режадаги 143 тонна ўрнига 170 тонна пахта етказиб бердик. Энди насиб бўлса, сутни қайта ишлайдиган кичик корхона қуриш ниятидамиз...

Гапнинг сираси, бир кишининг шунча ишга улгургани, яна қанчадан-қанча янги режа тузаётганига ҳавасим келди. Бир зум тумандаги бунёдкорлик муҳити хаёлимни эгаллаб олди. Яккабоғ тумани ке­йинги олти-етти йилда пахта режасини биринчилардан уддаламоқда. 8,2 минг гектар ерда деҳ­қончилик қилиб, 26 минг тонна ўрнига 29 минг тоннадан зиёд дон етиштирилди. Ана шу доннинг 3 минг 93 тоннаси уруғлик.

— Бу йил кузда ғўза қатор ораларига ўзимиз етиштирган буғдойнинг «Дурдона» навини экиб, аллақачон ниҳолларини ундириб олдик. Яна 20 гектар майдонга илк бор уруғлик учун буғдойнинг «Бобир» навини экдик, синаш учун. Уруғини ўзим Андижондан олиб келдим. Энди дилимдаги битта гапни айтай. Муҳтарам Юртбошимиз ҳамиша шогирдлар тарбиялаш ҳақида гапириб келаяпти. Катта ўғлим Аҳрор Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтини битириб, ёнимга кирди, ундан умидим катта. Мен ерга меҳр қўйган яхши мутахассисни албатта ишга оламан. Нима демоқчи эканлигимни тушундингизми?

Ҳа, Тўлқинжонни англаган эдим. У қўл учида ишлайдиганлар билан келиша олмайди. Ўзини ерга, меҳнатга фидо қилганларни қадрлайди. Хўжаликдаги барча меҳнаткашлар ундан рози. Маош, дон олишаяпти. Бундан ташқари, 8 қишлоқдаги 32 оиланинг ҳолидан хабар олиш, уларга ёрдам беришни ҳам зиммасига олган.

— Тўлқин Нормуродов, унга ўхшаган деҳқонлар — фахримиз, — дейди ЎзХДП Яккабоғ туман кенгаши раиси Неъмат Жумаев. — Яна шуни алоҳида таъкидламоқчиман: омаднинг ўзи келмайди. Меҳнат, матонат, тажриба зарур. Кўпчиликнинг нон-насибаси ана шундай фидойи инсонларга боғлиқ.

 

Юнус УЗОҚОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.



DB query error.
Please try later.