29.10.2015

МАҲАЛЛИЙЛАШТИРИШ ДАСТУРИ

ишлаб чиқариш, тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш, миллий иқтисодиётни таркибий ўзгартиришнинг муҳим омилидир

Жаҳонда ҳамон давом этаётган молиявий-иқтисодий инқироз эртасини ўйлаган ҳар бир давлатдан миллий иқтисодиётни тубдан ислоҳ этиш, саноатининг устувор тармоқларини белгилаш, уларда таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификациялаш жараёнларини амалга оширишни талаб этмоқда.

Хусусан, 2015-2019 йилларда тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури республикамиз тараққиёти учун муҳим бўлган ривожланиш босқичларидан бири ҳисобланади.

Мухбиримиз Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги Маҳаллийлаштириш дастурларини шакллантириш ва мониторинг бўлими бошлиғи Феруз Раҳматов билан ушбу дастур ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида суҳбатлашди.

— Аввало, ўтган давр мобайнида Маҳаллийлаштириш дастури бўйича қандай натижаларга эришилгани ҳа­қида тўхталсангиз.

— Хабарингиз бор, Маҳаллийлаштириш дастури мамлакатимизда 2000 йилда ишлаб чиқилиб, шундан буён амалга оширилиб келинмоқда. Бу даврда умумий баҳоси 4 миллиард АҚШ долларидан зиёд 2500 лойиҳа амалга жорий этилди. Натижада 4 минг турдан ортиқ саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди ва йилига 6,2 миллиард АҚШ доллари миқдорида импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Бу маҳсулотлар сирасига нефть ва газ ускуналари, самосвал ва кранлар, технологик асбоб-ускуналар, озиқ-овқат саноати учун кичик ускуналар, замонавий полимер ва пласт­масса буюмлари, калий ўғитлари, электродвигатель, юқори технологиядаги кабель ва сим маҳсулотлари, спорт анжомлари, маиший техникалар, энергияни тежовчи ёритиш мосламалари, қурилиш ва пардозлаш материаллари, тўқимачилик ва чарм маҳсулотлари, шунингдек, саноатнинг бошқа тармоқларидаги ярим тайёр маҳсулотлар ва бошқалар киради.

Импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми 220 марта ошган бўлиб, сўнгги 10 йил мобайнида саноат ишлаб чиқариш ҳажмидаги маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар улуши 9,2 фоиздан 20 фоизга ўсди.

Бу борадаги ишлар 2015-2019 йилларда тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури доирасида изчил давом эттирилмоқда.

— Маҳаллийлаштириш дастури асосида фаолият кўрсатаётган хўжалик юритувчи субъектларга давлат томонидан яратилган шарт-шароитлар нималардан иборат?

— Маҳаллийлаштириш дас­турига киритилган корхоналар уч йилгача бўлган муддатга ягона солиқ тўлови, мулк ва фойда солиғи ҳамда божхона тўловлари тўлашдан озод этилади. Ўйлайманки, бу ўз бизнеси ва тадбиркорлик фаолияти орқали янги иш ўринлари яратишни режалаштираётганлар учун жуда катта имтиёздир.

—          Маҳаллий корхоналарга Дастур доирасида ўзлаштиришга тавсия этиладиган маҳсулотлар турлари ҳақи­даги маълумотларни қаердан ва қай тартибда олиш мумкин?

— Президентимизнинг Саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материал­лар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни янада чуқурлаштириш тўғрисидаги қарорига асосан, янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилишини жойлаштириш ва ташаббус кўрсатиш механизми жорий этилган.

Иқтисодиёт, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвес­тициялар ва савдо вазирликлари ва бош­қа ваколатли органлар маҳаллий табиий хомашё ресурс­лари, импорт ҳажми ва таркибини чуқур таҳлил қилиш орқали мамлакатимизда юқори талабга эга устувор тармоқларда ўзлаштирилиши лозим бўлган маҳсулот турларини аниқлайди.

Ушбу таклифлар Иқтисодиёт вазирлиги томонидан вазирликлар, хўжалик юритувчи субъектлар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига, Ўзбекистон Савдо-саноат палатасига ўрнатилган тартибда юборилади. Шунингдек, таклифлар Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси дирекцияси томонидан www.cooper.uz — Интернет тармоғига ҳамда Иқтисодиёт вазирлигининг www.mineconomy.uz — расмий сайтига жойлаштирилади. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга ички бозоримизда мавжуд бўлган тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материалларга бўлган талаб, шунингдек, уларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштирганда давлат томонидан кўрсатиладиган ёрдам ҳақида маълумотлар тўғридан-тўғри ҳамда билвосита етказилади.

Ушбу тартибнинг жорий этилиши тадбиркорлик билан шуғулланишни ва инвестиция киритишни хоҳлаган ташаббускорларга бозорда юқори талаб мавжуд бўлган маҳсулотлар рўйхатини қўшимча ўрганишларсиз тайёр ҳолда кўриш ва ўз салоҳиятидан келиб чиқиб уларни ўзлаштиришда қўл келмоқда. Алоҳида таъкидлаш лозимки, бундай имконият ва имтиёзларни бозор муносабатлари тобора такомиллашаётган унча-мунча давлат тажрибасида учратмайсиз...

— Анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасининг аҳамияти тўғрисида ҳам сўзлаб берсангиз.

— Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасида мамлакатимизнинг барча тармоқлари ва етакчи корхоналари иштирок этади. Фармацевтика, қурилиш материаллари саноати, енгил саноат, автомобилсозлик, машинасозлик, озиқ-овқат ва электротехника саноати шулар жумласидан. Бунда иштирокчилар ўзларининг ишлаб чиқараётган ёки ўзлаштирилиши режалаштирилаётган маҳсулотлар, шунинг­дек, саноат кооперацияси орқали маҳаллийлаштиришга таклиф қилинаётган маҳсулотлар турлари ҳамда ҳамкорлик қилишга таклиф этиладиган истиқболли лойиҳалари билан қатнашади. Шу билан бирга, ушбу тадбирда республиканинг барча ҳудудлари ўзларида мавжуд, бироқ ҳали талаб даражасида фойдаланилмаётган иқтисодий, молиявий, меҳнат ресурсларидан фойдаланиш салоҳияти билан таништиради ва ҳудудда амалга ошириш учун истиқболли лойиҳаларни таклиф этади.

Юртимизда ушбу Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси анъанавий ўтказилишининг қатор афзалликлари мавжуд бўлиб, улар асосан қуйидагилардир:

Авваламбор, бир вақтнинг ўзида мамлакатимизнинг саноат салоҳияти билан танишиш имконияти мавжуд. Демоқчимизки, барча саноат тармоқлари ва етакчи корхоналар ўз маҳсулотлари билан «Ўзэкспомарказ» залларида жойлашган. Иккинчидан, ортиқча оворагарчиликсиз ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиш, яъни бир жойнинг ўзида маҳаллий маҳсулотларни олди-сотди ва етказиб бериш шартномаларини тузиш, биргаликда янги лойиҳалар амалга ошириш тўғрисида келишиб олиш учун қулай шарт-шароит мавжуд. Учинчидан, тадбирда ҳамкорлик қилиш истаги бўлган чет эллик инвесторларнинг қатнашиши, яъни инвестицион ҳамкорлик имкониятлари ва йўналишларини аниқлаш, маҳаллийлаштириш кўзда тутилган саноат тармоқларининг тақдимотлари ўтказилиши орқали уларни қизиқтирган барча саволларга ўша жойнинг ўзида атрофлича жавоб ва тушунтиришлар берилади. Тўртинчидан, «Ўзэкспомарказ»да барча хизмат кўрсатувчи институтлар вакиллари — банклар, суғурта ва лизинг компаниялари, фонд биржаси ва товар-хомашё биржаси, Савдо-саноат палатаси ва бошқа ташкилотлар текин хизмат кўрсатиш ва маслаҳат беришга тайёр турадилар.

Бундан ташқари, яна бир муҳим жиҳат шундан иборатки, Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасида тузилган шартномалар республикамизнинг барча корхоналари учун қўшимча тендерлар ўтказмасдан амалга оширилади.

Хулоса қилиб айтганда, бугунги тараққиёт жараёнида ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш мамлакатимиз иқтисодий ўсиши ва иқтисодиётини таркибий жиҳатдан ўзгартиришнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.

 

Обиддин МАҲМУДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.