29.10.2015

ОЗИҚ-ОВҚАТ СИФАТИ ВА ХАВФСИЗЛИГИ

билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди

Ер юзида аҳоли сонининг ўсиши, иқтисодий тангликлар, иқлим шароитининг ўзгариши ва бошқа омиллар сабабли инсониятнинг озиқ-овқат маҳсулотларига талабини қондириш тобора қийинлашмоқда. БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ҳамда Бутунжаҳон Соғлиқни Сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳозирги вақтда дунёда 840 миллиондан ортиқ киши, яъни деярли ҳар 8 одамнинг бири тўйиб овқатланмаяпти, 30 фоиздан зиёди эса тўлақонли равишда овқатланмаслик, организмида энг асосий микроэлемент ва витаминлар етишмаслиги муаммосини бошидан кечирмоқда. Бунинг оқибатида дунёдаги 160 миллиондан ортиқ болада бўй ўсиши, жисмоний ва интеллектуал ривожланиш билан боғлиқ жиддий камчиликлар кузатилмоқда.

Аҳоли сони тез кўпайиб бораётгани, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш имкониятлари чекланаётгани сабабли кўплаб мамлакатларда аҳолини сифатли озиқ-овқат билан таъминлаш масаласи асосий муаммога айланмоқда. Ўзбекистонда мустақиллик йилларида ушбу соҳада жуда катта ютуқлар қўлга киритилди, жумладан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ишлаб чиқариш ҳажми икки баробар ортди.

Президентимиз раҳнамолигида аҳолини ­сифатли, зарур микроэлементларга бой озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида озиқ-овқат саноати корхоналарида ­хомашё базасини янада мус­таҳкамлаш, қайта ишлаш соҳасини модернизация қилиш, маҳсулотлар турларини кўпайтиришга жиддий эътибор қаратиляпти.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар ҳамда Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмиталари томонидан «Озиқ-овқат хавф­сизлиги: ютуқлар, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари» мавзуида ўтказилган конференцияда бу борадаги ислоҳотлар ҳақида батафсил ахборот берилди.

Тадбирда мамлакатимиз аҳолисини хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш орқали хал­қимиз саломатлиги, миллий генофондини янада мустаҳкамлаш, соғ­лом ов­қатланиш маданиятини ўстириш ҳамда мазкур йўналишдаги чора-тадбирларни кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Сўзга чиққанлар соҳанинг ҳу­қуқий асосларини янада такомиллаштириш ҳамда мутасадди вазирлик, идоралар масъулиятини кучайтириш юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Таъкидландики, озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш устувор йўналишлардан биридир. Бугунги кунда мазкур соҳа «Озиқ-овқат маҳсулотининг ­сифати ва хавфсизлиги тўғрисида»ги, «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида«ги, «Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида»ги, «Стандартлаштириш тўғрисида»ги ҳамда «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги ва бошқа қонунлар билан тартибга солинмоқда.

Бундан ташқари, озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш, қайта ишлаш, экспорт ҳажмини ошириш, ички бозорни тўла таъминлаш ҳамда замонавий технологиялар асосида интенсив боғлар барпо этишни янада кенгайтиришга қаратилган бир қатор қарорлар, аниқ манзилли чора-тадбирлар дастурлари ишлаб чиқилди. Ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларнинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар сони 10 мингдан ортиқни ташкил этяпти. Бу кўрсаткич 1991 йилга нисбатан 10 баробарга ўсган. Шу билан бирга, охирги йилларда аҳолининг овқатланиш сифати анча яхшиланди, истеъмол қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотларининг таркиби ўзгарди.

— Бугун бутун дунёда озиқ-ов­қат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши аҳоли сони ва эҳтиёжларининг ўсишидан орт­да қолмоқда, — дейди Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси ­раиси, Ўзбекистон ХДП фрак­­ц­и­я­­си аъзоси Ёқуб Умаров. — Шу маънода озиқ-овқат хавфсизлиги муҳим масала ҳисобланади. Мамлакатимизда бу борадаги ислоҳотларни чуқурлаштириш, озиқ-ов­қат маҳсулотлари турини кўпайтириш ва ички бозорни юртимизда ишлаб чиқарилаётган ­сифатли товарлар билан тўлдириш ишлари изчил давом эттирилаётгани ўз самарасини бермоқда.

Масалан, жорий йилнинг 9 ойи якунида озиқ-овқат саноатида ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 125,8 фоиз ўсди, жумладан, қандолатчиликда бу кўрсаткич 228,9, маргарин маҳсулотлари ишлаб чиқаришда 178,8, шакар маҳсулотлари ишлаб чиқаришда 141,3 ҳамда сут ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришда 117,5 фоизни ташкил этди. Бундай ижобий кўрсаткичлар, аввало, деҳқон ва фермерларнинг фидойи меҳнати, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун яратиб берилаётган шарт-шароитлар, имтиёзлар ва соҳа қонунчилиги такомиллашиб бораётгани билан изоҳланади.

— Маълумотларга кўра, бугунги кунда ривожланаётган мамлакатларда бир киши учун тавсия этилган кундалик 400 грамм ўрнига жуда кам миқдорда — бор-йўғи 150-200 грамм мева ва сабзавот истеъмол қилинади, — ­дейди Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Саттор Раҳматов. — Халқ­аро диетологларнинг тавсиясига кўра, инсон истеъмол қиладиган озиқ-овқатнинг камида 50 фоизини мева ва сабзавотлар ташкил этиши зарур. Айтиш керакки, бизда бу борада катта имконият бор. Мамлакатимизнинг табиий иқлими ва унумдор тупроғида инсон организми учун фойдали мева ва сабзавотлар етиштирилади. Буни бугун хорижлик олимлар ва мутахассислар ҳам эътироф этишяпти. Демак, қишлоқларда томорқа ерларидан янада самарали фойдаланиб, мева ва сабзавотларни янада кўпроқ етиштириш ва истеъмол қилишга жиддий эътибор қаратиш зарур, деб ўйлайман.

Конференцияда депутатлар эришилган ижобий натижалар билан бир қаторда, соҳадаги айрим камчиликларга ҳам эътибор қаратишди. Хусусан, озиқ-овқат саноатида инновация лойиҳаларини кўпайтириш, импорт ўрнини босувчи маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши ҳамда соҳада илмий изланиш ва тадқиқотлар олиб борилишини янада рағбатлантириш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Шунингдек, «Озиқ-овқат маҳсулотининг ­сифати ва хавфсизлиги тўғрисида»ги, «Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси тўғрисида»ги ва бошқа қонунларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар билдирилди. Конференцияда соҳани янада ривожлантириш билан боғлиқ тавсиялар ишлаб чиқилди.

Конференцияда Қонунчилик палатаси депутатлари билан бирга мутасадди вазирлик, идораларнинг масъул ходимлари ва мутахассислари ҳамда олимлар иштирок этди.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.