05.11.2015

2016 ЙИЛ УЧУН ДАВЛАТ БЮДЖЕТИ

лойиҳаси кўриб чиқилди

Ҳукумат томонидан парламентга тақдим этилган келгуси йилга мўлжалланган Давлат бюджети лойиҳасига кўра, бюджет даромадлари 40,5 триллион сўмни, харажатлари эса 42,7 триллион сўмни ташкил этиши кўзда тутилмоқда.

Айтиш керакки, аввалги йиллардаги каби бу йил ҳам давлат бюджети лойиҳасида ижтимоий соҳани молиялаштириш ҳамда ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, 2016 йилда таълим, соғлиқни сақлаш, аҳолини мақсадли ижтимоий қўллаб-қувватлаш, бюджетдан маблағ олувчиларнинг иш ҳақи, пенсия, стипендиялар ва нафақалар ҳамда бошқа биринчи даражали тўловларни тўлиқ молиялаштириш режалаштирилган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси келгуси йил учун мўлжалланган солиқ ва бюджет сиё­сатининг асосий йўналишлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг лойиҳасини кўриб чиқаётганда бу масалага алоҳида урғу берилди.

Молия вазири ўринбосари Мубин Мирзаев 2016 йил учун мўлжалланаётган бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари ҳамда бюджет лойиҳаси ҳақида атрофлича маълумот берди. Хусусан, келгуси йилда ялпи ички маҳсулотнинг 7,8, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 8,2, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 6,1, капитал қўйилмалар ҳажми эса 9,6 фоизга ўсиши кўзда тутилаётгани айтиб ўтилди.

Шунингдек, 2016 йилда аҳоли, хўжалик юритувчи субъектларга қатор солиқ имтиёзлари ва енгилликлари берилиши назарда тутилмоқда. Жумладан, жисмоний шахс­лардан олинадиган даромад солиғининг иккинчи поғонаси бўйича солиқ ставкасини 8,5 фоиздан 7,5 фоизгача пасайтириш, ўрта даражадаги даромадга эга бўлган солиқ тўловчилар учун солиқ юкини 6,2 фоиздан 5,5 фоизгача камайтириш таклиф қилинмоқда.

Қаҳрамон Мирзаев, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— 2016 йилги солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади ҳамда мамлакатимизда амалга ошириб келинаётган ижтимоий-иқтисодий сиёсатга мувофиқдир. Масалан, прогноз йилида бюджетнинг ижтимоий соҳа учун харажатлари 59,2 фоизни ташкил этиши кутилаётганини кўриш мумкин. Мазкур ҳолат мамлакатимиз иқтисодиёти барқарор ривожланаётганидан далолат беради. Шунинг учун Давлат бюджетида йилдан-йилга ижтимоий соҳага ажратилаётган маблағларнинг улуши ошиб бормоқда.

Айтиш керакки, келгуси йилги солиқ ва бюджет сиё­сати лойиҳасида аҳоли фаровонлигини ошириш ҳамда кам таъминланган оилаларга ижтимоий ёр­дамнинг манзиллилигини кучайтириш бўйича сўнгги йилларда амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг давомийлиги сақлаб қолинган. Бу партиямизнинг дастури ва мақсадларига мос келмоқда.

Фарҳод Умаров, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Ўтган йиллардаги каби хўжалик юритувчи субъектлар ва аҳоли учун солиқ юкини янада пасайтиришга, солиқ солиш тизимини соддалаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, хизмат кўрсатиш соҳасидаги микрофирма ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкасини 6 фоиздан 5 фоизгача пасайтириш таклиф қилиняпти. Бундай енгилликлар эса аҳолининг ижтимоий ҳимояси кучайиши, турмуш фаровонлиги ошиши, тадбиркорлик имкониятлари янада кенгайишида муҳим аҳамиятга эга бўлади...

Кун тартибидаги масала атрофлича муҳокама этилгандан сўнг Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари Давлат бюджети лойиҳаси юзасидан муносабат ва таклифларини билдиришди. Фракциямиз аъзоларининг фикрича, келгуси йил учун мўлжалланган Давлат бюджетининг самарали ижро этилишида мутасадди вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар масъулиятини янада ошириш лозим.

Шунингдек, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашда фуқаролар, барча хўжалик юритувчи субъектлар томонидан солиқ қонунчилигига қатъий риоя қилинишини таъминлаш, бу борада зарур чораларни кўриш кераклиги таъкидланди.

Атрофлича фикр-мулоҳазалардан сўнг Ўзбек­и­с­тон ХДП фракцияси аъзолари 2016 йилги солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг лойиҳасини қўл­лаб-қувватлашини билдиришди.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.