02.11.2015

БАНДЛИК ДАСТУРИ ИЖРОСИ —

ижтимоий-иқтисодий барқарорлик ва фаровонликнинг муҳим кафолати

Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози оқибатида кўплаб мамлакатларда ҳамон ишсизлик даражасининг кескин ошиб бораётгани, ижтимоий-иқтисодий муаммолар жиддий тус олаётгани кузатилмоқда. Айрим давлатларда бандлик масаласи сиёсий беқарорликка ҳам сабаб бўлмоқда. Мамлакатимизда эса қатор йиллар давомида иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури парламент даражасида қабул қилиниб, муваффақият билан ижро этиб келиняпти.

Биргина мисол. Ушбу Дас­турнинг амалга оширилиши натижасида шу йилнинг 9 ойи давомида 748 минг нафар кишининг банд­лиги таъминланди. Шундан саноатда 60 минг, хизмат кўрсатиш ва сервисда 52 минг, қишлоқ хўжалигида 35 минг иш ўрни очилди. Бу кўрсаткич ва рақамлар ортида қанчадан-қанча оилалар фаровонлиги, ёшлар бандлиги, минг-минг­лаб юртдошларимизнинг ҳаётга, келажакка ишончи тургани ҳақида ўйласак, масаланинг нақадар долзарб экани аён бўлади.

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ташкил этган матбуот анжуманида иш ўринлари яратиш ва банд­ликни таъминлаш борасида жорий йил 9 ойда олиб борилган кенг кўламли ишлар ҳақида батафсил ахборот берилди. Аҳоли бандлигини таъминлашнинг устувор йўналишлари таҳлил этилиб, Дастурда белгиланган чора-тадбирлар ижроси ҳақида фикр юритилди.

Вазирликнинг бандликни таҳлил қилиш ва меҳнат бозорини тартибга солиш бош­қар­маси бошлиғи Эркин Авезов узоқни кўзлаб амалга оширилаётган ­ислоҳотлар, инқирозга қарши кўрилган чора-тадбирлар натижасида юртимизда иқтисодиётнинг юқори ўсиш суръатлари таъминлаб келинаётганини қайд этди. Инвестиция, Маҳаллийлаштириш ва бош­қа қатор мақсадли дастурларнинг амалга оширилиши иш ўринлари кўпайишига ҳамда ёшларимиз бандлиги таъминланишига мустаҳкам замин яратмоқда. Ҳисобот даврида кичик корхона ва микрофирмалар, якка тадбиркорлик, уй меҳнати, деҳқон ва фермер хўжаликларида 585 мингдан ортиқ кишининг бандлиги таъминланди. Бу яратилган иш ўринларининг 78 фоизига тенг­дир.

Шунингдек, Дастур доирасида меҳнат бозорида банд бўлмаган аҳолига бўш иш ўринлари ярмаркалари ўтказиш орқали хизматлар кўрсатилгани алоҳида қайд этилди. Йилнинг ўтган даврида 900 дан ортиқ шундай  ярмарка ўтказилди. Уларда 44 минг корхона ва ташкилот иштирок этди ва 50 минг нафар кишига ишга жойлашиш учун тўғридан-тўғри йўлланма берилди.

Бозор иқтисодиёти жараёнида аҳолини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш долзарб вазифа ҳисобланади. Бу вазифани ҳал этишда иш ўринлари ташкил этиш, аҳолига барқарор даромад манбаини яратиш муҳим аҳамиятга эга. Вазирликнинг аҳо­лини ижтимоий муҳофаза қилиш чора-тадбирлари мониторинги ва таҳлили бош­қармаси бошлиғи Баҳодир Шарапов шу масалага алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, ёлғиз кекса, пенсионер ва жисмоний имконияти чекланган кишиларни қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган ишларга тўхталиб ўтди. Таъкидландики, уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида 9 ойда 9800 нафардан зиёд кекса санаторийларда соғ­ломлаштирилди. Ўзини ўзи ­бошқариш идоралари томонидан 613 минг оилага ижтимоий нафақалар тайинланди.

Сўзга чиққанлар, шунингдек, иш ўринлари ташкил этиш масаласи Инвестиция дастури, ҳудудлар ва тармоқларни ривожлантириш, корхоналарни модернизациялаш, технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш, ижтимоий инфратузилма ва бош­қа йўналишдаги дастурлар билан чамбарчас боғлиқ эканини таъкидлаб ўтишди. Шунинг учун ушбу Дастур фуқаролар банд­лигини ошириш билан бир қаторда ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти ва соҳалар ривожига янада кенг йўл очиши қайд этилди.

Бундан ташқари, матбуот анжуманида меҳнат билан вақтинча банд бўлмаган аҳоли, хусусан, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ўз мутахассислигига кўра ишга жойлаштириш бўйича олиб борилаётган тизимли чо­ра-тадбирлар хусусида ҳам батафсил сўз юритилди.

Журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.