02.11.2015

ШВЕЙЦАРИЯ: ПАРЛАМЕНТ САЙЛОВИДА

Халқ партияси энг кўп овоз олиб, ғолиб чиқди.

Социал-демократлар иккинчи, либераллар учинчи бўлди.

Жорий йил 18 октябрь куни швейцарияликлар мамлакат парламентига янги аъзоларни сайлади. Сиё­сатшунос ва сайловчиларнинг фикрича, мазкур сайлов натижалари мамлакатда ўзига хос ўзгаришлар, бурилишлар ясаши кутилмоқда. Бугунги кунда Швейцария Европанинг демократик жиҳатдан энг ривожланган давлатларидан бири ҳисобланади. Епропанинг марказида жойлашган ушбу мамлакат дунё иқтисодиёти ва банк тизимида муҳим ўрин тутади.

Бу галги сайлов замонавий Швейцария тарихидаги 50-парламент сайлови бўлди. Мамлакатда даст­лабки парламент сайлови 1848 йилда ўтказилган.

Швейцария парламентининг юқори палатаси — Миллий кенгаш 200 депутатлик ўрнидан иборат. Ўнга яқин ­сиёсий партия юқори палатадан кўпроқ ўрин олиш учун курашади.

Мамлакатдаги сайлов тизими ўзига хос. Мисол учун, Миллий кенгашга сайлов 1919 йилдан бошлаб пропорционал тизимда ўтказилади. Лекин қуйи палата — Катонлар кенгашида эса мажоритар сайлов тизими амал қилади.

Сайлов бир вақтнинг ўзида бутун мамлакат бўйлаб ташкил қилинган сайлов участ­каларида ўтказилади.

Бевосита ўтган ҳафтадаги сайловолди жараёнларига тўхталадиган бўлсак, сайловдан олдин ўтказилган сўровномаларда Швейцария Халқ партиясининг ғолиб бўлиши тахмин қилинганди.

Сайловларни онлайн тартибида ёритувчи «Tribune de Genev» газетасининг прог­нозларига кўра, партия пар­ламент­дан 2011 йилдагига нисбатан 10 ўрин кўпроқ олиши кутилганди.

Шундоқ ҳам парламентда 54 депутатлик ўрни билан етакчилик қилиб келаётган Халқ партияси Аргау, Санкт-Галлен ва Фрибур катонларида, яъни, минтақавий кенгашларда қўшимча ўринларни ютиб олиши кундай равшан бўлиб турганди.

Айтиш керакки, сайловдан олдин қилинган барча тах­минлар ўзини тўлиқ оқлади. Швейцария Халқ партияси юқори палатада 65 депутатлик ўрнини эгаллади. Бу ўтган сайловга қараганда 11 ўринга кўпроқдир. Ушбу сиёсий куч жами сайловчиларнинг 29,4 фоиз овозини қўлга киритди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, 1919 йилдан буён Швейцария тарихида бирор-бир сиёсий партия сайловчиларнинг 30 фоиз овозини қўлга кирита олмаган. Халқ партиясининг натижаси бунга анча яқин келди.

Иккинчи ўринни Социал-демократик партия эгаллади. Мазкур сиёсий партия Миллий кенгашда 43 депутатдан иборат фракциясини шакллантириш имконига эга бўлди. Социал-демократлар сайловчиларнинг 18,9 фоиз овозини қўлга киритди.

Учинчи натижани либераллар қайд этди. Улар сайловчиларнинг 16,4 фоиз овозини олиб, юқори палатада 33 депутатлик мандатига эга бўлди. Сўл марказчилар ҳисобланган Христиан-демократик халқ партияси Миллий кенгашдаги битта ўрнини йўқотиб, 28 депутатлик ўрни билан кифояланди. Сайловчиларнинг 12,1 ­фоизи айнан ушбу партия учун овоз берди.

Сайловда катта йўқотишга учраган сиёсий куч — бу «Яшиллар» партияси ҳисобланади. Сайлов натижасига кўра, мазкур партия Миллий кенгашдаги 5 ўрнидан маҳрум бўлди. Сайловчиларнинг 6,9 фоизи овоз бергани сабабли юқори палатада 10 ўринни эгаллади.

Шунингдек, Швейцариядаги кичик партиялар ҳам парламентдан ўрин олди. Хусусан, Бюгер-демократик пар­тия­си 8 депутат билан фракция тузса, «Яшил либераллар» партияси атиги 7 депутатлик мандатига эга бўлди. Ваҳоланки, мазкур сиё­сий партия 2011 йилдаги сайловда яхши натижага эришиб, юқори палатада 12 ўринга эга бўлганди.

Умуман олганда, мазкур мамлакатда сиёсий партиялар ўртасида кураш жуда кескин кечади. Ҳаттоки, сайловларда ҳар учинчи сайловчи овоз бермаган партия ҳам ғолиб бўлиши мумкин. Бундай ўзига хос жиҳат бошқа мамлакатларда учрамайди.

Швейцария ахборот агент­лиги — SDAнинг маълумот беришича, парламент аъзоларининг ўртача ёши 50,3 ёшни ташкил қилади. Шунингдек, ушбу мамлакат парламентида хотин-қиз депутатлар сони ҳам кўпайган. Янги шаклланган парламент аъзоларининг 64 нафари аёллардир. Бу умумий депутатларнинг 32 фоизини ташкил қилади. Депутатликка энг кўп хотин-қиз Социал-демократик партиядан сайланган — 25 нафар.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Швейцарияда 1971 йилдан бошлаб хотин-қизларга парламент сайловида иштирок этиш, сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи берилган. Жорий парламент сайловидаги кўрсаткич энг юқориси ҳисобланади.

Сиёсатшунослар сайловларда Швейцария Халқ партия­си ғалабасининг бош омили сифатида Европадаги миграцион инқирозни кўрсатмоқда. Яъни мазкур сиёсий партия эмиграция жараёнини чеклаш ғоясини илгари сурди.

Хулоса сифатида шуни айтиш лозимки, бугун дунёда, хусусан, Европа Иттифоқида кечаётган ижтимоий-сиёсий жараёнлар бевосита Швейцариядаги сиёсий партиялар сайловолди дастурларида ўз аксини топмоқда.

Демак, ҳар қандай мамлакатдаги мураккаб ижтимоий-иқтисодий, сиёсий чигаллик ва муаммоларни ҳал этишда, ҳам ички, ҳам ташқи сиёсатда энг тўғри йўлни танлашда, фуқароларнинг хоҳиш-иродасини рўёбга чиқаришда сиёсий партиялар ҳал қилувчи ўрин тутиши лозим.

 

Нурали ОРИПОВ



DB query error.
Please try later.