05.11.2015

САМАРҚАНД ВИЛОЯТИ: УЛУҒВОР МАҚСАДЛАР ЙЎЛИДА

Президент Ислом Каримовнинг шу йил Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида таъкидланганидек, инсон манфаатларига хизмат қиладиган, чуқур ҳаётий асосга эга бўлган вазифаларни бажаришимиз, энг аввало, ҳар биримиз ўз ўрнимизда, бизга топширилган ишларни масъулият билан адо этишимизга боғлиқ.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ислоҳотлар халқимизни фаровон яшашига қаратилгани билан қадр­лидир. Бу ҳақиқатни юрак-юрагидан ҳис этаётган юртдошларимиз эса тобора юксак марраларни забт этишга интилмоқда. Буюк бун­ёд­корлик ишларига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшмоқда. Бир сўз билан айтганда, улар қалбида туғилган ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси тобора мустаҳкамланмоқда.

— Мен яқинда Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга бағишланган фаоллар йиғилиши ҳақида газетадан ўқидим, — дейди Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университети профессори, таниқли навоийшунос олим Муслиҳиддин Муҳиддинов. — Унда вилоятимиз ҳокими ­Зойир Мирзаев томонидан келтирилган рақамлар эътиборимни тортди. Ўтган давр­да вилоят ялпи ҳудудий маҳсулоти 8 триллион 197 миллиард сўм ёки ўсиш даражаси 110,4 фоизни ташкил этиб, белгиланган прог­ноз ортиғи билан бажарилибди. Ушбу ютуқлардан кўнглим тўлди. Бу юксак натижалар ортида юртдошларимизнинг машаққатли меҳнати, фидокорона хизмати ётганлигини чин дилимдан ҳис қилдим.

Тўғрисини айтсам, бир фуқаро сифатида мамлакатимизда, вилоятимизда юз бераётган ўзгаришлар, қили­наёт­ган ишларга бефарқ эмасман. Ҳар бир ютуқдан қувонаман, давраларда, йиғинларда ислоҳотлар, хайрли ишлар ҳақида тўлиб-тошиб гапиргим келади. Бугунги кунимиз кечагидан, эртамиз бугунгидан яхши бўлишини, айниқса, ёшларимизга англатишга интиламан. Аслида одамларда келажакка бўлган ишонч тобора мус­таҳкамланиб бораётганини ҳар биримиз ўз кўзимиз билан кўриб, билиб турибмиз.

Яқинда Ургутда кўпни кўрган ёши улуғлар суҳбатидан баҳраманд бўл­дим. Улар бундай замон ҳеч қачон бўл­ма­ганини, фарзандлари, набиралари бой-бадавлат эканлигини, бахтли яшаётганини, қишлоқларида янги йўллар, уйлар, мактаб-коллежлар, врачлик пунктлари, қўшма корхоналар қурилганлигини гапиришди. Уларнинг тилида шукроналик, дилида шукроналик.

— Бир пайтлар, мустабид тузум даврида, тадбиркорликка қарши кураш олиб бориларди. Истиқлол туфайли ­халқимиз энг, аввало, ўз эркини, ҳақ-ҳуқуқини таниди. Одамларимиз мулкдор бўл­ди. Хусусий тадбиркорлик ривожи давлат сиёсати даражасига кўтарилди, — дейди халқ депутатлари Самар­қанд вилоят Кенгашининг Саноат, транспорт, қурилиш, ало­қа, коммунал хўжалик ҳамда аҳолига хизмат кўрсатиш масалалари доимий комиссияси раиси, «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби, ЎзХДП аъзоси Ўктам Саидмуродов. — ­Фаоллар йиғилишида билдирилган фикр-мулоҳазаларни диққат билан тингладим. Айниқса, мана бу маълумотлар эътиборимни ўзига тортди. Бугунги кунда вилоятда банд аҳолининг 83 фоизи кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида меҳнат қилмоқда. Мазкур тармоқни қўллаб-қувватлаш мақсадида 766 миллиард сўм кредитлар ажратилган. Ялпи ҳудудий маҳсулот таркибида ушбу соҳанинг улуши 83,7 фоизни ташкил қилмоқда. Шу ўринда яна бир гап, агар тадбиркорни давлат қўллаб-қувватламаса, ҳимоя қилмаса, барча шарт-шароитларни яратиб бермаса, бундай натижаларга эришиб бўлмаслигини кўпчилик яхши тушуниб турибди. Шу боис ҳам мустақиллик йилларида одамларнинг меҳнатга бўлган муносабати бутунлай ўзгарди. Улар ҳалол ишлаш фаровон яшашнинг бош омили эканини англаб етди.

— Кўча-кўйда ёки бирор тадбирда учрашиб қолган одамлар бир-биридан ҳол-аҳвол сўрашиб, албатта, қаерда ишлаётгани билан ҳам қизиқади. Шу боис халқимизда иш, ишхона тушунчалари муқаддас ҳисобланади. Иш билан банд одам энг, аввало, кўпчиликка аралашади, оиласини боқади, жамиятда ўз ўрнига эга бўлади, — ­дейди халқ депутатлари Самар­қанд вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси, ­«Пастдарғом ҳақиқати» ­газетаси Бош муҳаррири Бах­тиёр Шукуров. — 2015 йилнинг ўтган даврида вилоятимизда иқтисодиётга жалб қилинган инвестициялар ҳажми 2 триллион 52 миллиард сўмни ташкил қилди. Шунингдек, вилоятнинг саноат салоҳиятини ривожлантириш дастури негизида 297 лойиҳа амалга оширилди. Бунинг натижасида 6108 иш ўрни яратилган. Умуман, шу даврда бандлик дастурини ҳаётга татбиқ этиш натижасида 72 минг 650 янги иш ўрни барпо этилиб, бу борада белгиланган режа 101,4 фоизга ­удда­лан­ган. Янги иш ўринларининг 59 мингтаси айнан қишлоқ жойларида ташкил этилган.

Депутат сифатида мен бандлик масаласи қанчалик муҳимлигини, одамларни иш билан таъминлаш масъу­лиятини чуқур англайман. Вилоя­тимизда очилган йирик ­саноат корхоналари, хусусий секторнинг ривожланиши, янги иш ўринлари яратаётганларни рағбатлантириш натижасида мана шундай юқори кўрсатгичларга эришилди.

— Самарқанд вилоятида юз бераётган ижобий ўзгаришлар юртимизда ҳукм сураётган тинчлик туфайлидир. Тинчлик бўлса, тараққиёт бўлади, одамлар хотиржам яшайди, меҳнат қилади, юрт ободлиги йўлида ҳамжиҳатликда ҳаракат қилади, — ­дейди халқ депутатлари Самар­қанд вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси, Каттақўрғон туманидаги ­«Кумуш тола» хусусий ­корхонаси раҳбари, «Шуҳрат» медали соҳиби Марям ­Ниёзова. — Президентимиз ҳар бир чиқишида тинчлик масаласига алоҳида эътибор қаратади. Қўлга киритаётган ютуқларимиз замирида ҳам, энг, аввало, тинчлик мужассамлигини, айниқса, ёшларимиз англаб етишини, тинчлик йўлида курашиш кераклигини уқтиради. Французларда шундай бир гап бор: агар одамлар қурилиш қилаётган экан, демак, ҳаммаси жойида...

Президентимиз айтганидек, эл-юрт ишончига муносиб бўлиб, олдимизда турган буюк мақсадлар учун, Ўзбекистонимизнинг дунёдаги ривожланган демократик давлатлар қаторига кириши, халқимиз фаровонлигини янада ошириш, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги обрўси ва нуфузини юксалтириш йўлида ўзини бахшида қилиш, вақти келганда, Ватанимизни янада равнақ топтиришда менинг ҳам қўшган ҳиссам бор, деб мамнун бўлиб, рози бўлиб яшаш — бу чинакам бахтдир.

 

Фаррух ҲАМРОЕВ



DB query error.
Please try later.