02.11.2015

ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ МАҲАЛЛИЙ КЕНГАШЛАРИДА

партия гуруҳлари янада ташаббускор бўлиши лозим

Сайловчилар хоҳиш-иродасини ифода этиш ва улар манфаатини ҳимоя қилиш депутат зиммасидаги энг асосий вазифа ҳисобланади. Амалда бунга эришиш учун аҳолини ўйлантираётган муҳим масалаларни чуқур ўрганиб бориш, таҳлил этиш, аниқ таклифлар ишлаб чиқиш керак бўлади.

Партиямиздан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатларнинг бугунги фаолияти ҳақида нима дейиш мумкин? Улар депутатлик ваколатидан қай даражада фойдаланяпти?

Аввало, шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Халқ демократик пар­тия­си Марказий Кенгаши томонидан ҳудудлардаги партия гуруҳларимиз фаолиятини янада кучайтириш ва уларнинг масъулиятини ошириш мақсадида қатор услубий тавсиялар, қўлланмалар ишлаб чиқилган. Кўплаб депутатлар форумлари ва ўқув-семинарлар ташкил этилди. Партиямизнинг 2015-2019 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастурида электорат манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган долзарб масалалар белгилаб берилди.

Натижада маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимизнинг ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий соҳалар ривожини таҳлил қилиб, ечимини кутаётган масалаларни ҳал этиш борасидаги ташаббуслари кўпайиб бормоқда. Масалан, бугунга қадар партия гуруҳларимиз томонидан 170 га яқин масала ўрганилиб, тегишли доимий комиссияларга тақдим этилган. Доимий комиссияларда ҳозиргача уларнинг 100 га яқини кўриб чиқилди, 50 га яқини эса сессияларда муҳокама қилинди. Айтиш жоизки, бу борада, айниқса, Сурхондарё, Фарғона ҳамда Тошкент вилоятларидаги депутатларимиз фаоллик кўрсатиб ­келяпти. Энг муҳими, аҳоли бандлиги, соғлиқни сақлаш, сервис хизмати йўналишларида учраётган хато ва камчиликлар, аҳолини ўйлантираётган масалаларга ечим топилмоқда.

Сўнгги йилларда Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш кон­цепция­си ғоялари асосида қатор қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилгани ҳаммамизга маълум. Бу билан депутатларнинг ҳуқуқ ва ваколатлари ҳам кенгайди. Аҳамиятли томони, улар ана шу имкониятлардан фойдаланиб, депутатлик сўрови, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари ҳисоботларини эшитиш механизмидан унумли фойдаланмоқда.

Таҳлилларга кўра, шу йилнинг ўтган даври мобайнида маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига 2500 га яқин депутатлик сўрови юборилган бўлса, уларнинг 90 фоиздан ортиғи ижобий ечим топди. Мисол учун, халқ депутатлари Хонобод туман Кенгашига сайланган Сарвинисахон Эргашева мурожаати асосида 2 нафар касб-ҳунар коллежи битирувчисининг бандлиги таъминланди. Фар­ғона вилоят Кенгаши депутати ­Акрамжон Юлбарсовга Боғдод туманида яшовчи болаликдан ногирон Дилором ­Жумаева ва Ўлмасхон Парпиеванинг ногиронлик аравачаси олишда ёрдам сўраб қилган мурожаатлари мутасадди ташкилотлар кўмагида  ҳал қилинди.

Албатта, бугунги кун талабига жавоб бериш учун депутатларимиз янада кўпроқ ишлаши, ечимини кутаётган масалаларни мунтазам ўрганиши ва асосли таклифлар тайёрлаб бориши лозим. Лекин ҳамма депутатларни бу борада фаол, деб бўлмайди. Қорақалпоғистон Республикасининг Шуманай, Бухоро вилоятининг Олот, Жиззах вилоятининг Зарбдор, Навоий вилоятининг ­Конимех, Наманган вилоятининг Мингбулоқ, Сирдарё вилоятининг Мирзаобод, Хоразм вилоятининг Шовот туманлари, Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳар Кенгашларидаги депутатларимиз шу кунгача доимий комиссия ва сессиялар муҳокамасига масала киритмаган. 

Биз бир ҳақиқатни унутмаслигимиз керак. Бугун одамлар кечагидан фарқ қилади. Сайловчилар ишимизни, фаолиятимизни кузатиб турибди. Депутатларимизнинг ташаббусларига қараб жамоатчилик партиямиз фаолиятига баҳо беради.

Шу ўринда депутатлар фаоллигини ошириш учун нималарга аҳамият бериш ҳақида фикр юритишимиз муҳимдир. Аввало, партия ташкилотлари ва депутатлар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашимиз лозим, деб ўйлайман. Айтайлик, Жамоатчилик қабулхонасига мурожаат келиб тушди. Қабулхонадаги масъул вакиллар масалани ҳал қилиш билан чекланмаслиги керак. Ўша ҳудуддан сайланган депутатга мурожаат қилиб, биргаликда муаммонинг келиб чиқиш сабабларини чуқур ўрганиши, керак бўлса, уни халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари муҳокамасига олиб чиқиши зарур. Чунки бугун кимнидир ўйлантирган масала эртага бошқа бировни ҳам безовта қилиши мумкин.

Шунингдек, депутатларнинг сайлов округи бўйича ишини тизимли ташкил этишга эришиш ҳам долзарб масаладир. Ҳар бир депутат сайловчилар билан мунтазам учрашиб туриши, бу масалада биринчи навбатда бошланғич ташкилотлар, ҳудудий партия кенгашлари ташаббускор бўлиши керак.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, сайловчилар билан юзма-юз мулоқотда бўлиб, одамларнинг кайфияти ва фикрини мунтазам ўрганиб бориш депутатлик фаолияти кучайишида долзарб аҳамият касб этади. Ҳаёт ўзгариб, кундан-кунга олдимизга янги талаблар қўймоқда. Шундай муҳим шароитда ишимизга, депутатлик масъулиятига виждонан ёндашиб, талабчанликни ошириш асосий вазифамиз ҳисобланади.

 

Акмал ТУРСУНБОЕВ,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши сектор мудири.



DB query error.
Please try later.